Қуш севган қалб
Ўзбек оилаларининг файзи бўлакча. Айвонларидан бедана овози эшитилиб турган хонадонларнинг олдидан шунчаки ўтиб кетолмайсиз. Бедана тухуми соғлиққа, сайроғи эса кўнгилга қувват бўлади.
Бувайда туманидаги “Инғирчоқ” маҳалласида яшовчи Зоҳиджон Эгамбердиев қаерда ноёб қуш кўрса шуни бориб кўрмагунча кўнгли жойига тушмайди. Ҳовлисида ўнлаб турдаги ноёб қушлар, товуқлар парваришланади. Оила аъзолари учун бу шунчаки қизиқиш эмас, балки улкан даромад манбаи ҳамдир.
Болаликдан табиатни севувчи Зоҳиджон ака уч йилдирки, хонадонида қуш ва товуқ боқишга астойдил меҳр қўйди. Ҳозирда мўъжазгина ҳовлида Италия беданаси, Туркия тўтиси, Осиё саваси, қўйингки, дунёнинг турли давлатларидан келтирган ўнлаб турдаги энг ноёб қушлар бор. Қишда 100 бошга яқин қушлар қолган, ёз мавсумида уларнинг сони 500 тагача етади.

– Битта қуш бир йилда 15-18 тагача полапонни дунёга келтиради, – дейди хонадон соҳиби. – Қўқон ва Марғилон шаҳрида ташкил этилган қуш бозорида уч ойлик қуш полапони 500-600 минг сўм, бир ёшлиси ўртача 1,2-1,5 миллион сўмгача. Энг ноёб қушларнинг каттароғи 2-3 минг долларгача ҳам баҳоланди. Ижтимоий тармоқларда қуш савдоси харидоргир бўлгани учун ихтисослашган каналларни фаол кузатаман. Юртимизнинг қайси ҳудудига хориждан ноёб қуш олиб келинса, сотиб олишга ҳаракат қиламан. Боиси хонадонимда қушларни табиий ва сунъий усулда кўпайтириб бориш ҳам йўлга қўйилган. Қушлар сайраши қалбингизга ҳаловат бахш этади. Улар аллақачон митти дўстларимга айланган. Ҳар бир қушнинг хониши бетакрор. Қушлар боласига жуда меҳрибон, ини атрофида бегона одамни кўрса безовталанади. Товуқлар ҳам ўз насли, полапонларини ҳимоя қилади.

Эътиборлиси, хонадонда Япония, Жанубий Корея, Хитой ва дунёнинг бошқа қитъаларидан келтирилган 20 турга яқин ноёб товуқ зотлари ҳам боқилмоқда. Наслли товуқлар маҳаллий зотларга чатиштирилиб, битта товуқ бир кунда 2 донагача тухум туғишига эришиляпти. Бозорда ушбу товуқлар тухумининг бир донаси 15-20 минг сўм. Товуқ жўжалари ўртача 60-80 минг сўм, каттароғи 350-400 минг сўмдан сотилмоқда. Товуқларнинг асосий емиши писта, бир ҳафта, бир ой ва бир ёшга тўлганда касалликларга қарши эмланади.
Тиниб-тинчимас бу инсон ўз хонадонида мўъжазгина инкубация цехи фаолияти орқали буюртма асосида ҳамюртларимизга ойига 100 бошга яқин наслли жўжа етказиб бермоқда. Мамлакатимиз бўйлаб бундай қушлар ва товуқларнинг харидори бисёр.

– Ҳозирда маҳалладошларга ҳам ноёб қуш ва товуқ боқишни ўргатиш бўйича амалий ишларга киришилган, – дейди маҳалла раиси Эркинжон Қосимов. – Шу мақсадда ушбу хонадонда мўъжазгина инкубация цехида очирилган жўжалар, табиий ва сунъий усулда кўпайтирилаётган қушлар қўшниларга тарқатилиб, парваришлаш ва касалликларга қарши эмлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунда маҳалладаги 1034 та оилада қарийб 6 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- Сенаторлар ва Сенат девони ходимлари умумхалқ ҳашари доирасида ҳудудларни ободонлаштириш ишларига муносиб ҳиссаларини қўшди
- Абдулазиз Комилов Боку форумида Евроосиёнинг янги транспорт-логистика харитаси ва минтақавий хавфсизлик масалаларини илгари сурди
- Қатардан ўзбекистонликларни эвакуация қилиш жараёни якунланди
- Лойиҳаолди ва харид ҳужжатларини комплекс экспертиза қилиш тизими самарадорлиги оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг