Рақамлаштириш даврида нотариатнинг ўрни

13:58 11 Октябр 2023 Жамият
624 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган нотариат соҳасига бағишланган икки босқичдан иборат халқаро конференциянинг иккинчи кунида “Рақамлаштириш даврида нотариатнинг ўрни” мавзуси муҳокама қилинди.

Тадбирда 5 та қитъадан 40 га яқин мамлакатларнинг нотариат тизимларидан ташриф буюрган 150 нафарга яқин соҳа вакиллари, экспертлар иштирок этмоқда.

Тадбирни Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров очиб берди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда бугунги кунда соҳада катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида кўчмас мулк ижара ва текин фойдаланиш шартномаларини, мулкдорнинг яқин қариндошларига бериладиган автотранспорт воситасини бошқариш учун ишончномаларни, бирламчи бозордаги гаров ва ипотека шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди. Битимларни тасдиқлашда экстерриториаллик принципи жорий этилди.

“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳуқуқий мақом берилди ва барча нотариал ҳаракатлар ушбу тизимда рўйхатга олинмоқда. Нотариал ҳаракат расмийлаштириш учун фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали нотариус томонидан олиниши йўлга қўйилди. Фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳажми 87 фоизга қисқартирилди. “E-нотариус.uz” порталининг ишга туширилиши нафақат нотариусларнинг ишини енгиллаштирди, балки фуқаролар учун қатор қулайликлар яратди, электрон тизим ишга тушиши муносабати билан ташкилотларга юриб ҳужжат йиғиш, реестр китобларини юритиш бекор бўлди. Айрим нотариал ҳаракатлар дунёнинг исталган жойидан видеоконференсалоқа орқали онлайн равишда амалга оширилмоқда.

Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш “Лицензия” ахборот тизими орқали тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Шаффофликни таъминлаш мақсадида хусусий нотариусларга лицензия бериш бўйича имтиҳонлар онлайн трансляция қилинмоқда.

Айрим турдаги нотариал ҳаракатлар учун давлат божи ставкалари миқдорлари оптималлаштирилди, шаффофлаштирилди ҳамда камайтирилди.

— Жисмоний ва юридик шахсларга нотариал хизмат кўрсатиш ваколати нотариуслар ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига юклатилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Аюбхон Юнусов. — Ўзбекистон Республикаси консуллари 15 турдаги нотариал ҳаракатларни амалга оширадилар. 2022 йилнинг ўзида 12,5 мингдан зиёд нотариал ҳаракатлар амалга оширилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида 6700 дан зиёд нотариал хизмат кўрсатилган. Ўзбекистонда нотариат соҳасининг ислоҳ қилиниши ТИВ консуллик тизимини ҳам ислоҳ қилишга туртки бўлди. Нотариал палата ташкил топганининг илк кунларидан Ўзбекистон Республикаси ТИВ билан Нотариал палата ўртасида меморандум имзоланди. Мақсад — консуллар томонидан хорижда вақтинча яшаётган ҳамюртларимизга кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини оширишдан иборат. 39 та хорижий давлатлардаги консуллар учун видеоконференсалоқа орқали семинарлар ташкил этилди ва нотариал ҳаракатлар бўйича малакалари оширилди.

Конференцияда Германия, Япония, Озарбайжон, Белоруссия, Франция, Россия, Литва, Венгрия, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар вакиллари ўз мамлакатлари нотариат соҳасида рақамлаштиришнинг аҳамияти ҳақида, жорий этилган илғор амалиёт ва услублар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

— Япония аҳолиси 125 миллион нафардан зиёд, нотариуслар сони 500 нафар, нотариус аёллар 15 нафар, 286 та нотариал идора бор, — дейди япониялик мутахасис Терутоши Ямашита. — Японияда ҳам нотариатнинг электрон тизими яратилган. Японияда ҳам нотариусни Адлия вазирлиги тайинлайди. Мақомига кўра давлат нотариуси, лекин давлатдан маош олмайди. Японияда 30 йил прокурор ёки судья бўлиб ишлагандан сўнггина нотариус бўлиши мумкин. Мен нотариус лавозимига тайинланишимдан олдин 30 йил прокурор бўлиб ишлаганман. Японияда автоматлаштирилган ахборот тизими Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган ва фақат япон тилида. Дастлаб 2018 йилда электрон тизимга ўтиш даврида тизим нотариуслар учун анчагина муаммо туғдирган эди. Электрон тизим ишлаётганига қарамасдан, мижозлар нотариал идорага келишади, фуқароларнинг ID — картасида уларнинг электрон имзоси бор. Ҳукумат фуқаролар учун кўплаб қулайликлар яратмоқда, лекин фуқаролар баъзан ушбу имтиёзлардан фойдалана билмайдилар. Шу йил июнь ойида бизда “Нотариат тўғрисида»ги қонун ўзгарди, энди ҳужжатлар электрон шаклда тасдиқланиши лозим бўлади. Япония нотариуслари ассоциацияси бунга тайёр туриши керак. Биз фақатгина томонлар сўровига кўра қоғоз шаклида ҳужжатни беришимиз мумкин.

Айтиш жоизки, конференция дўстона руҳда ўтди, лотин типидаги нотариат вакиллари ўзининг нотариат соҳасини такомиллаштириш ва фуқароларга ҳар томонлама қулай ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш бўйича тажрибалари ва эришган муваффақиятлар билан ҳам бўлишдилар.

Абдулазиз Йўлдошев, Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер