Самарқандда ҳам сайлов уюшқоқлик билан ўтмоқда

10:58 27 Октябр 2024 Жамият
161 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Бугун эрталаб соат 8:00 дан Самарқанд вилоятидаги 1130 та та сайлов участкасида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошланди.

«Менинг танловим — обод Ватаним» шиори остида ўтказилаётган сайловга бутун мамлакатимизда бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам катта тайёргарлик кўрилди. Вилоят бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 2 миллион 156 минг 264 нафар сайловчи киритилган бўлиб, уларнинг 49 минг нафари илк бор овоз беришда иштирок этади.

16-23 октябрь кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида вилоят бўйича 181 минг 925 нафар сайловчи бу имкониятдан фойдаланди.

— Вилоятимизда 16 туман ва шаҳар сайлов комиссияси, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та округ сайлов комиссияси ҳамда 1130 та сайлов участкаси тузилган, — дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиев. — Барча даражадаги комиссиялар ўз фаолиятини Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари асосида олиб бормоқда. Айни пайтда вилоятимиздаги сайлов участкаларининг ҳаммасида овоз бериш жараёнлари кўнгилдагидек ўтмоқда. Участка сайлов комиссияларига 12 минг 144 нафар фуқаро жалб этилган. Уларнинг 54 фоизини 21 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этади.

Аҳамиятлиси, сайловга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, сайлов участкаларига Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкаларида оптик лупалар етказилди. Участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ёки «ёрдамга чақириш» тугмаси билан жиҳозланди.

Сайлов жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида вилоятнинг туман ва шаҳарлари ҳудудидаги тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видеокамералар ўрнатилган.

Сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Сайлов жараёнларини ёритиш мақсадида вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг 86 нафар ходимлари Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган. Жойларда ҳудудий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган сиёсий партиялардан 5 минг 650 нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 1130 нафар кузатувчи иш олиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловининг боришини кузатиш мақсадида юртимизга келган халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар Самарқанддаги сайлов жараёнлари, сайлов участкаларида овоз беришни ташкил этиш учун яратилган имкониятлар билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишмоқда.

— Ўзбекистонда ўтказилаётган парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этяпман, — дейди ҳиндистонлик кузатувчи Арчана Упадҳьяй — Таъкидлаш керак бўлган алоҳида жиҳат — бу мамлакатингиздаги аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқилиги. Буни фақат сайловларда эмас, барча соҳаларда ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳиндистон демократик сайлов тизимига эга ва бунга 75 йил давомида эришган. Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда ўтказилаётган сайловлар кўрсаткичларидан кўриш мумкинки, бу жуда катта натижа. Самарқандга биринчи бор келишим, эшитганларимдан ҳам кўпроқ ва яхшироқ таассуротларга эга бўлдим. Гўзал тарихий шаҳар, одамларнинг меҳмондўстлиги менга жуда маъқул бўлди.

Сайлов давом этмоқда. Овоз бериш жараёнлари фуқароларнинг фаоллиги остида ўтяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?