Рақамли валюталар даври: пулнинг ҳар бир «қадами» назорат остида

14:42 27 Февраль 2026 Иқтисодиёт
789 0

Инсоният тарихига назар ташласак, одамлар доимо алмашув воситаларини такомиллаштиришга, ўзаро ишончнинг аниқ ва барқарор шаклини топишга интилиб келган. Дастлаб савдо-сотиқ оддий айирбошлашдан бошланган: бир қоп буғдой бир бош қўйга, ҳунарманднинг меҳнати деҳқоннинг ҳосилига алмаштириларди. Вақт ўтиши билан бундай айирбошлаш усулининг ўрнини босувчи умумий ва ҳамма учун мақбул ўлчов зарур бўлди.

Шу тариқа олтин ва кумуш тангалар муомалага кирди. Улар нафақат тўлов воситаси, балки бойлик, қудрат ва миллий ғурур рамзига айланди. Кейинчалик қоғоз пуллар ва банкнотлар пайдо бўлиб, савдони янада қулайлаштирди. Бугунги кунга келиб пластик карталар ва мобил иловалар орқали «кўринмас» пуллар билан ҳисоб-китоб қиламиз. Аммо тараққиёт бу билан тўхтамаяпти. Инсоният эндиликда яна бир янги босқич — рақамли валюталар даврига қадам қўймоқда.

Рақамли валюта — пулнинг ҳар бир «қадами»ни кўриб туриш имконияти

Марказий банкнинг рақамли валютаси — бу давлат расмий пул бирлигининг электрон шакли бўлиб, у бевосита мамлакат Марказий банки томонидан чиқарилади ва кафолатланади. Рақамли валюта криптовалюталар каби хусусий ёки назоратсиз эмас, балки давлатнинг бевосита мажбурияти ҳисобланган рақамли активдир. Агар пластик картадаги пулингиз тижорат банкининг ҳисобидаги маблағ бўлса, рақамли валюта — бу марказий банкнинг ўзи сизга берган ва ҳар қандай вазиятда қиймати сақланиб қоладиган рақамли купюрадир. Бу тизим нафақат тўловларни сониялар ичида амалга ошириш, балки иқтисодиётдаги ҳар бир тийиннинг ҳаракатини шаффоф кўриб туриш имконини беради.

Бугунги кунда кўпчилик рақамли валютани Биткоин ёки бошқа криптовалюталардан фарқ қилмайди деб ўйлайди, аммо бу тушунча тубдан янглишдир. Криптовалюталар — бу ҳеч қандай давлатга бўйсунмайдиган, марказлашмаган ва кўпинча қиймати кескин ўзгариб турадиган активлардир. Уларнинг ортида на олтин захираси, на бирор мамлакатнинг иқтисодий қудрати туради. Улар шунчаки математик код ва одамларнинг ишончига таянади. Давлатлар эса айнан мана шу назоратсизликдан хавотирда. Агар халқ ўз жамғармаларини назорат қилиб бўлмайдиган рақамли ҳамёнларга ўтказа бошласа, миллий валюта қадрсизланади, Марказий банклар эса иқтисодиётни бошқариш ричагидан айрилиб қолади. Айнан мана шу «крипто-таҳдид»га жавоб тариқасида рақамли давлат пуллари — Марказий банкнинг рақамли валютаси дунёга келган.

Марказий банкнинг рақамли валютаси ва криптовалюта ўртасидаги туб фарқ — бу ишонч ва назорат нуқтаси ҳисобланади. Биткоин тизимида сиз аноним қолишингиз мумкин, аммо транзакциялар жуда секин ва қимматга тушиши мумкин. Рақамли валюталарда эса транзакциялар лаҳзаларда амалга ошади, чунки уларни давлатнинг ўзи тасдиқлайди. 2026 йилга келиб, кўплаб давлатлар хусусий криптовалюталарни чеклаб, ўзининг рақамли пулларини муомалага киритишга уринаётгани бежиз эмас. Давлатлар ўз фуқароларига қулайлик ва хавфсизликни ваъда қилмоқда, бироқ бунинг эвазига молия тизимидаги ҳар бир ҳаракатни ўз назоратига олмоқда. Шундай қилиб, криптовалюталар «эркинлик ва анонимлик» рамзи бўлса, Марказий банкнинг рақамли валютаси — бу «тартиб ва шаффофлик» қуролидир.

«Нақд пулсиз жамият» сари

Ҳозирги кунда дунё бўйлаб нақд пулнинг ўрни шунчалик тез қисқариб боряптики, баъзи давлатлар аллақачон рақамли иқтисодиётнинг амалий шаклига ўтиб улгурди. Бу борада энг ёрқин мисол — Швеция ва Хитойдир. Швецияда «e-Krona» лойиҳаси шунчаки тажриба эмас, балки ҳаётий заруриятга айланди. Бугун бу мамлакатда кўплаб дўконлар, кафелар ва ҳатто черковлар нақд пул қабул қилишни тўхтатган. Шведлар учун рақамли пул — бу қоғознинг ўрнини босувчи қулайлик, банк тизимининг ишончли асоси ва халқаро ҳисоб-китобларда биринчи бўлиш имкониятидир. Мамлакат бўйлаб деярли 98 фоиз транзакцияларни электрон тарзда амалга оширади.

Хитой эса бу пойгада бутунлай бошқача ва улканроқ стратегияни қўлламоқда. «e-CNY» (рақамли юань) лойиҳаси орқали Хитой ҳукумати дунёдаги энг катта рақамли иқтисодиётни барпо этмоқда. 2026 йилга келиб, рақамли юань миллионлаб инсонларнинг смартфонларига кириб борди. Бу тизим орқали давлат нафақат долларга бўлган қарамликни камайтирмоқда, балки ҳар бир юаннинг қаерда ва нима учун сарфланаётганини реал вақт режимида назорат қиляпти. Нигерия каби ривожланаётган давлатларда ҳам «e-Naira» орқали банк хизматларидан фойдалана олмайдиган аҳолини умумий молия тизимига жалб қилиш чоралари кўрилмоқда. Бу тажрибалар шуни кўрсатадики, дунё нақд пулсиз жамият сари кетмоқда ва бу жараён нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки жамият устидан назоратнинг янги, рақамли босқичини бошлаб беради.

Рақамли валютанинг имконият ва хатарлари ҳақида

Марказий банкнинг рақамли валютаси тизимининг жорий этилиши жамият учун қулайлик яратиш билан бир қаторда, хавотирларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Унинг ижобий томони шундаки, пул ўтказмалари сонияларда ва деярли текинга амалга ошади. Энг қизиқарли жиҳати — «дастурланадиган пуллар» тушунчасидир. Масалан, давлат талабаларга контракт ёки китоб сотиб олиш учун субсидия ажратса, у пулларни дастур доирасида фақат китоб дўконлари ёки университет ҳисобига ўтадиган қилиб созлаб қўйиш мумкин. Бу коррупция ва маблағларни мақсадсиз сарфлашни илдизи билан қуритадиган технологиядир. Шу билан бирга, яширин иқтисодиёт ва жиноий даромадларни ювиш имконияти нолга туширади. Чунки ҳар бир рақамли пулнинг ўз «паспорти» ва босиб ўтган йўли бўлади.

Бироқ бу шаффофликнинг ортида шахсий дахлсизликнинг йўқолиши каби жиддий хатар яширинган бўлиши мумкин. Нақд пул билан харид қилган маҳсулотингиз ҳақида фақат сиз ва сотувчи билади, рақамли валюта тизимида эса Марказий банк ҳам сизнинг ҳар бир молиявий қарорингиздан бохабар бўлиши мумкин. Шунингдек, барча пулларнинг ягона рақамли тизимга ўтиши киберҳужумларга бўлган заифликни оширади. Жумладан, банкнинг марказий сервери ишдан чиқса, йўқотиш кўлами ҳам жуда катта бўлиши мумкин.

Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?