Самарқандда чигит экиш авжида

16:31 09 Апрель 2020 Жамият
2341 0

Архив фото

Самарқанд вилоятида 2020 йил ҳосили учун чигит экиш мавсуми белгиланган чора-тадбирлар асосида уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Жорий қишлоқ хўжалик мавсумида самарқандлик деҳқонлар 75 минг 580 гектар ер майдонига чигитнинг Бухоро-102, С 82-86, Омад, Султон, Порлоқ-1 сингари маҳаллий иқлим шароитига мос, эртапишар навларини экишни режалаштиришган. Ана шу мақсадда 168 та ер тайёрлаш ва экиш отрядлари ташкил этилди. Ушбу отрядларга 2 минг 97 дона ер тайёрлаш техникалари, 11 минг 38 дона тишли борона, 153 дона ер текислагич ва 1 минг 40 дона чигит экиш сеялкаси бириктирилган.

- Бундан ташқари жорий хўжалик йилида чигит экиш мавсумида минерал ўғит ташиш учун 879 дона ва ёқилғи мойлаш материалларни етказиб берадиган 116 дона кўчма агрегатлар иштирок этиши режалаштирилган,-деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуйи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Каримов. — Чигит экиш мавсумини қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш мақсадида 5 минг 600 тонна уруғлик чигит кимёвий воситалар билан дориланган ҳолда тайёрланди. Шунингдек,пахта тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан 77 та чигит тарқатиш шохобчалари мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

2020 йил ҳосили учун пухта замин ҳозирлаш борасида 915 та чигит ивитиш хандақлари, 966 та тагликлар, 304 та махсус идишлар, 124 та тарози ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланган.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан баҳорги агротехник тадбирларга тайёргарлик ишлари, мавсум давомида иштирок этадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техника воситаларининг техник ҳолати кўздан кечирилиб, тегишли сертификатлар берилган.

Вилоятда 2020 йил пахта ҳосили учун 44 минг 144 гектар ер майдони чигит экишга тайёрланган бўлиб, бир кунда ўртача 2 минг гектардан ортиқ ер сифатли тарзда чигит экишга ҳозирлаб бориляпти.

Жорий йилнинг 9 апрелига қадар 5 минг гектардан ортиқ ер майдонига чигит экилган бўлиб, бир кунда ўртача минг гектардан зиёд ер майдонига барака уруғи қадалмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер