Қарс икки қўлдан чиқади

Фото: Иллюстратив cурат
Куз-қиш мавсумида, айниқса, қишлоқ туманларда яшовчи аҳолини қийнаётган муаммолар электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Гарчи ушбу муаммоларни бартараф этиш, мавсумга тайёргарлик доирасида таъминот тармоқларида таъмирлаш ва барпо этиш ишларига тегишли корхона-ташкилотлар доимий эътибор қаратсада, совуқ кунларда чироқнинг соатлаб ўчиб қолиши, қиз-жувонларнинг печь ёқишга мажбур бўлиши каби манзаралар ҳамон қишлоқларимиз ҳаётида кузатилаётир. Бу энергия таъминотидаги камчиликларни кўрсатади, албатта, бироқ қарс икки қўлдан чиқишини ҳам унутмаслик керак. Айтмоқчимизки, соҳада мавжуд муаммоларга биргина таъминотчилар эмас, балки истеъмолчилар ҳам кўп ҳолларда сабабчи бўлмоқда.
Мисол учун, Андижон туманидаги «Қурама» маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилган назорат тадбири давомида фуқаролар томонидан иккита юқори кучланишни трансфарматор орқали электр энергиясига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, бунинг оқибатида энергетика тизимига 40,4 млрд. сўм миқдорида зарар етказилган.
Шу каби истеъмолчиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини газ таъминотида ҳам учратамиз.
— Табиийки, ҳаво ҳарорати пасайгани сари табиий газга бўлган эҳтиёж ортади, — дейди «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Акмалжон Ҳолиқов. — Ана шу эҳтиёжни қондириш учун ҳар бир истеъмолчи томонидан сарфланиши мумкин бўлган газ миқдори олдиндан ҳисоб-китоб қилинади ва шунга асосан йўналтирилади. Бироқ эҳтиёждан ортиқча газ сарфланаётган хонадонлар ҳам йўқ эмас. Ўрганиш ишлари давомида уларнинг аксарияти қўл бола газ сўргич мосламаларидан фойдаланаётгани аниқланди. Биргина Балиқчи туманида 24 та шу каби ҳолат қайд этилди. Бу уларга нисбатан жами 114 млн. сўм миқдорида жарима қўлланилишига сабаб бўлди.
Қиш-қировли кунлар ҳали олдинда. Демак, электр энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёж ортса ортадики, асло камаймайди. Шундай шароитда айрим кимсалар фақат ўз ҳузурини ўйлаб, свет ва газдан фойдаланишда амалдаги тартибларга риоя қилмаслиги ғоятда таассуфли. Бинобарин, киши ўз манфаатини қонун-қоидалардан устун қўйган чоғда ўзгалар ҳуқуқига дахл қилган бўлади. Бундай хатти-ҳаракат эса қонуний жавобгарликка олиб келади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг