Қўли енгил ҳамширалар  

16:51 09 Октябр 2025 Жамият
249 0

Ҳамшира деганда кўз ўнгимизда қўли енгил, сўзи ширин, юзи кулиб турадиган, ҳар қандай вазиятда беморга беминнат кўмак беришга тайёр фидойи касб эгалари келади. Беморни энг яқинидек парваришлаб ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажарадиган ҳамширалар халқимиз саломатлигининг таянчи, деб бемалол айта оламиз. Энг ноёб жарроҳлик амалиётлардан тортиб, бемор оёққа туриб кетгунча тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонларгача – ҳаммаси шу жонкуярлар назоратида. Баъзан битта беморга укол қилиш учун энг чекка қишлоқларга ҳам боришга тўғри келади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга йўналтирилган қатор фармон ва қарорларда ҳамширалик ишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилаётгани бежиз эмас. Марказий шифохоналардан тортиб, олисдаги оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларигача тиббий маслаҳат ёки кўмак сўраб келганларга дастлаб пешвоз чиқадиганлар ҳам ҳамширалар.

– Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 19 мингдан ортиқ ҳамширалар тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Мурод Қурбонов. – Инсон саломатлиги учун шифокор масъул бўлса, уларнинг энг яқин кўмакдоши ҳамширалардир. Уларнинг жонкуярлиги кеча-ю кундуз ишлайдиган шифокорларникидан асло кам эмас. Шифохоналарда даволанаётган беморлар доим ҳамшираларнинг хушмуомаласи-ю, муолажасидан рози бўлиб дуо қилганларини кўп кўрганман.

Яхши ҳамшира худди шахматчига ўхшайди. Ҳамма нарсани олдиндан билади. Унинг қутқарувчи қўллари инсонларга ҳамиша саломатлик келтиради.

– Ўзим ва турмуш ўртоғим қандли диабет бўлгани боис тез-тез шифохоналарда даволаниб турамиз, – дейди мўйноқлик Мақсет ота Жақсимуратов. – Бу сафар академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон филиалига келдик. Ҳар қандай бемор аввало эътибор кутади. Мазкур даволаш муассасасининг шифокорларидан тортиб, ҳамшираларигача биз билан маданият билан суҳбатлашиб даволашга киришди. Ҳозир анча яхшимиз. Саломатлигимиз тикланишида ҳамшираларнинг хизмати беқиёс. Ўз вақтида даво муолажаларини бажарган моҳир ҳамширалар Лиза Бердибаева, Эсбергенова Сапаргул, Қурбаниязова Индира, бош ҳамшира Ойсулув Айтуғоновадан миннатдормиз.

Шифо аҳли учун ёзилмаган бир қоида бор: қаҳратон совуқми, ярим тунми, касалхонанинг қайси бўлимига янги касал олиб келинса, беморнинг аҳволидан келиб чиқиб, албатта, тор доирадаги шифокорлар назоратидан ўтказилади. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлса, барча бирдек оёққа туради. Айниқса, бунда клиник лаборатория ҳамшира-лаборантларининг тезкор ва фаол ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга. Бундай вазиятларда, гарчи иш вақти тугаган бўлса-да, ҳеч ким ўз хизмат постини ташлаб кетмайди. Барча ҳамжиҳатлик билан беморни ҳаётга қайтариш учун тунларни тонгларга улаб меҳнат қилади.

– Ҳар йили юртимизда “12 май — Халқаро ҳамширалар куни” олдидан ҳамширалар ўртасида кўрик-танлов ўтказилади, – дейди “Ўзбекистон Ҳамширалар” Ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлим раиси Роза Мишенова. – Жорий йилда “Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи” кўрик танлови туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларида фаолият юритувчи ҳамшира ва патронаж доялар 14 номинация бўйича жами 45 нафар ходимлар иштирок этди. Бозатов туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасидан Саодат Тенгелова, Беруний туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 14-сонли оилавий поликлиникасидан Феруза Раманова, Қораўзак туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Қаракўл оилавий шифокорлик пунктидан Феруза Алламжаровалар "Энг яхши патронаж доя”, "Энг намунали соғлом оила хонаси", "Энг яхши универсал прогресив модуль" патронаж дояси номинациялари бўйича Қорақалпоғистон босқичида биринчи ўринни эгаллади.

Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларидан бири Кегайли туманида туғилган Гулчеҳра Менглимуратова болалигидан оқ халат кийиб инсонларни даволашни орзу қилади. Раҳматли отаси Хўжанберган оға ва Улбўсин опалар шу қизи вақтлар ўтиб Амударё туманининг нажоткорига айланади, деб хаёлига ҳам келтирмаган. Гулчеҳра мактабни аъло баҳоларга тугатиб, 2-сонли Нукус тиббиёт билим юртида таҳсил олди. Мазкур билим юртини муваффақиятли тамомлаб, Нукус шаҳридаги 2-сонли поликлиникада ҳамшира-лаборант сифатида илк меҳнат фаолиятини бошлади. 2005 йилда Амударё туман тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги Қон-диагностика маркази клиник лабораториясида лаборант, 2012 йилдан буён клиник лабораториянинг катта ҳамшира-лаборанти сифатида фаолият олиб бормоқда.

– Иш фаолиятим давомида бедор кечалар кўп бўлган, – дейди Г. Менглимуратова. – Беморнинг аҳволи яхши томонга ўзгариши, унинг қисқа фурсатда соғайиб оиласи бағрига қайтиши, аввало, клиник лаборатория ҳамширасининг қон таҳлилини аниқ ва тўғри ташхислашига боғлиқ. Клиник лабораториямизда ходимларининг кундалик иш жараёнини қатъий назорат асосида ташкил этиш, юқори касбий малакага эга ҳамшира-лаборантларнинг тажрибаларини устоз-шогирд анъанаси асосида ёш мутахассисларга ўргатиш тизими жорий қилинган. Ишхонамизга: “Қон таҳлилимни ўзингиз қилиб беринг” деб Амударёнинг олис қишлоқларидан йўқлаб келишади. Шунда ўз касбимдан фахрланиб кетаман.

Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 10-оилавий поликлиникаси “Телеорай” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 21 минг 300 дан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Мазкур муассасада яна бир фидойи ҳамшира меҳнат қилади.

– Патронаж ҳамшира сифатида доим халқ ичидаман, – дейди патронаж ҳамшираси Зауре Матниёзова. – Ҳамкасбларим билан аҳоли орасида юриб, улар билан юзма-юз мулоқот қиламиз. Ҳар куни беморлар ҳолидан хабар оламиз. Юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича тарғибот ўтказишга эътибор қаратамиз. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ўз ҳиссамни қўшиб келаётганимдан мамнунман.

Зауре Матниёзова ўттиз йиллик тажрибага эга ҳамшира. Йиллар давомида у жуда кўп беморларга ёрдам беради. Ҳалигача инсонлар саломатлигига ғамхўр. Оролбўйида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган ўз касбига садоқатли, юксак эътирофга лойиқ ҳамширалар кўп. Чунки уларнинг меҳрибон қўлларидан беморлар меҳр оляпти, малҳамдек ширин сўзлари яшашга мадад беряпти. Илоҳим, ўз ишининг устачи, чаққон, эпчил ва зукко ҳамшираларнинг қўллари дард кўрмасин!

Ғайрат ОТАЖОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?