Ромитанда йирик лойиҳа амалга оширилмоқда

15:14 20 Август 2025 Жамият
114 0

Шу кунларда Ромитан туманидаги бир қатор маҳаллалар кўчалари бўйлаб қазиш ишлари олиб борилаётганини кўриш мумкин. Бу туманда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилаётганидан дарак беради.

— Маълумотларга қараганда, жами 334 километр узунликда ичимлик суви тармоқлари барпо этилади, — дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати М. Атоева. — Бу эса минглаб хонадонларни сифатли ичимлик сув билан таъминлаш имкониятини яратади. Турли касалликлар учраши эҳтимоли камаяди. Бугина эмас, ҳудудларда инфратузилма ҳам ривожланади.

    Хайрли юмуш Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОIIB) иштирокида бажарилмоқда. Режага кўра, туман маҳаллаларида сув тақсимлаш иншоотлари барпо этилади, мавжудлари реконструкция қилинади. Натижада об-ҳаёт таъминоти кескин яхшиланади. Бир қатор қишлоқларда эса илк бор водопровод жўмрагидан зилол сув оқади. Аҳолининг ташиб келтириладиган сувга эҳтиёжи қолмайди.

Осиё инфратузилма инвестициялари банкига келсак, у билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида 12 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунинг 7 таси ичимлик суви, 5 таси эса оқова сув йўналиши билан боғлиқ.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?