Қува анорлари эскпорт қилинмоқда
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Олтин куз она заминга ўз сепини дастурхон қилиб тўшайдиган тароватли оқшомларда Қува боғларида анорлар «тарс, тарс...» ёрилади. Бу жаннатмакон диёримиз мевалари кузги шудрингда янада шарбатга тўлиб етилганидан далолатдир.
Мастурахон Сайфуддинова қирқ беш йилдирки, куз мавсумининг ушбу ёқимли воқеасига ошуфта бўлиб яшайди. Опанинг қайд этишича, бу анорзорларнинг мангу барҳаёт қўшиғи, боғбонлар меҳнатига миннатдорлик симфониясидир. Бундай хонишларга қулоқ тутиш, роҳатланиб тинглаш худди чақалоқ товушига маҳлиё бўлишдек гап. Оний лаҳзада қалбингиз энг покиза ва бокира туйғуларга ошно бўлади.
Ўз вақтида таниқли адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов Қува анор боғларига ташриф буюриб, Фарғонанинг дилбар қизи Мастуранинг боғдорчиликдаги дастлабки ютуқларини юксак эътироф этган эди. Ўшанда бундан ҳаётий сабоқлар олган анорзорлар маликаси меҳнати орқали ўтган йилларда чинакам бахтга эришди.
Бевосита Мастурахон Сайфуддинованинг саъй-ҳаракати билан Қуванинг қуриб-қақшаб ётган асрий дашт ерларида анорзорлар барпо этилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифлари давомида ушбу боғларда бўлиб, Қува анорчилигини илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Шу тариқа деярли заволга юз тутаётган анорчилик тармоғига, таъбир жоиз бўлса, иккинчи умр бахш этилди. Айни пайтда тумандаги 373 та фермер хўжалигида 2 минг 100 гектар анор боғлари мавжуд. Шунингдек, аҳоли томорқаларида 2,5 минг гектар ерда анорзорлар ташкил этилди. Биргина жорий йилнинг ўзида қувалик миришкорлар 25 минг тоннадан ортиқ анор маҳсулотини экспорт қилишни режалаштирган.
Айтиш жоиз, кейинги йилларда экспорт географияси ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Яқингача анор асосан МДҲ давлатларига экспорт қилинган бўлса, бугунги кунда дармондориларга бой анор Осиё, Европа қитъаси, ҳатто океан орти мамлакати — АҚШда ҳам маълум ва машҳур бўлиб улгурди.
—Энг қувонарлиси, эндиликда шунчаки табиат ҳодисаларига қараб эмас, илм-фан, инновация ғоялари асосида деҳқончилик қилишни ўргандик, — дейди «Қува анори» агрофирмаси раҳбари, Фарғона ва Термиз давлат университети фахрий профессори Мастура Сайфуддинова.—Бугунги кунда 10 нафарга яқин ёш олимлар анорчилик соҳасида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Қувалик ёш олим Ҳусниддин Самиев анорнинг турли касалликларга қарши фойдали хусусиятлари мавзусида тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда илмий изланишларини якунига етказиб, ПсД докторлигини ёқлаш арафасида турибди. Тошкент давлат аграр университети ҳамда Фарғона давлат университети ўқитувчилари, мустақил тадқиқотчилар томонидан данаксиз, маҳаллий иқлим шароитига мос ва экспортбоп анор навларини кўпайтириш устида олиб борилаётган илмий изланишлар эътиборга лойиқ.
Қува туманидаги «Насимхон Моҳинур барака» фермер хўжалигидаги 4 гектар анор боғида жорий йилда ёш олимлар кўмагида «Қаюм», «Озарбайжон ширин», «Олтиариқ аччиқ» каби навлардан мўл ҳосил етиштирилди. Фермер хўжалиги бошлиғи Акрамжон Сулаймонов 4 тоннадан зиёд маҳсулотни экспортга жўнатиш тараддудида. Ҳосилнинг бир қисми киш-баҳор мавсумида сотиш учун музлатгичли омборхонага жойлаштирилмоқда.
— Қува ва Дашнобод тажрибаси асосида 43 гектар ерда анор плантацияси ташкил этилди, — дейди Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги «Султонбек Самир даласи» агрофирмаси раҳбари Сардорбек Алланазаров. — Анор боғи гуркираб ривожланиши учун Мастура опа тез-тез келиб, ўз маслаҳатини бериб туради. Бу йил баҳорда опанинг тавсияси асосида анор пайкаллари орасига қовун экиб, 30 тонна ҳосил олдик. Асосан экспортга мўлжалланган анор навларидан бу йил 50 тонна ҳосил олиш ҳаракатидамиз. Яқин истиқболда қайта ишлаш тармоғини йўлга қўйиш ҳам режалаштириляпти.
Айтганча, эндиликда Қува тажрибаси бўйича мамлакатимизнинг кўплаб вилоятларида замонавий мезонлар асосида анор плантациялари барпо этиляпти. Бу ишларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари, ихтисослашган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан бирга Мастура Сайфуддинова ҳам бош-қош. Анорчилик соҳасида илмий қўлланма сифатида опанинг ҳаммуаллифлигида китоб ҳам нашр этилди. Мақсад – анорчилик тармоғига илм-фанни кенг жорий этиш, анорчиликни қишлоқ хўжалигининг сердаромад соҳаларидан бирига айлантиришга қаратилган.
Миришкорларнинг эътироф этишича, анорнинг яхшиси ёрилганидир. Шу боис бозор ёки савдо дўконларидан анор сотиб олишда ана шу жиҳатга эътибор бериш фойдадан холи бўлмайди...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Расман Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов лавозимдан кетди. Унинг вазифасини бажарувчи ҳам тайинланган
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг