Самарқандда Хоразм тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш бугунги даврнинг энг долзарб масалаларидан биридир. Президентимиз раислигида жорий йилнинг 7 ноябрь куни мазкур масалаларга бағишланган йиғилишда кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаётгани, бу кўрсаткич Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 2-3 баробар юқори эканлиги таъкидланди. Хоразмда 92 нафар деҳқон замонавий насос ўрнатиб, электрни 20 фоиз тежамоқда. Улар қуёш панели ўрнатиш ҳисобига эҳтиёжидан ортган электрни давлатга сотиб, ойига қўшимча 7-8 миллион сўм даромад оляпти.
Самарқанд вилоятида ҳам Хоразм тажрибаси асосида қишлоқ хўжалигида электр энергиясини тежаш, муқобил энергия ресурсларидан фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда. Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли 94 та насос станцияси ҳамда 453 та суғориш, 46 та мелиоратив тик қудуқ бор. Ушбу насос станцияларида ўрнатилган 376 та агрегат ёрдамида вилоятдаги қарийб 70 минг гектар майдон суғорилади. Жорий йилда ушбу насос станциялар ва тик қудуқларни ишлатиш учун давлат томонидан 163,7 миллион кВт электр энергияси лимити ажратилди.
— Жорий йилда насос станциялар эксплуатацияси давомида электрни тежаш, агрегатлар ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида самарадорлиги юқори бўлган 9 дона насос ускунаси ва 17 дона электр двигатель, 15 дона реактив энергияни компенсацияловчи конденсатор қурилмаси ўрнатилди, — дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Шокир Раҳмонов. — Шунинг ҳисобига 780 минг киловатт соат электр энергияси иқтисод қилишга эришилди. Насос станцияларда электр энергиясини тежаш учун 16 та электр двигатель, 8 та конденсатор қурилмаси, 7 та частота ўзгартирувчи қурилма, 12 та 5 кВт қувватли қуёш панеллари, 310 дона энерготежамкор ЛЭД лампалар ўрнатилиши белгиланган. Тадбирлар натижасида 1300 минг кВт соат электр энергияси тежалишига эришилади.
Бугунги кунда электр энергиясини тежаш, муқобил энергия ресурсларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш мақсадида кўплаб инновацион ечимлар ишлаб чиқилган. Ишланмалар орасида қуёш нуридан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш ва уни сув олишга сарфлаш энг камхарж ечимлардан бўлиб қолмоқда.
Электр энергиясининг нархи ошиши қўшимча харажатларни келтириб чиқаради. Бунинг учун вилоятдаги сув хўжалиги объектларида муқобил энергияни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозиргача 18 та бино-иншоотда қуёш панеллари ўрнатилди. Бу объектларни тўлиқ электр энергияси билан таъминлай олмаса-да, харажатларни камайтиришга ёрдам беради.
Ҳозиргача бу технология юқори ҳажмда электр энергияси талаб этадиган ва катта майдонга сув етказиб берадиган лойиҳаларда қўлланилмаганди. Хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда Пайариқ туманида ана шундай лойиҳа синов тариқасида амалга оширилди.
Хитойнинг “ZHEJIANG TIANCI NEW ENERGY TECHNOLOGY” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда тумандаги “Минг чуқур” насос станциясига қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди. Шу билан бирга насос ускуналарини янгилаш ишлари ҳам амалга оширилди. Ушбу тадбирлар учун хитойлик инвесторлар томонидан 669,2 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиб, 231 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган қуёш панеллари, 2 дона насос агрегати ўрнатилиб, насос станцияси биноси қурилиш ишлари бажарилди.
— Бу ҳозирча вилоятда ягона лойиҳа ҳисобланади, — дейди Пайариқ тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси бошлиғи Маҳмуд Ибрагимов. — Бу лойиҳа синов бўлгани учун эски насос станциясининг ёнида, 30 сотих майдонда ўрнатилди. Аввалги станция ҳам, янги фотоэлектрик станция ҳам ишлаши мумкин. Қуёш панеллари батареясиз, фақат кундузи ишлайди. Эски станцияга нисбатан 30-40 фоиз кўп сув чиқариш имконига эга. Агар зарурат бўлса, кечаси учун эски станция хизматидан фойдаланишимиз мумкин. Янги станцияда синов ишлари бажарилди. Баҳорги мавсумда деҳқонларимизга сув етказиб беришни бошлаймиз. Агар мазкур лойиҳа ўзини оқласа, кейинчалик тумандаги “Сувчи” ва “Деҳқонобод” насос станцияларига ҳам қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган.
Янги станциянинг электр энергия сарфи бир йилда 345,3 минг кВт дан 305,0 минг кВтга пасайтирилиб, 40,3 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинади. Барпо этилган қуёш фотоэлектр станцияси йилига 368,6 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқариши натижасида электр энергияси харажатларини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ тежалади.
Аҳамиятлиси, сув чиқариш имконияти бир суткада 33,9 минг метр кубдан 38,9 минг метр кубга кўпаяди. Электр энергиясининг узлуксизлиги натижасида сув етказиб бериш 2,1 миллион метр кубдан 2,9 миллион метр кубга оширилади. Суғориш мавсумида 371 гектар майдондаги экинларнинг сув таъминоти яхшиланишига эришилади.
Келгуси йилларда Пайариқ туманидаги “Сувчи”, Булунғур туманида “Дўстлик”, Ургут туманида “Хўжайдуқ-2” ва “Илонли”, Пахтачи туманидаги “Пахтакор” насос станцияларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш ва станцияларни янгилаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Бу фермер хўжаликлари ва тадбиркорларнинг харажатларини камайтириб, даромадларининг ошишига хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг