Рассомнинг туйғулар олами

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғоналик таниқли рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Отабек Шокиров рангтасвир услубида табиат манзараларининг моҳир тасвирчиси сифатида кўп йиллардан буён самарали ижод қилиб келмоқда. Рассомнинг асарлари бугунги кунда Франция, Германия, Англия, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон сингари давлатлардаги музейлар ҳамда санъат кўргазмаларидан жой олган.
Яқин йилларгача рассом рангтасвир услубида анъанавий мавзу – табиат манзараларини акс эттирувчи асарлар яратиб келган бўлса эндиликда унинг ижодида инсоннинг туйғулар олами, руҳий дунёси билан боғлиқ янги услубдаги асарлар салмоғи ошиб бораётир.
Шу кунларда Фарғона вилояти тарихи ва маданияти музейида ижодкорнинг “Ўтиш...” деб номланган шахсий кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада рассомнинг асосан янги услуб ва мавзуларда яратилган асарлари намойиш қилиниб, ижод услубидаги янгиланиш ва ўзгаришлар орқали томошабин имтиҳонидан ўтишга жазм этгани эътиборга лойиқ.
— Ижод жараёнида баъзан ана шундай тажрибаларга ҳам эҳтиёж сезилиши табиий жараёндир, — дейди истеъдодли рассом. — Яқин йилларгача гўзал табиат манзараларини акс эттириш, Фарғона водийси, юртимизнинг дилбар табиати, қадимий қишлоқлари, кўҳна табиат ёдгорликлари расмларини чизиш ижодий фаолиятимнинг асосий ўзагини ташкил қилар эди.
Ҳаётий тажриба ва дунёқарашимиз юксалиб, фалсафий қарашларимиз кенгайиб, инсон руҳияти, орзу-умидлари, туйғулар тарбияси билан боғлиқ ижодий маҳсулотлар кўламини ошириш асосий мақсадга айланди. Қаҳрамонларим ҳам таниш ва қадрдон инсонлар, чунки ижодкор ўзи кўрган ва яқиндан билган воқеаларни тасвирлашда ўзи учун ҳақиқатни устувор мезон сифатида белгилаб олади.
Отабек Шокиров 2017 йилдан буён Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси ўринбосари сифатида вилоятда турли кўргазма ва танловларни ўтказишда фаол. Шунингдек, вилоят бўлими тасарруфидаги “Ёш рассом“ болалар студияси ишига бош-қош бўлиб, ёш истеъдодларни кашф этишда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Мамлакат миқёсидаги лойиҳалар, байрам ва фестивалларда, хусусан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Наврўз – умумхалқ сайли, Шаҳрисабз, Марғилон, Термиз, Қўқон шаҳридаги миллий қадрият ва анъаналаримизни тарғиб этувчи тадбирларда ҳудудни бадиий безаш ишларида рассом сифатида фаол қатнашиб келади.
Биргина Марғилон шаҳридаги Нуронийлар, шаҳар ҳокимлиги, Марғилон шаҳар драма театри, Ҳунармандлар маркази бинолари ҳамда Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими биносини безаш ишларида мўйқалам сеҳрини намоён этган.
Тажрибали рассом 2017 йилдан Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида дастгоҳли рангтасвир фанидан ўқувчиларга дарс бериб келмоқда. Мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар учун мунтазам равишда маҳорат дарслари ўтказиб, янги авлод вакилларининг бу борадаги назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашда катта ёрдам кўрсатади.
Отабек Шокиров 20 йиллик ижодий фаолияти мобайнида турли мавзуларда 800 дан ортиқ асарлар яратди. Бугунги кунда унинг асарлари АҚШ, Германия, Туркия, Италия, Греция, Япония, Жанубий Корея, Исроил, Россия давлатлардаги шахсий коллекцияларида сақланмоқда.
— “Ўтиш...” деб номланган шахсий кўргазмага сўнгги йилларда яратилган 70 дан зиёд асарларим қўйилди, — дейди у. — Кўргазмадан жой олган асарлар мавзу ва услуб жиҳатдан иккига бўлинган: биринчиси анъанавий табиат тасвири мавзусидаги манзара ва натюрмортлар, иккинчиси эса янги – руҳий олам тасвирларига бағишланган расмлардан ташкил топган.
Айни кунларда қардошларимизнинг амалий таклифларига мувофиқ, Туркия, Қирғизистон, Тожикистон ва Россияда шахсий кўргазмамни ташкил этишга ҳозирлик кўрмоқдаман.
Рассом мудом изланишда ва бу борада янгиликларга қўл уришдан асло чўчимайди. Унинг фикрича, ижодкорлик – янгиликка интилиш ва ҳеч қачон бир жойда депсиниб, тўхтаб қолмаслик деганидир. Шу маънода, йилдан-йилга ижодий салоҳияти сайқалланиб бораётган рассом Отабек Шокировдан янги-янги ютуқлар кутишга ҳақлимиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг