«Роватак»ка ҳам тоза сув етиб келди
Ўрта Чирчиқ туманидаги «Роватак» маҳалласида аҳамияти жиҳатидан жуда долзарб лойиҳа фойдаланишга топширилди.
Аслида бу ҳудудда илгари ҳам ичимлик суви бўлган, лекин вақт ўтиши билан сув тортиш насосларининг ва қувурларининг эскириши, ишдан чиқиши, сув минораси металларининг чириши оқибатида анча вақтдан бери аҳоли тоза ичимлик суви таъминотидан бебаҳра эди.
Ўтган вақт мобайнида тумандаги бир қанча маҳаллаларга сув қувурлари тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Жорий йилда ҳам бу ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Ботартиб амалга оширилаётган бу жараёнда «Роватак» маҳалласига ҳам тоза ичимлик суви қувурларини тортиш кўзда тутилган эди. Бироқ, мавжуд барча имкониятдан фойдаланиш лозим.
2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган гранд танлови мана шундай имкониятни яратди. Унда Халқаро «Тадбиркор аёл» ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими «Роватак» маҳалласини тоза ичимлик суви билан таъминлаш» лойиҳаси билан қатнашди ва 150 миллион сўм маблағни ютиб олди.
– Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фуқаролик жамиятининг барча институтлари фаол иштирок этмоқда. Бунинг учун давлатимиз томонидан етарлича қулайлик ва имкониятлар яратилган. Халқаро «Тадбиркор аёл» ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими томонидан гранд маблағлари ҳисобидан маҳаллага тоза ичимлик сувининг етиб келгани мисолида ҳам бунинг амалий тасдиғини кўришимиз мумкин, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси Шоира Охунжонова.
Халқаро «Тадбиркор аёл» ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Сайёра Тошматова ҳамда унинг ўринбосари Башорат Нуруллаеванинг саъй-ҳаракати, лойиҳани амалга оширишга жалб этилган «SABITJAN NUMBER ONE» масъулияти чекланган жамияти ишчиларининг меҳнати натижасидирки, ҳудуддаги сув чиқариш минораси янгиланди, сув тортиш насоси ҳамда электр энергияси ҳисоблагичлари ўрнатилди, керак бўлганда, баъзи кўчалардаги занглаб, яроқсиз ҳолга келган қувурлар алмаштирилди. Энг муҳими, ушбу лойиҳага ажратилган 150 миллион сўмлик грант маблағининг 132 миллион сўми ушбу ишларни амалга ошириш, тоза ичимлик сувини чиқариш учун етарли бўлди. «Тадбиркор аёл» ассоциацияси эса лойиҳадан ортиб қолган 18 миллион сўм маблағни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қайтариб берди.
Мазкур лойиҳа маҳалладаги 1150 хонадоннинг 750 тасини, тахминан 3,5 минг кишининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириши кутилмоқда.
Лойиҳани фойдаланишга топшириш маросимида Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши Котибияти мудири Бахтиёр Баховутдинов ва туман Кенгаши депутати Ёқубжон Мусаев иштирок этди.
Отабек ИСРОИЛОВ, “Xalq soʻzi”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг