“Саодат” журнали 100 ёшда

17:36 15 Декабрь 2025 Жамият
242 0

Пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи” мажмуасида ўзбек аёлларининг улуғворлиги, нафосатию адабий майдондаги интилишларини ифодалаб келаётган “Саодат” журналининг 100 йиллигига бағишланган маърифий кеча бўлиб ўтди. Унда ёзувчи-шоирлар, давлат ташкилот ва идоралари ходимлари, ёш ижодкорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари жам бўлди.

Тадбир аввалида йиғилганлар эътиборига таҳририятнинг босиб ўтган шонли йўлини акс эттирган видеолавҳа ҳавола этилди. Шундан сўнг бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқиб, журналнинг мамлакатимиз ижтимоий-маърифий ҳаётини мустаҳкамлаш, аёллик олами ва оила шаънини асраш, шунингдек, адабий қадриятларни келажак авлодларга етказишдаги аҳамияти борасида сўз юритди.

Юртимизда аёл қадр-қимматини янада ошириш, айниқса, ижодкор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда истеъдодли хилқат эгаларининг қалб ойинаси бўлаётган нашрларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳар қачонгидан кучайган. Ушбу кечада журнал жамоасига давлат раҳбари совғаси ўлароқ “BYD CHAZOR” автомобили топширилгани ҳам сўзимизнинг далилидир.

Қайд этиш жоизки, аёлнинг буюклиги ва ҳамиша юксак марралар томон одимлаши “Саодат”нинг бош мавзуси бўлиб келган. Халқимиз бугун чин қалбдан ва самимий ғурур туяётган нашр саноқсиз ижодкорларга илҳом манбаи бўлган, десак, муболаға эмас.

Маълумки, журналнинг илк сони 1925 йилда “Янги йўл”, 1936 йилда “Ёрқин турмуш”, “Ёрқин ҳаёт” номлари остида чоп этилган. Ундаги материаллар тобора фаоллашаётган Ўзбекистон аёллари ҳаётининг кўзгусига айланган. 1941 йилда нашр тўхтаб қолган. 1950 йилда эса “Ўзбекистон хотин-қизлари” номи билан ўқувчилар қўлига етиб борган. 1966 йилдан хотин-қизларимизнинг интилишлари ва юрак амрига ҳамоҳанг шаклда “Саодат” деб номланган. Ҳа, юу пайтгача журнал миллионлаб хонадонларга кириб борди, ҳақиқий маърифат чашмаси ҳамда муштарийларнинг ҳаммаслагига айланди.

Нашр тарихига назар ташласак, унга бир аср давомида Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган аёллари, ёзувчи ва жамоат арбоблари раҳбарлик қилганига гувоҳ бўламиз. Журналда Зулфияхоним, Ойдин Собирова, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Феруза Жалилова каби кўплаб таниқли ижодкорлар фаолият олиб борган. “Саодат” жамоаси бугун ҳам ўқувчиларига содиқ, журнал анъаналарига садоқат билан ишламоқда. 

— Ватанимиз истиқлоли журналимизга янгича нафас бағишлади. “Мустақил Ватан таянчлари”, “Тадбиркорлик калити”, “XXI аср аёли”, “Огоҳ бўлинг, одамлар”, “Аёл ва сиёсат”, “Маънавият бекати”, “Жаҳонга машҳур хонимлар” каби рукнлар остида таҳлилий, маърифий, танқидий руҳдаги мақолалар берила бошлади, — дейди журнал бош муҳаррир ўринбосари Феруза Орипова. — Шунингдек, “Илк қадам”, “Суюнчи”, “Кўнгилнинг нозик сирлари”, “Уйингизда қиз ўсяпти” каби саҳифалар ташкил этилди. Бугун ҳам зиммамизда турган вазифа нашримиз мавзуларини янада бойитиш, халқимизга ўқишга арзийдиган ва фойдали материалларни етказишдан иборат. 100 йиллик тўйимиз билан қутлаб келган ҳамкасбларимиз ва дўстларимизга катта раҳмат. Зеро, уларнинг қўллаб-қувватлови бизга янада куч-ғайрат бағишлайди.

Кеча давомида аёлнинг сержилва дунёси, меҳридарё қалби ва туганмас зиёсини улуғлаган куй-қўшиқлар янграб, қатнашчиларга байрамона шукуҳ бағишлади.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?