Сайёҳларнинг севимли маскани Майданак

17:55 23 Октябр 2025 Жамият
289 0

Қамаши туманининг Майданак баланд тоғ платосида жойлашган Майданак обсерваторияси ноёб туристик объектлардан бирига айланмоқда. 1970 йилда Майданак баланд тоғ платосининг денгиз сатҳидан қарийб 2700 баландликдаги икки чўққисида иккита обсерватория барпо этилганди. Улар нафақат технологик имкониятлари, балки ҳудуддаги астроиқлимининг ноёблиги бўйича ҳам жаҳоннинг энг олди обсерваторияларидан ҳисобланади. Айни пайтда Майданак тоғининг ғарбий қисмида жойлашган асосий обсерваторияда илмий изланишлар давом этаётган бўлса, шарқий қисмдаги иккинчи обсерватория узоқ йиллардан буён фаолият юритмаётганди.

2023 йилнинг 24-25 октябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Майданак обсерваторияси жойлашган ҳудудда туризм зонасини барпо этиш бўйича берган топшириқларига асосан фаолияти тўхтаб қолган иккинчи обсерваторияни қайта таъмирлаб, астротуристик объектга айлантириш, ҳудудда йирик сайёҳлик мажмуасини барпо этиш бўйича ишлари бошлаб юборилди. Натижада туман марказидан 80 чақирим узоқликда, баланд тоғ чўққилари ортида жойлашган бу ҳудуд гавжум масканга айланиб бормоқда.

– Илгари бу жойларга оддий транспорт воситасида келишнинг имкони бўлмаган, – дейди тадбиркор Баҳром Ашуров. – Майданак туризм зонасини қуриш бўйича лойиҳалар илгари сурила бошлангач, аввало ҳудудга олиб келадиган йўлларда кенг қамровли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тоғ йўлларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит яратилди. Бугун ҳудудга туристик хизматларни кўрсатиш учун сармоя киритаётган тадбиркорлар сони ҳам, сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда. Биз ҳам ўтган йили Майданак обсерваториясига олиб борадиган йўл бўйидан жой олиб, ўтов уйлар барпо этгандик. Биринчи йил мижозлар анча кам бўлса, жорий мавсумда уларнинг сони сезиларли даражада ошди. Чунки бу ердаги гўзал ва сокин манзара, тоза ҳаво, ёзда ҳам доим эсиб турадиган салқин шабадани бошқа жойдан топиш қийин.

Туманнинг энг олис ҳудудларидан бири Катта ўра қишлоғидан ўтиб, тоғ чўққилари сари чиқиб бораркансиз, кўз ўнгингизда ҳудуднинг бетакрор манзараси намоён бўлади. Сайёҳлар оқими кўпаяётгани бу чекка ҳудудларда ҳам ҳаёт жонланаётгани, аҳолига тадбиркорлик қилиш, қўшимча даромад топиш имкониятлари кенгайиб бораётганидан қувонасиз.

– Ушбу маҳсулотларни аввал ҳам етиштирардик, аммо истеъмолдан ортиқчасини сотиш ҳақида ўйламаганмиз, – дейди шу қишлоқлик Азиз Назаров. – Чунки қишлоқда бу нарсалар ҳаммада бор, туман марказига олиб бориб сотиш эса қопламасди. Ҳозир кўпчилик йўл бўйига олиб чиқиб, сайёҳларга сотяпти. Бу бошланиши, туризм зонаси тўлиқ ишга тушгач, бизда бу турдаги тадбиркорлик янада ривожланишига ишончим комил.

Йўлда давом этарканмиз, ниҳоят Майданак тоғининг икки чўққисида қад ростлаб турган обсерваториялар кўзга ташланади. Улардан туризм объектига айлантирилаётган обсерватория. Айни пайтда бу ерда қурилиш-бунёдкорлик ишлари авжида. Айни вақтга қадар қарийб 60 гектарлик катта майдонни ўз ичига оладиган туристик зона ҳудудида иккита вертолёт қўниш майдончаси, 10 та бунгало, 10 та шале услубидаги коттежлар, 20 та капсула уйлар қурилиб, охирги пардозлар ишлари олиб борилмоқда. Зарур йўлаклар, тунги ёритиш чироқлари замонавий андозалар асосида барпо этилган. Сайёҳлар обсерваторияда мамлакатимизда астрономия илмининг ривожланиш тарихи билан танишиш, замонавий телескоплар ёрдамида осмон жисмлари ҳаракатларини кузатиш имкониятига эга.

– Обсерваториянинг биринчи қавати музейга айлантирилади, – дейди Майданак баланд тоғ туристик маркази бош мутахассиси Алишер Рўзиқулов. – Унга шу вақтга қадар соҳада қилинган ишлар тасвирланган фото суратлар ва бошқа экспонатлар жойлаштирилади. Иккинчи қаватимизда энг замонавий технологиялар асосида осмон жисмларининг жонли тасвирлари кўрсатилади. Сайёҳлар телескоп ёрдамида осмон жисмлари, сайёраларни ўзлари визуал кўз билан кўриш имкониятига эга бўлади.

Бугун Майданакда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларининг ҳажми ва қамровини кўриб, тез орада бу ҳудуд нафақат вилоят, балки мамлакатимиздаги энг йирик туризм масканларидан бирига айланишига амин бўламиз. Бунинг ортидан минглаб янги иш ўринлари яратилади. Ҳудуд иқтисодиёти катта даромад келтирадиган яна бир муҳим тармоққа эга бўлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер