Қишга тайёрмисиз?

00:49 19 Октябр 2024 Жамият
353 0

Саид ДОНИШЕВ/«Халқ сўзи». Икки кун ёққан ёмғир ва унинг ортидан келган бироз паст ҳарорат кўпчиликни сергак торттириб қўйгани бор гап. Тўғрида, олдинги йиллари куз-қиш даврининг анча оғир келганлиги, барчамизни ташвишга солиб қўйганлиги, соҳа ходимларининг мавсумга ўз вақтида пухта ҳозирлик кўрмаганликлари ҳали ёдимиздан кўтарилганича йўқ.

Хўш, бу йил куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилди, уни муаммоларга дуч келмасдан ўтказа оламизми? Саволларга Жиззах вилояти мисолида жавоб излаб кўрамиз.

Вилоятда 2307 та кўп квартирали уйларга 32 та бошқарув компаниялари, 141 та уй-жойларга эса бошқа идора ва ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда. Куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида 145 та уйларда мулкдорлар маблағи ҳисобидан иш турларига кўра қарийб 2 миллиард сўмлик мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Хусусан, Жиззах шаҳридаги «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 66 та кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи «Иттифоқ истиқлол сари» МЧЖ томонидан 30 га яқин уйларнинг кириш йўлаклари таъмирдан чиқарилган бўлса, «Заргарлик» маҳалласидаги мавжуд 53 та турар-жойда яроқсиз ҳолга келиб қолган томларни таъмирлаш жараёни давом этяпти.

— Ҳудудда электр таъминоти тизимини яхшилаш учун узатиш тармоқлари ҳамда трансформатор пунктлари, кучланишли ўчиргичлар мукаммал таъмирланди, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Жиззах ҳудудий филиали ишлаб чиқариш техника хизмати бошлиғи Улуғбек Бегимқулов. — Филиалимиз томонидан истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида барча шаҳар ва туман электр тармоқлари корхоналаридаги 500 нафардан зиёд ходимлардан иборат 100 та тезкор бригадалар, 100 та автомашина ва 33 та махсус автомашиналари шай ҳолатга келтирилган.

Айни пайтда Шароф Рашидов туманининг чекка ҳудудлари ҳисобланган «Учқиз» ва «Равот» маҳалларида электр таъминотини яхшилаш мақсадида эскирган ва муддатини ўтаб бўлган симёғочларни темир-бетон устунларга алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Газ таъминоти бўйича тўхталадиган бўлсак, вилоятда истеъмолчиларга газ қувурлари, газ тақсимлаш пунктлари ҳамда маиший газ баллонлари орқали хизмат кўрсатилади.

—Ўтган куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотида юзага келган муаммоли ҳолатлардан хулоса қилиниб, бу йил 57 та маҳалладаги 19,6 минг аҳоли хонадонининг газ таъминоти яхшиланди. Вилоятдаги 168,297 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари АСКУГ тизими билан тўлиқ қамраб олинди ва 65,3 мингта ҳовли-уйлар газ таъминоти
замонавий икки босқичга ўтказилиб, технологик йўқотишлар ҳажми 295,4 миллион куб метрга қисқартирилди, — дейди «Ҳудудгаз Жиззах» филиали директор ўринбосари — бош муҳандис Баҳодир Холиқов.

Шунингдек, тизимда ҳали Дўстлик тумани «Чинобод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Янги Ўзбекистон» массивини, Жиззах шаҳар «Саноат-Б» ҳудудида ташкил этилаётган «Жиззах» кимё-индустриал технопаркини газлаштириш, бундан ташқари 2024 йилнинг «Манзилли дастур»ига асосан 14,4 километр газ қувурларини реконструкция қилиш ишларини якунига етказиш, табиий газ тармоғи бормаган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини суюлтирилган газ билан тўла таъминлаш лозим.

Таъкидлаш жоизки, икки кунлик ёғингарчилик электр тармоқлари корхонасининг мавсумга нечоғли тайёр эканлигини кўрсатиб қўйди. Шаҳарда соатлаб, туманларда кунлаб электр энергиясида узилишлар кузатилди. Аҳоли тўловини олдиндан қилиб қўйгандан кейин сифатли хизматни талаб қилишга ҳам ҳақи бор.

Мухтасар айтганда, вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида ҳали қилиниши лозим бўлган юмушлар талайгина.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?