«Реал Мадрид» плей-оффда ўйнайди, «Наполи» гуруҳда қолиб кетди

08:10 29 Январь 2026 Спорт
249 0

Кеча, 28 январь куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасида гуруҳ босқичининг сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Кун доирасида 18 та ўйин ташкил этилди ва барча баҳслар бир вақтнинг ўзида старт олди. Бу орқали УЕФА жамоаларнинг бир-бирининг натижасидан бохабар ҳолда ўйнашининг олдини олди.

Турдаги энг катта сенсация «Реал Мадрид» клубининг мағлубияти бўлди. «Қироллик клуби» ушбу турда Португалиянинг «Бенфика» жамоаси билан сафarda куч синашди. Ушбу ўйиндаги ғалаба «Бенфика» учун ҳам сув ва ҳаводек зарур эди. Бундан ташқари, Жозе Моуринью жамоасига икки тўп фарқи билан ғалаба қозониш талаб этиларди. Амалда ҳам шундай бўлди.

Учрашув 4:2 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланди. Ўйинда ҳисоб 30-дақиқада Килиан Мбаппе томонидан очилди. Орадан 6 дақиқа ўтиб, Андреас Шельдеруп ҳисобни тенглаштирди. Тайм сўнгида Вангелис Павлидис «Бенфика»ни олдинга олиб чиқди.

54-дақиқада Андреас Шельдеруп дублга эришди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, Килиан Мбаппе ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди.

Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар том маънода «ёнди». Дастлаб «Реал Мадрид» футболчилари — Рауль Асенсио қўпол ҳаракати учун, Родриго эса ҳакамга эътироз билдиргани сабабли майдондан четлатилди.

Майдон эгалари 90+7-дақиқада жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Жаримадан узатилган тўпни эса ҳужумга қўшилган жамоанинг украиналик дарвозабони Анатолий Трубин «Реал Мадрид» дарвозасига жойлаб қўйди ва жамоасига керакли ҳисобдаги ғалабани олиб келди.

Шу тариқа, ушбу натижадан сўнг «Реал Мадрид» клуби мусобақанинг плей-офф босқичида иштирок этадиган бўлди. «Бенфика» эса айнан ушбу ғалаба орқали плей-офф босқичига 24-ўрин билан йўл олди.

Ушбу тур доирасида туркий мамлакатлардан бўлган 3 та клуб Англия жамоалари меҳмони бўлишди. Ушбу ўйинларнинг барчаси «инглизлар»нинг ғалабаси билан якунланди.

«Манчестер Сити» жамоаси Туркиянинг «Галатасарой» клубини Райан Шерки ва Эрлинг Ҳоланд томонидан киритилган голлар эвазига мағлуб этди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушди ва тўлиқ ўйин ўтказди. Ҳусановнинг ҳаракатлари «SofaScore» таҳлилий портали томонидан 6,8 баллга баҳоланди.

«Ливерпуль» клуби ушбу турда Озарбайжоннинг «Қорабоғ» жамоасини қабул қилди. Учрашув 6:0 ҳисобида Арне Слот бошчилигидаги жамоанинг ишончли ғалабаси билан якунланди. Голларга Алексис Мак Аллистер (2 та), Федерико Кьеза, Юго Экитике, Флориан Вирц ва Муҳаммад Салоҳ муаллифлик қилди.

Қозоғистоннинг «Қайрат» клуби сўнгги турда «Арсенал» жамоаси меҳмони бўлди. Баҳс мусобақа турнир жадвали етакчисининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Голларга ғолиблар сафида Габриэл Мартинелли, Кай Ҳаверц ва Виктор Дьёкереш муаллифлик қилди. «Қайрат»нинг жавоб голлари эса Рикардиньо ва Жоржиньо Монтейро ҳисобига ёзилди.

Турда энг катта аҳамиятга эга бўлган баҳслардан бири Италияда ташкил этилди. Ушбу ўйинда «Наполи» жамоаси ўз майдонида «Челси» клубини қабул қилди.

Бу ўйинда ҳар икки жамоа учун ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. «Челси»га тўғридан-тўғри нимчорак финалга чиқиш, «Наполи»га эса плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш учун. Амалда эса ғалабани Лондон клуби қўлга киритди. Баҳс 3:2 ҳисобида «Челси»нинг фойдасига ҳал бўлди.

Голларга меҳмонлар сафида Жоау Педру (2 та) ва Энцо Фернандес муаллифлик қилди. «Наполи»нинг жавоб голлари эса Антонио Вергара ва Расмус Хёйлунн ҳисобига ёзилди.

Мусобақанинг амалдаги чемпиони ПСЖ жамоаси ҳам турнирдаги иштирокини плей-офф босқичи орқали давом эттирадиган бўлди. Жамоа сўнгги турни ўз майдонида «Ньюкасл» клубига қарши ўтказди. Ушбу ўйиндаги ғалаба ҳар икки жамоага ҳам нимчорак финал масаласини ҳал этиш имконини бериши мумкин эди. Аммо баҳс 1:1 ҳисобида якунланди ва ҳар икки жамоа плей-офф босқичига йўл олди.

8-турдаги барча натижалар билан қуйидаги расм орқали танишишингиз мумкин.

Якунда, «Арсенал», «Бавария», «Ливерпуль», «Тоттенҳэм», «Барселона», «Челси», «Спортинг» ва «Манчестер Сити» клублари тўғридан-тўғри мусобақанинг ним чорак финал босқичига йўл олдилар.

«Реал Мадрид», «Интер», «Атлетико Мадрид», ПСЖ каби клублар эса турнирдаги иштирокини плей-офф босқичи орқали давом эттиришади.

«Наполи», «Марсел», «Айнтрахт», «Вилларреал» каби жамоалар учун эса Европа чемпионлар лигасида мавсум якунланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?