Қизилтепада илк хусусий мактаб фаолиятини бошлади

19:06 02 Сентябр 2025 Жамият
324 0

Таълим даргоҳига Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Сўфиён маҳалласида тадбиркор Ойбек Муродов раҳбарлигидаги “Бибиражаб ая ворислари” МЧЖ томонидан асос солиниб, “Парвоз” хусусий мактаби, дея номланди.

— Мактабимиз 240 ўринга мўлжалланган бўлиб, дарслар бир навбатда олиб борилади, — дейди О. Муродов. – Ўқитувчилар ва ўқувчилар саралаб олинди. Мақсад қишлоғимиз ҳудудида ҳам сифатли ва замонавий шароитга эга таълимни йўл қўйиб, иқтидорларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу сабаб бошқа мактаблардаги каби бир синфда 30-35 нафар ўқувчи эмас, 20 нафар ўқувчи таълим олиши белгиланган. Келгусида халқаро IELTS имтиҳонларига тайёрлашни ҳам йўлга қўймоқчимиз.

Лойиҳа қиймати 7 миллиард сўмлик “Парвоз” хусусий мактабида ўқувчиларга бир қатор хорижий тиллар чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилади.

Мазкур мактаб фаолиятини бошлаган Қизилтепа тумани педагоглари 2024/2025 ўқув йилида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича илк бор вилоятда 1-ўринни эгаллашди. Яъни ҳудуддаги умумтаълим мактабларини тугаллаган 1436 нафар йигит-қизнинг 812 нафари (57,4) фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 360 нафари давлат гранти асосида талабалар сафидан ўрин эгаллади.

Қизилтепаликлар таълимда эришган марра бугун вилоятнинг умумтаълим мактабларида ўтказилган Билимлар куни тадбирларида алоҳида эътироф этилди. “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган “Келажак дарслари”да таълим ва тарбия мамлакат тараққиётининг ишончли кафолати эканлиги таъкидланди.

Хусусан, вилоят ҳокими Нормат Турсунов Навоий шаҳридаги 3-ИДУМда бўлиб, дунёдаги энг шарафли ва машаққатли касб эгаси бўлган таълим соҳаси фидойилари ҳамда ўқувчиларни Билимлар куни билан қутлади. "Мустақиллик дарси"да иштирок этди, ўқувчи ва педагоглар билан суҳбатлашди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, ўтган уч йиллик натижалар сарҳисобига кўра Навоий вилояти ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи 40 фоиздан 47 фоизга ошди.

Темур ЭШБОЕВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер