«Қоч, ўртакаш келяпти...»
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Инсоннинг орзу-ҳаваслари чегара билмайди. Битта орзуси ушалса, иккинчисининг ортидан қувади. Қарабсизки, ҳою ҳаваслар бир-бирига уланиб кетаверади. Афсуски, бугун ўтказилаётган тўйларда ё мезбонларнинг маънавияти ғовлаган, ё манманликка берилаётгани кўнгилни хира қилади. Шулардан бири «қистир-қистир»лардир.
Кейинги пайтларда тўй эгаларининг «бош оғриғи»га айланган бошловчилик — ўртакашлик хизмати маънавий саёзликнинг мумтозлик даражасига чиқди. Табиийки, тўйга чақирилган меҳмон хонадон соҳибига атаган совғаси ёки тўёнасини олдиндан беради. Аммо тўй дастурхонида хотиржам базм томоша қилиш, қадрдонлар даврасида икки оғиз суҳбатлашиш имкони йўқ. Аввало тўйлардаги мусиқа товушининг белгиланган меъёрдан баландлиги асаб тизимимизга салбий таъсир кўрсатади. Шу пайт бошловчи ва раққосалар ўз «маҳорати», тўғрироғи, юзсизлигини намоён этади. Улар учун тўй эгаларининг қариндошлари, ҳамкасблари ўзига хос пул манбаи. Тўй эгаларининг қариндошларини даврага чорлайди. Пешона тери билан пул топган одам пулини шу тарзда ҳавога совургиси келмайди. Аммо даврадаги «қистир-қистир»ларни кўриб, бошқалар ҳам чўнтак ковлашга мажбур бўлади. Раққосалар даста-даста пулни ҳовучлаб, ҳар хил мақомда хиром айлайди. Мусиқа тугаши билан ўртакаш имкон қадар кўпроқ сўз беради. Кексаларни даврага чақириб, ҳамкасблар жамоасини мажбурлаб ўйинга туширади Ажабланарлиси, қўшиқ сўзга чиққан одамнинг рақси билан тугайди. Бошловчи тезда кейинги меҳмонни даврага чақиради. Бўёғи даврада ўтирганлар учун ҳам азобга айланади: бир пиёла чойни хотиржам ичолмайсиз. Чунки сўз сўзга уланиб, барчасига бўлмасада, даврадошлар ўртасида уялиб қолмаслик учун тез-тез «қистир-қистир»ларга чиқиб туришга мажбурсиз. Шу тўйларда қатнашаётган маданият аҳли ҳам бу ҳолатга бепарво қараб туради. Бундай пайтда бошловчилар ва санъаткорлар босар-тусарини билмаганларни ўртага чиқариб, бор пулини шилиб олади.
Тиббиётимизда пул энг кўп микроб тарқатувчи воситалиги эътироф этилади. Лекин санъаткорлар, бошловчилар, раққосаларга бунинг фарқи йўқ. Тўйда ихтиёрий-мажбурий тарзда уларнинг манфаати учун ҳаракат қилишингизга тўғри келади. Қўлдан қўлга ўтиб юрадиган кир пулни қистириб келгач, яна шу қўл билан овқат ейишади. Тўйхонада кўтарилган чанг, хизмат кўрсатиш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик ҳеч кимни қизиқтирмайди.
— Кейинги пайтда ортиқча асаббузарликлар сабабли тўй базмларига боришга безиллаб қолдим, — дейди Фарғона давлат университети ўқитувчиси Ҳикматилло Дўстматов. — Боиси удумларимиз билан боғлиқ гўзал қадриятларимиз унутилиб бормоқда. Тўйларимиз аксарият ҳолларда беҳаёлик, орсизлик, маданиятсизлик, жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларини менсимаслик тадбирига айланиб улгурди. Баъзан дастурхон атрофида ўтирганда олдиндан ҳеч бир огоҳлантиришсиз бошловчи сўз беради. Икки оғиз илиқ фикр айтиб, бирор мусиқага ўйнаб беришингиз шарт. Баъзан касб тақозоси ёки ёшу кексалар ўртасида рақс тушиш ноқулай. Аммо бошловчи ва созандалар бунга кўнмайди. Бошловчи қўлингдан тортиб, даврага олиб чиқади. Ўзи бир четда «қани, бир ҳунарингни кўрайликчи» дегандек кузатиб туради. Агар «қистир-қистир»лар авж олса, санъаткорларнинг илҳоми янада жўшади. Акс ҳолда бошловчи янги «ўлжа» илинжида давра айланади.
Тўғри, тўйларимизни юксак дид ва маданият билан олиб борадиган бошловчилар кино, театр актёрлари, бошқа таниқли чеҳралар ҳам бор. Аммо улар бармоқ билан саноқли. Аксарият хизматлар тўй эгалари томонидан танланган «кўча» бошловчиларига қолган. Уларнинг ўзи хон, кўланкаси майдон...
Шубҳасиз, тўй халқимизнинг маънавияти, миллий қадрият ва анъаналари кўзгуси ҳисобланади. Тўй ва тантаналарда қатнашиш орқали бир-биримизга бўлган ўзаро ҳурмат ва эътиборимизни намойиш этамиз. Агар танадаги кичик бир яра вақтида даволанмаса, у куни келиб маддага айланади. Тўйлар билан боғлиқ бундай кичик кўнгилсизлар билан вақтида курашилмаса, оқибати жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Доно халқимиз топиб айтган: «сўнгги пушаймон — ўзингга душман».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг