​Робототехника — хизматингизда

00:39 14 Январь 2019 Жамият
3189 0

Иллюстратив фото

Ҳаёт шиддат билан ўтиб боряпти. Компьютер ва робототехникалар туфайли ҳар куни кашфиётлар амалга оширилиб, ўзгаришлар юз бераётир. Ёшларнинг мазкур жараёнга муваффақиятли кириб бориши ва фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб талабларидан биридир. Ушбу тараққиёт йўли эса таълим муассасаларидан бошланади.

Мамлакатимизда компьютер технологиясини ўрганишга оид дарслик ва қўлланмалар истаганча топилади. Бироқ робототехника фанини ўргатиш ҳали етарли даражада йўлга қўйилмаган. Ҳолбуки, робототехникани ўзлаштирмасдан дунё тараққиётига интеграциялашиб, замонавий ютуқларга эришиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам умумий ўрта таълим ҳамда ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида робототехника алоҳида дарс сифатида ўқитилиши давр талабига айланиб улгурди.

Робототехника дарси қизиқарли бўлиши билан бирга, мактабларда физика, математика, информатика дарсларини чуқурроқ ўрганиш, ёшларнинг теран фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, жамият ҳаётида ўз ўринларини топишларида жуда катта аҳамиятга эга. Бу эса ўқувчиларда ушбу дарсларга меҳрни кучайтиради, қизиқишини орттиради, назарий билимларини амалиётга татбиқ этишда самарали натижалар беради ва энг асосийси, халқаро таълим тизими “STEM” — (Science, Technology, Engineering and Mathematics)нинг жорий қилинишида ўз ҳиссасини қўшади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан бу борада бир қатор муваффақиятларга эришилмоқда. Хусусан, пойтахтимизда “International Robotics Challenge” — халқаро робототехника мусобақаси уюштирилди. Юртимиз ёшлари Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада “Оригинал робот” номинацияси бўйича ғолиб чиқди. Айниқса, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази билан Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитаси (“International Robot Olympiad Committee”) ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзолангани улкан тарихий воқеага айланди.

Очиғи, юртимизда автоматлаштирилган технология бозори ҳали ривожланиш босқичида турибди. Айни пайтда саноат роботларига талаб кундан-кун ошиб бормоқда. Шу маънода, вазирлигимиз бир қатор давлатларнинг бу борадаги тажрибасини чуқур ўрганиб, юртимиз саноат робототехникаси соҳасига кенг татбиқ этиб келмоқда. Масалан, Жанубий Кореянинг ТЭГУ саноат робототехникасини автоматлаштириш маркази билан самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ҳозирги пайтда Жанубий кореялик дўстларимиз Ўзбекистонда технопарк ташкил қилиш қизиқишини билдиришмоқда.

Шуни қайд этиш лозимки, робототехника фанини таълим тизимига изчиллик билан жорий этиш келажакда ёшларнинг замон талабларига мос фикрлаш доирасининг шаклланишига замин яратади. Қолаверса, нафақат робототехника соҳаси, балки иқтисодиётнинг бошқа турли тизимлари ривожланишига ҳам кучли туртки беради.

 

Акбархон СОБИРХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер