Қаторда норинг бўлса...
— Халқимизда“Қаторда норинг бўлса юкинг ерда қолмайди”, деган мақол бор.У бежиз айтилмаган экан,- дейди пешкулик Ирода Раҳматова. — Рўзғордаги етишмовчиликлар туфайли “Буёғига нима қилсак экан”, деб ташвишга тушгандик. Кутилмаганда яхши инсонлар йўқлаб келишди. Ҳол – аҳвол сўраб, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳадя қилишди. Маҳалламиз фаоллари ҳамроҳлигида уйма-уй юриб, ширин муомаласи билан кўнглимизни кўтарган, турмуш ташвишимизни енгиллаштирган бу тадбиркордан миннатдормиз.

Тумандаги Қучоқ қишлоғида истиқомат қилувчи бу аёлнинг сўзлари сабаб сўраб-суриштириб билдик: тадбиркор Феруз Махадов ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд пешкулик фуқароларга жами 55 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини туҳфа қилибди. Ҳар бир оилага 25 килограммдан ун, қадоқланган ҳолда 10 килодан картошка, 5 литрдан ўсимлик ёғи, шунингдек, пиёз, шакар ва бошқа маҳсулотлар тарқатибди.
— Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дейишади, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ёқуб Фаттоев.— Лекин масаланинг яна бир томони ҳам борки, эл бошига иш тушганида ўзини четга тортмаган, ўзгалардан марҳаматини дариғ тутмаётган инсонларни халқимиз билиш зарур.Чунки яхшилик ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Эътиборлиси, синовли шу кунларда элга қайишаётган бундай инсонлар сафи тобора кенгаймоқда. Чунончи, Пешку туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, ёш тадбиркор Жамол Саъдиев ижтимоий тармоқда махсус саҳифа очиб, кўнгиллилар билан ногирон, эҳтиёжманд фуқароларга ёрдам бермоқда. Туманнинг “Дейча” маҳалласида туғилиб ўсган, айни дамда пойтахтимиздаги “Аср кимё инвест” масъулияти чекланган жамиятини бошқараётган Ойбек Намозовни айтмайсизми? Ўндан зиёд турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, кўплаб иш ўринлари яратган бу юртдошимиз корхона даромади ҳисобидан “Қизил Ярим ой” жамияти туман бўлими негизида очилган жамғарма ҳисобига 100 миллион сўм ўтказди.
Ҳа, шундай серҳиммат инсонлар бор экан, эзгулик боғи гуллаб-яшнайди, юк ерда қолмайди.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг