Рағбат ташаббусга ундайди

00:55 20 Август 2023 Жамият
906 0

Фото: Халқ сўзи

Тадбиркорнинг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланса ва фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланса бизнеси ривож топади, ишида унум, барака бўлади.

Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида билдирилган   ҳар бир таклифни диққат билан тингладим. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида фаолиятимизга оид жуда кўплаб масалаларга эътибор қаратди. Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд жамғармалар иш услубининг тубдан ўзгартирилиши, экспортчи корхоналарни рағбатлантириш, солиқ ва божхона имтиёзлари, банк кредитларига оид қулайликлар биз учун жуда муҳим янгилик бўлди. Очиқ мулоқотда соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган муҳим йўналишлар белгилаб берилди ва бир қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Бу ўзгаришлар бизнинг корхонамиз мисолида ҳам иқтисодий ривожланиш учун мустаҳкам замин яратади.

Бугунги кунда корхонамизда тайёрланаётган мавсумбоп, юқори сифатли, хушбичим пойабзалларнинг тури 150 тадан ошиб кетди. Ишлаб чиқариш цехларига Германия, Италия, Туркия давлатларидан келтирилган энг замонавий дастгоҳлар ўрнатилган бўлиб, бозор талабидан келиб чиқиб ҳар хил ассортиментдаги пойабзаллар тайёрланмоқда. Корхонада халқаро стандартларга мувофиқ бўлган ИСО-9001 сифатни бошқариш тизими жорий этилган. Маҳсулотлар юз фоиз табиий чармдан тайёрлангани туфайли пишиқ-пухта, инсон саломатлиги учун ҳам безарар. Бугунги очиқ мулоқотда билдирилган фикрлар, яратилаётган имкониятлар бизни янги лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришини янада кенгайтиришга ундайди.

Тадбиркорлар куни арафасида давлатимиз раҳбарининг Фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланишим янги ғоя ва ташаббусларга рағбат берди. Бундай эътибор, билдирилган ишонч зиммамга янада катта масъулият юклаб, халқимиз, Ватанимиз учун шижоат билан меҳнат қилишга чорлайди.

Гавҳаржон ЖУМАНОВА,

Урганч шаҳридаги “Darital shoes” МЧЖ раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер