"Қандай олим бўласан, ишламаган бош билан?!"
«Халқ сўзи» газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида «Ёш ижодкорлар гурнги»ни ташкил этди.
Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.
Бугун 1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан болалар шоираси бўлиб етишиб келаётган андижонлик умидли ёш ижодкор Моҳидил Абдуллаеванинг ижод намуналарини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Моҳидил Абдуллаева – 1998 йил Андижон вилоятида туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети битирувчиси. Болалар учун «Раққос япроқлар» номли шеърий тўплами нашр этилган. Зомин республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси.
МАКТАБГА БОРАМАН
Сен мактабга борасан:
Бўйинг баланд бўлганда,
Етти ёшга тўлганда
Уқтирар Қуён хола.
Ўйланиб Қуён бола,
Кейин чизғич ёнига
Аста келдию юриб,
Оёқ учида туриб,
Қулоғини кўтарди
Ва суюнчи кутарди.
Тўнка устига чиқиб,
Ўҳҳў, деди Айиқвой:
Ўсибсанми, Қуёнтой?
Типратикан ҳавасда,
Қуёнча дер тинмасдан:
– Мен мактабга бораман!
АЪЛОЧИ
Ирода кўп одобли,
Билимли ҳам ораста.
Ҳар доим «беш» олади,
Барча унга ҳавасда.
Ҳамма иши маъноли,
Шу, биттаси бемаза:
Ёқмайди вазифани
Кўчиришга бермаса.
БEШНИНГ АЙТГАНИ
Каминаю камтарин
Тўрт сонининг акаси.
Танидингиз мен ўша --
Олтивойнинг укаси.
Рақамлар салтанатин
Ғир айланиб кезай ман.
Аълочи болаларнинг
Кундалигин безайман.
Ўйлаб кўрчи, нимага
Анвар доим бахтиёр?
Чунки у яхши ўқир
Ва дафтарда «беш»и бор.
ТАНАФФУС
Математика зўрда, —
Деди кулиб Робия.
— Эҳ билмасвой, энг зўри
Бу жисмоний тарбия.
— Ўқиш энг яхши фан-ку,
Нега ҳеч ким билмайди?
— Менга табиат ёқар,—
Деб Турсунбой жилмайди.
— Энди ўзим айтаман,
Бунақаси кетмайди,
Бу фанларнинг ҳеч бири
Танаффусга етмайди.
"ИККИ"ЧИ
Бугун мен «икки» олиб,
Бўлиб қолдим "икки"чи.
Омонни "икки"чи деб,
Бермагандим чизғичим.
Кундаликни ойимга
Ҳеч кўрсатгим келмайди.
Энди Омон ҳам менга
Чизғичини бермайди.
НЬЮТОН
Боғимизга кўрк бериб
Турибди кўм-кўк ғўра.
Едик биз мазза қилиб
Баҳорнинг ўзи зўрда!
Пастки шоҳлар айрилди,
Пишмаган ўриклардан.
Жуда берилиб кетиб,
Тош ўтдик шўрликларга.
Адо бўлди мевалар
Тўлмай асл ёшига.
Битта тош қайтиб тушди.
Отабекнинг бошига.
Ойим айтди, Ньютон
Бошига тушиб олма.
Бир қонунни кашф этиб,
Зўр олим бўлиб қолган.
Энди менинг акам ҳам
Олим бўлади, аниқ.
Укам, анов тошни ол,
Томга чиққинчи, қани.
Ўзим пастда тураман,
Тошни ташла бошимга.
Мен ҳам олим бўламан,
Тўлмасдан ўн ёшимга.
Деб, ҳазил қилсам, укам,
Кулар кўзда ёш билан.
Қандай олим бўласан,
Ишламаган бош билан?!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
- Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг