«Қаршимда бир олам турар баҳоррўй…»

18:32 13 Август 2024 Маданият
221 0

13 август — Ўзбекистон халқ шоири

Усмон АЗИМ таваллуд топган кун

ВАТАН ҲАҚИДА ШEЪР

Опа, эсингиздаку,

(«О, ҳануз оғрийди дил»)

Очлиқдан қорни шишган

Қирқ бешинчи машъум йил.

Етти ёшда эдингиз

Сизга эмасди пинҳон:

Уруш — ўлим, шодлик — хат,

Тирикликку, аниқ — нон.

Опа, эсингиздаку,

Келганда жавзо ойи,

Сарғайиб думбул тортди

Болғалининг буғдойи.

Ювошгина қуш каби

Ҳаётнинг исин сезиб,

Дала кезар эдингиз,

Кафтингизда дон эзиб,

Сиз аниқ билардингиз,

Тирикликнинг исми — нон,

…Босиб кетди далани

От дупури ногаҳон.

Кафтингизга жонсарак

Яширдингиз бошоқни.

Э воҳ, ер шунча қаттиқ,

Осмон шунча узоқми?!

Қанотингиз бўлса ҳам.

Қайга учардингиз, хўш?

От келар, чавандознинг

Бир енги ҳилпирар — бўш…

Танидингиз бу — раис,

Ундан титрайди қишлоқ.

«Раис» деса жим ҳотар.

«Йиғлаётган» қўғирчоқ,

…Эслайсиз, магазинда,

Бўлган эди «ур-йиқит».

«Йўқ, яна қуясан», деб

Ҳайқирди бирқўл йигит.

У йиғлади гўдакдай…

«Шаҳид қолган дўстларнинг

Қасосини албатта,

Оламан», деб бўзлади.

Боқилган қўйдай семиз,

Магазинчи Шойимнинг

Ёқасига ёпишди:

«Топдим!» дея хоинни.

Эртаси хотин-халаж

Йиғилди — умуммажлис.

Йигит ўриндан турди:

— Сайланглар, бўлай раис…

Сайлашса сайлашарда,

Одам каму, раис мўл!

Майли, яраб қолади…—

Хотинлар кўтарди қўл.

Кейин раис ҳайқирди:

«Агар келгунча зафар,

Ким ўзини аяса,

Мана қамчи!.. Хотинлар!»

Ноннинг лаззатинику,

Тўлаб бўлмас қамчисиз…

Бошингизни қўл билан

Бекитиб чўкдингиз тил…

— Бу юрганинг нимаси,

Оёқяланг, бошяланг.

(Дон тўла кафтингизни

Сиқдингиз қўрқиб маҳкам)

— Қани, қўлингда нима?

(Қўрқув, даҳшат аралаш

Кафтингизни очдингиз —

Энди мумкин савалаш).

Кўзингиз ёшсиз эди,

Жиддий — тайёр хўрликка.

Ким ҳам раҳм қиларди

Сағир қолган шўрликка.

Ҳамма бутун таёқлар

Етим бошда синади…

Раис отидан тушиб

Бошингизни силади.

Ишонмасдан боқдингиз

Кўзларига умидвор.

Ҳайрат ичра қотдингиз…

У йиғларди шашқатор.

Йиғлар эди… Қизимни

Эзмасин, деб чўнг қайғу.

Тунда сассиз эзилган

Онангизга ўхшаб у.

Сиз ҳам зор йиғлаб бирдан

Осилдингиз бўйнига…

От ўйнатиб у кетди

Буғдойзорнинг қўйнидан.

Жавзо. Бир эрка шамол

Буғдойзорга урар тўш.

От елар. Чавандознинг

Бир енги ҳилпирар — бўш.

Опа, ўшандан буён

Ватан ҳақида суҳбат

Қўзғалса кириб келар

Кўзингизга бир сурат:

Жавзо. Бир эрка шамол

Буғдойзорга урар тўш.

От елар. Чавандознинг

Бир енги ҳилпирар — бўш..

Опа, Ватан — улуғ дард,

Опа, Ватан боғ бўлсин!

Шеърда суратин чизсам,

Тўрт мучаси соғ бўлсин!

* * *

Тонг чоғи тун билан кундуз учрашди,

Тунда армон билан юлдуз учрашди,

Баҳор билан кузак — бахтхуш учрашди,

Тошлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Булут замин билан йиғлаб учрашди,

Шамол куртакларни илғаб учрашди.

Висол ҳижрон билан минглаб учрашди,

Ёшлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Ўлик зил тупроқни отди кўтариб,

Ғофил тирикларни топди ахтариб,

Йўқлик ва борлиқни оралаб, ғариб —

Бошлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Сархуш ари билан учрашди гуллар.

Эрка шодлик билан учрашди мунглар,

Нигоҳлар, бағирлар, лаблару қўллар,

Қошлар учрашдилар, биз учрашмадик.

Ёнингда турибман далли девона,

Ёрима, кетдими ишқ ёна-ёна?

Мен сени қучаман… Совуқ, бегона —

Лошлар учрашдилар, биз учрашмадик.

* * *

Бизни чалкаштирди соат миллари,

Соатинг тўхтади ўн йил муқаддам.

Ўн марта айланди менинг йилларим,

Сен ўн йил кечикиб келдинг, Муҳаррам.

Ҳаво қуюқ эди. Кеча бежон, кенг…

Ҳеч умид йўқ эди ойдин рўзимдан.

Вақтга (ўн йил аввал) келолмадим тенг,

Вақт учди ажратиб мени ўзимдан.

Бир сўзим бор эди — у сўз тўзиди,

Бир ўйим бор эди — қуриди у ўй.

Сен келдинг эритиб йиллар музини,

Қаршимда бир олам турар баҳоррўй.

Бесабр боқурсан, нотинч боқурсан,

Уйқу бермагайсан шеърлар ёздириб.

Бормасам оламни ўтда ёқурсан,

Кўзларинг қалбимга кирар бостириб.

Тоқат қил. Шоширма. Мен бораяпман.

Пойимдан нур каби оқа бошлар Ер.

Кетмагин. Мен сендан ўн йил нариман.

Ўн йилдан ўтишга ўн дақиқа бер…

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?