Қирмизак (ҳикоя)

Бу ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан қолган хотира... Эшиклари хаста бемордай инграб овоз чиқариб очиладиган, кўримсиз ва пастқам мактаб биносидан отилиб чиққан Акмал атрофига аланглаганича Акрамни излади. Анвойи гуллар экиладиган йўлакча бўйидаги ёғоч ўриндиқда ўтирган дўсти ҳам афтидан уни сабрсизлик билан кутаётган эди.
— Акрам — дея қичқирди Акмал сакраб-сакраб унинг ҳузурига югураркан.—Юринг, олмазор боғга ўтамиз, янги келган шаҳарлик қизга қирмизак олмалардан олиб келамиз.
Мактабнинг орқасидаги катта олмазор боғнинг қоровулига кун йўқ – олмага сув кирмасидан тирмизаклар дарахтга тирмашишни бошлайди.
Акмал ва Акрам болаликдан яқин дўст, синфдош. Бир маҳаллада, девор-дармиён қўшни бўлиб улғайишган. Шу боис икковлон ҳамиша бирга, мактабга ҳам бирга келиб-кетишади. Кейин бирга далага бориб мол боқишади. Аммо феъл-атвори, табиати икки қарама қарши қутб – Акмал ерга урсанг кўкка сапчийди, Акрам оғир-вазмин. Бу характерларини биладиган устозлари, синфдошлари ҳам иккисини ораларидан қил ҳам ўтмас дўст эканига ҳайрон қолишади. Уларнинг исмлари эгизлигини айтмаса, бир-бирига бутунлай бошқа олам, дея ҳазиллашарди адабиёт ўқитувчиси.Гап шундаки, яқинда уларнинг синфига шаҳарлик бир қиз келган. У жуда чиройли бўлгани учун барча ўғил болалар атрофида парвона бўлиб қолганди. Уларнинг бири қўйиб, бир доимо кўзлари юлдуздек порлаб турадиган қизга ёқиш йўлларини излайди. Икки дўст ҳам гўзалга бефарқ эмас. Шу боис Акмалнинг таклифи унга ёқмаган бўлса-да, Акрам кеча киришганида мўлжаллаб қўйган чиройли, қип-қизил олмалардан олиб келиш учун дўстига эргашди.Қўйниларини олмага тўлдириб қайтган икковлонни бир зумда синфдошлари ўраб олишди. Лекин Акмал ва Акрам деганлари ўлгудек пишиқ. Бироқ, кутилмаганда улар жуда сахий бўлиб кетишганди. Бугун уларнинг меҳридан ҳеч ким бебаҳра қолмади. Шу тариқа энг нафис, қип-қизил олмаларни бир чекада одоб сақлаб турган синфдош қизларнинг энг чиройлиси – шаҳарлик қизга илинишди.
Бу билан икки дўст синфдаги ўғил болаларга чиройли қиз бизники дегандек мағрур боқишарди...
* * *
Ўша йили пахта мавсуми деярли янги йилга қадар чўзилди. Бўйлари пахта баробар мурғак болалар ҳам қуриб-қақашаб эгатларга энгашиб пахта теришди. Орада қорлар ёғди, усти юпун, совуқдан тарашадек қотиб қолган ўқувчилар навбати билан устозлари томонидан уватда ёқилган оловда исиниб қайтишади.
Бир куни совуқ суяк-суягидан ўтиб кетган Акмал кечга томон баланд ўсган ғўзаларга беҳолгина суянганича ухлаб қолади. Орадан анчайин вақт ўтибгина, буни пайқаган устозининг қўрқувдан юраги увишиб кетди. Боиси Акмал кучли иситма таъсирида тинмай алаҳсирар, нуқул қалтирарди...
Устозлар ноилож Акмални уйига жўнатишди. Эртасига Акрам топиб келган янгилик барчани даҳшатга солди. Уйга борганидан кейин аҳволи янада оғирлашгач, ярим тунда унинг жўжабирдай муштипар онаси машина излашга тушади, аксига олиб машина ҳам топилавермайди. У пайтлари битта маҳаллада уй телефони бор ё йўқ, машина ҳам саноқли одамда бўларди.
Шунда қирқида бева қолган онаизор шўрпешонасини орқасига опичлаб, уч-тўрт чақирим наридаги туман марказий шифохонасига пиёда боради.
Афсуски, дўхтирлар Акмалнинг дардига шифо топиша олмади. Қарийб бир ой мобайнида дорилар хиди анқиб ётган зах палатада шифтга термулиб ётган шўх ва олов бола муштдеккина бўлиб қолганди. Деярли ҳар куни дарсдан сўнг Акрам дўстининг олдига пиёда кўргани келади. Тобора ҳолсизланиб бораётган Акмал дўстининг ёнида ўзини дадил тутишга уринади.
—Боғимиздаги олмалар бу йил ҳам қип-қизил бўлиб пишса, бирга тергани борамиз,—дейди инграган товушда.—Қирмизак олмалардан олиб келиб, шаҳарлик қизни хурсанд қиламиз. Иккимизни синфда энг зўр бола эканимизга қойил қолсин...
Акрам нима дейишни, дўстига қандай таскин сўз айтишни билмай каловланади.
—Бўпти,—дейди ўзи ҳам эшитар-эшитмас даражада минғирлаб.—Мазза қилиб энг яхши олмаларни териб келамиз.Қалин қор ёққан кунларнинг бирида совуқдан ручка ушлай олмай қўлларини “куҳ-қуҳ”лаб ўтирган болалар синф раҳбарларининг йиғидан кўзлари қизарган ҳолда кириб келишидан ҳушёр тортишди.
—Бугун ўқиш бўлмайди. Акмалларникига борамиз,—деди устоз кўзларидан дув-дув оқаётган ёшини тўхтата олмай.
Синфдошлар шошиб ўрнидан туришди. Айни пайтда барча болаларнинг кўз ўнгида синфдаги энг шўх, маҳмадона, эпчил ва чаққон боланинг қиёфаси гавдаланади.
Онаизор жигаргўшасининг тенгқурларини кўриб, бор овозда дод солди. Оналарига қўшилиб, Акмалнинг опа-акалари овозсиз, ич-ичидан йиғлаётган синфдошларни бирма-бир қучоқлаб олганча, ўксиб-ўксиб йиғлашарди. Уй тўрида гўёки ширин туш кўраётгандек, кўзларини юмиб олган Акмал жонсиз ҳолатда ётарди. Синфдошлар навбатма-навбат Акмалнинг юз-кўзларини меҳр билан силашди...
Айни тушлик маҳали маҳалладошлар норасида болакайнинг тобутини елкаладилар.
Мунғайиб турган ҳовлида асосан аёллар қолгач, Акмалнинг балоғат ёшидаги опаси шаҳардан янги келган қизни секин имлаб, ичкарига чақирди.
—Мана буни Акмалжон сизга сақлаб қўйган экан,—дея йиғидан овозлари ҳирқираб қолган опа ғунчадек қизни маҳкам бағрига босиб йиғлаб юборди. Унинг қўлида қип-қизил олма ял-ял товланарди...
Афтидан бундай вазиятга умуман тайёр бўлмаган қизалоқ нима қилишини билмай, бир олмага, бир йиғидан кўзлари шишиб кетган опага қарарди.—Акмалжон сўнгги кунларида сизларни роса кутди, — деди опаси бироз ўзини ўнглаб олиб. — Синфдошларим келса бераман деб анчагина олмани сақлаб юрганди. Буни алоҳида ажратиб болишининг тагида сақлаётган экан. Охирги куни шу олмани сизга бериб қўйишимизни сўради, хафа бўлмайсизми тағин?..
Узун-узун киприкларини тинмай пирпиратаётган қизалоқ олмани қўлига олиб, дастрўмоли билан кўзларини арта-арта синфдошлари даврасига югурди.
Ботир ОМОН
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг