Россияда қийин аҳволда қолган она ва бола Ўзбекистонга қайтарилди

14:46 18 Февраль 2026 Жамият
265 0

Россияда қийин аҳволда қолиб кетган он ва бола Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Унда айтилишича, Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш бўйича навбатдаги кечиктириб бўлмайдиган амалий чора-тадбир амалга оширилган.

Маълум бўлишича, ёш она Россиянинг миграция қонунчилигини бузгани учун Новосибирск ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган ва Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Онанинг қиз фарзанди эса бу вақт давомида Новосибирскдаги «Оила» оила ва болаларга ёрдам кўрсатиш марказида, бош консул назорати остида бўлган.

Шундан сўнг, Бош консулхона дипломатларининг тезкор ҳаракатлари натижасида қизалоқ учун барча зарур ҳужжатлар олиниб, кеча, 17 февраль куни Новосибирск халқаро аэропортига олиб келинган ва у ерда онаси билан учраштирилган.

Шу куннинг ўзида она ва бола «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг «Новосибирск–Фарғона» рейси билан Ватанга қайтарилган.

«Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг хориждаги фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини халқаро мажбуриятлар ва қабул қилувчи давлатлар қонунчилигига риоя қилган ҳолда ҳимоя қилишга қаратилган изчил сиёсатини акс эттиради», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?