Қадимги расадхона

16:11 24 Январь 2020 Маданият
1248 0

Қадимги ёдгорликларни тарихчи, археологлар билан ўрганиш, улар хусусида суҳбатлашишнинг завқи бўлакча. Бу ўзига хос ижодий мулоқот пайтида шундоққина қаршингда қоядек қомат кериб турган ёки дўнг янглиғ ястаниб ётган қадимий ёдгорликлар ўзининг бутун сир-синоатини секин-аста намойиш этган ҳолда киши шуурини олис ўтмиш сари етаклайди.

“Қизилқум экспедицияси” вақтида элликқалъалик тарихшунос олим Самандар Исмоилов билан қадимги расадхона – Қўй қирилган қалъа тарихини ўрганиш ва уни тасвирга олиш жараёнида айни шу ҳолатни идрок этганмиз. Бир томони Қизилқум, иккинчи томони Қорақумга туташ қадимий Амударёнинг қуйи қисми қўш соҳилидан ўрин олган кўҳна Хоразм давлати кўз ўнгимизда намоён бўлган. Бу ёдгорликка бежиз тўхталмадик.Негаки, уч минг йиллик тарихга эга бу обида расадхона бўлиб қолмай, математика, геометрия, тригонометрия, физика, астрономия, астрология ва геодезия каби фанлар ривож топган ўқув маркази ҳам эди. Аммо нима учун “Қўй қирилган қалъа” деб аталган у? Бу саволга Самандар ака қуйидагича изоҳ беради: “Агар гапни узоқдан бошласак, бундай номланиши, аниқроғи, шу номда илмда қайд этилишининг сабаби, ўтган асрнинг ўттиз еттинчи йилида Амударёнинг ўнг соҳилидаги тарихий обидаларни аниқлаш ва уларни рўйхатга олиш мақсадида келган археолог С.П. Толстов фотограф Е А. Поляков ҳамда Беруний туманидаги “Саксон бир” овулида истиқомат қилувчи туякаш Сансизбой Ўрумов деган қозоқ чол ҳамроҳлигида туяларда саҳро кезиб, машаққат чекиб, мавжуд кўҳна обидаларнинг барчасини бирма-бир суратга олиб, рўйхатга тиркаб чиқади. Шахсан мен археолог Сергий Толстов раҳбарлигидаги экспедиция аъзоларидан сўнгги нафасимгача миннатдорман. Ўша кезларда аксарият қадимий қалъа ва қўрғонларнинг ҳақиқий номи унут бўлиб, баъзилари маҳаллий аҳоли томонидан турлича номланиб, айримлари бутунлай номсиз эди. С. Ўрумов обидалар номини ўз тилида ифода этгани сабабли кўпгина қалъа ва қўрғонлар номи фанда қозоқ тилида қайд этилган, масалан, Жонбошқалъа дегандай.” Хуллас, Бозорқалъа, Қўйқирилганқалъа, Қизилқалъа, Тешикқалъа, Думонқалъа, Қаватқалъа, Бургутқалъа каби ўнлаб ёдгорликлар ерли кишилар томонидан қандай аталган бўлса, худди шу номда тарих саҳифасидан ўрин олган. Бундан ташқари, кекса отахон айрим номсиз қалъаларни ташқи кўринишига қараб ўзича номлаб кетаверган. Бу одат маҳаллий аҳолига хос бўлиб, обидаларни номлашда унинг ташқи кўринишига кўпроқ эътибор беришган. Масалан, Тешикқалъа – шу кунгача сақланиб қолган деворларидан бирида каттакон тешик бўлгани учун, Бургутқалъа – бир девори қўниб турган бургутдай қўнқайиб тургани сабаб, Қизилқалъа – қуёшнинг чиқиш ва ботиш пайтида қалъа деворларининг қизариб кўриниши туфайли шундай номланган. Қўйқирилганқалъага келсак, айтишларича, қайси бир замонда қалъа пойида ўтлаб юрган қўй суруви бўриларнинг кутилмаган ҳамласидан нобуд бўлган ва Қўйқирилганқалъа деган ном шундан қолган экан.

Хўш, мазкур қалъанинг қадимий ҳақиқий номи нима?

Қалъанинг қадимий ҳақиқий номи “Хадаркат”дир.

Қадимда Хадаркат, эндиликда Қўйқирилган қалъа деган номга эга бўлган ёдгорлик ўтмишига чуқур назар ташлаганимиз сайин кўзимизга у ўзгача кўриниб, қалбимизда ҳайрат ҳиссини туя бошлаймиз. Бироқ, бундан уч минг йил нарисида донишманд аждодларимиз самовий ёритгичларнинг ўрни ва ҳолати ҳамда ҳаракат қонуниятларини айнан, ушбу нуқтадан туриб кузатишганини идрок этишимиз барибир осон кечмайди. Аммо бу айни ҳақиқат – ўтган асрнинг эллигинчи йилларида бир гуруҳ археолог олимлар билан қалъада қазиш ишларини олиб борган С.П. Толстовмазкур обида нафақат расадхона, балки меъморчилиги жиҳатидан Марказий Осиёдаги энг қадимги қалъалиги ҳақида Москвага ҳисоб бериб турилган. Ўша пайтда айрим ёдгорликлар, жумладан, Қўй қирилган қалъанинг ёши ҳам бир неча асрга ёшартирган ҳолда кўрсатилиши археологлардан қатъий тарзда талаб қилинган. Археологлар бу йўриққа сўзсиз итоат этмоққа мажбур бўлишган. Бу билан демоқчиманки, қадимий бу расадхона дунёнинг бошқа жойларига нисбатан анча бурун, яъни милоддан аввалги IV асрда эмас, балки милоддан бурунги VIII асрда бунёд этилган. Бу ўз-ўзидан арифметика, математика, геометрия, тригонометрия, физика каби фанлар бизда анча олдин ривожланганини билдиради. Бу ҳолатни тарихий маънавий тараққиётга таққослаб, милоддан аввалги IV асрда яшаб ўтган антик даврининг буюк олимлари Платон ва Аристотел дунёвий фанлар ривожида катта ишлар қилишганини назарда тутар бўлсак, бизда бу саъй-ҳаракат анча бурун бошланганини идрок этиш қийин эмас. Диёримизда расадхона қурилиши ва дунёвий фанлар ривожланиши даври ҳозирга қадар тарих китобларида ёзилганига нисбатан қарийб минг йил олдинга тўғри келади.

Билимга оид суҳбатлар ҳамиша баҳсли кечади. Табиий, орада бу фикрга қарши чиққанлар ҳам бўлди. Ана шунда Самандар ака қалъа тупроғидан бир сиқим олиб, ўйчан алфозда қадимги Аркаим шаҳрини эсга олади. Камина бу кўҳна шаҳар тарихидан бохабарлигим боис, у ҳақда қисқача тўхталиб ўтаман:ўтган асрда бир гуруҳ археологлар жанубий Урал тоғ ёнбағирлигида милоддан аввалги ХVII асрга оид ёдгорлик – Аркаим шаҳри қолдиқларини қазиб ўрганиш пайтида, шаҳар марказида айнан, Қўй қирилган қалъага ўхшаш бир ёдгорликка дуч келади. Бу обидада ҳам қуёш ибодатхонаси, осмон жисмларини ўрганувчи расадхона ва шунингдек, куну тун олов алангаланиб турувчи ўтхонани мавжуд эди. Хўш, бу икки ёдгорликдаги ўхшашлик нимани англатади? Ўшанда бу жумбоқ барча археологларни чуқур ўйга толдирган ва кейинги изланишлар натижаси ўлароқ, бу икки қалъа бир-бирига боғлиқ ҳолда бир даврда фаолият кўрсатган, дея бир тўхтамга келинган. Археолог олимларнинг бу фикри Қўй қирилган қалъа милоддан аввалги IV асрда эмас, балки ундан олдинги даврда бунёд этилгани ва қадимги аждодларимиз илм билан жиддий машғул бўлганини билдиради. Бу фикрни тарихчи Тоҳир Каримнинг “Муқаддас Авесто изидан” китобидаги (118-124-бетлар) қуйидаги маълумотлар ҳам тўла тасдиқлайди: “Ақчадарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Хадаркат (Қўйқирилганқалъа) бутун Хоразм, шунингдек, зардуштийлик динидаги барча элатларнинг эътиқод марказига айланган эди. Бу ерда асосан зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган юқори мартабали коҳинлар, меҳмонхона хизматчилари, жумладан, шаҳар марказида қурилган Амударё (“Авесто”да Даҳя) маъбудаси Ардви Сура Анахита шарафига бунёд этилган марказий оташкада хизматчилари истиқомат қилар эди. Оташкадага туташ шифохонада табиблар, иккинчи бир томонидаги ўқув масканида диний ва дунёвий билимлардан сабоқ олувчи талабалар истиқомат қилар, марказдан ўрин олган расадхона (обсерватория)да ўнлаб олим ва мунажжимлар фаолият кўрсатган. АммоФаразман подшолиги даврига келиб Хадаркат инқирозга юз тутади ва мамлакат пойтахти Нузкатга кўчирилади.

Бу маълумотни бежиз келтирмадик, чунки эрамиздан бурунги IV асрда Александр Македонский Марказий Осиёга ҳужум қилган пайтда ҳақиқатдан Хоразм подшоси Фаразман бўлган ва унинг ҳукмдорлиги узоқ асрлар гуллаб-яшнаган Хадаркатнинг таназзули вақтига тўғри келган. Шу ўриндан, яна бир маълумот, Қўйқирилганқалъа нафақат астрономик кузатишлар маркази, балки дастлабки Хоразм ёзувининг бешиги ҳам бўлган. Археологлар фикрига кўра, Марказий Осиёга тааллуқли ёзувнинг энг қадимги намуналари айнан, ушбу қалъадан топилган. Бу ёзувлар Оромий хати асосидаги Хоразм алифбосида битилган бўлиб, олимлар бу ноёб осор милоддан аввалги III асрга тааллуқли эканини аниқлашга муяссар бўлган. Хоразм ёзуви дунёдаги дастлабки ёзувлар – Форс миххати, Финиқий ва Оромий алифболари билан деярли бир даврда пайдо бўлган. С. Исмоилов бунга қўшимча қилиб шундай дейди: “Гар “Авесто”нинг миллоддан аввалги VIII асрда ёзилганлигини назарда тутар бўлсак, Хоразм ёзуви ундан анча олдин пайдо бўлган.”

Шундан кейин у киши Қўйқирилганқалъдан топилган яна бир осор ҳақида сўзлайди. Бу осор қалъа деворига битилган математик формулалар экан. С. Исмоилов қалъа бўлмаларидан бирининг ўтган грек олимлари Гиппарх ва Птоломей асарларида учраганидек, Косинус атамаси V–ХIII асрларда ҳинд олимлари асарларида ҳам мавжуд экан. Марказий Осиёда дастлаб Абул Вафо Бузжоний синуслар жадвалини тузган. ХIII асрда яшаб ўтган Насриддин Ат-Тусий “Тўла тўртбурчак ҳақида” асарида бу атамалар ҳақида маълумот берган. Абу Райхон Беруний, Улуғбек, Коший асарларида тригонометрик теоремага оид атамалар янада бойитилган. Европада уйғониш даврида дастлаб инглиз олими Бродуардин (1290-1349 й.) асарида ҳам бу атамалар ишлатилган. Кейинчалик бу фан ўн бешинчи асрда яшаб ўтган немис олими Иоган Мюллер, поляк олими Коперник ҳамда Лобачевский асарларида ривожлантирилиб, ҳозирги замон фани даражасига кўтарилган. Хўш, бу нимани англатади? Қўйқирилганқалъа деворидан топилган теорема формулалари, шунингдек, косинус теоремаси формуласи ер юзининг бошқа жойларига нисбатан қарийб 900 йил олдин бизда яратилган экан. Бу ноёб осорларнинг девор юзида сақланиб қолишига келсак, расадхонада талабаларга дарс ҳам берилганини унутмаслик лозим.

Дарвоқе, кейинги пайтда илм аҳлидан айрим кишиларни бу даражада мураккаб қалъа лойиҳасини тузиш ҳамда уни қуришда қандай ўлчов ускунаси қўлланилгани жуда қизиқтирган. Ахир, бу қадар аниқ, бу даражада мураккаб ўлчамдаги лойиҳани яратишнинг ўзи бўлмайди. Аммо, аксига олгандай,қалъада қазишма ишларини олиб борган археологлар томонидан ўлчов ускуналари ҳақида ҳеч қанақа маълумот қолдирилмаган. Бу эса олимлар орасида турли қарашларнинг юзага келмоғига сабаб бўлган. Қадимшунос М. С. Лапиров-Скобло ўз илмий мақолаларидан бирида қуйидаги фикрни олға суришга уринган: “Қўйқирилганқалъа қурилишида ўлчов ускунаси сифатида арқондан фойдаланилган, яъни арқондаги бир тугун хонанинг энини, иккинчи тугун хона узунлигини, бошқа тугунлар пахсанинг қалинлиги, баландлиги ва бошқаларни белгилаб олиш воситаси бўлган.” С. Исмоилов бу фикрга қатъян қарши чиқади: “Фан ютуқлари асосида бунёд этилган мураккаб қалъа қурилишида узунлик ўлчови сифатида оддий арқондан фойдаланилган, деган фикр мутлоқа асоссиз. Агар олим “Авесто”дан бохабар бўлганда, бу гапни айтмоқдан тийилган бўларди. Чунки бу муаммо ечими муқаддас “Авесто”да аниқ келтирилган. Бу фикрга қўшилишни истамаган одам “Авесто”нинг – таниқли олим М. Исҳоқов томонидан таржима қилинган – “Видевдод” ва “Яшт” китобларини бемалол варақлаб кўрмоғи мумкин.” Агар мазкур китобларни варақлайдиган бўлсак, қуйидаги маълумотлар билан танишмоқ мумкин: “хатра” – бир чақирим масофага, “аштр” – бўғин ёки бармоқ энига, “ашти” – тўрт бармоқ энига тенглиги ва шунингдек,“ветосий” – ўн икки бармоқ ҳажмдаги узунлик ўлчови, “фрабазу” – билак ҳажмидаги узунлик ўлчови, “вайбазу” – миқдори тугал бўлмаган, яъни турлича айтилган узунлик ўлчовларини билдирган. Хўш, энди мушоҳада қилиб кўрайлик,“Авесто”ни ўқиган ва ундаги билимлардан тўла баҳраманд бўлган қадимги аждодларимиз наҳотки, ўлчов асбоби сифатида арқондан фойдаланган бўлса? Қадимгилар ҳар қандай қурилиш ишларида, астрономик кузатишларда, ер ва масофани ўлчашда турли ўлчов бирликлари ва ускуналаридан ҳамиша унумли фойдаланиб келишган ва бу нарса тарихий битикларда ҳам ўз аксини топган. С. Исмоилов таъбири билан айтганда, ўша даврда фан ва маданият нечоғли ривожланганини қалъа бағридан топилган турли ҳайкаллар ҳам айтиб турибди. Оташпарастлик дини маъбудаси – Анахита, оналар маъбудаси – Хоразм мадоннаси, маъбуда Мина ва бошқа шу каби осорлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Бу каби мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Қизилқум бўйлаб қилинган ҳафталик экспедиция давомида вақт қандай ўтганини билмаймиз. Боиси, саҳро кенглигида бири бўйланиб, бири ясланиб ётган кўҳна ёдгорликнинг ҳар бири ўзига хос бир тарих – “Қадимги Хоразм” деб аталмиш улкан китобнинг нодир саҳифаларидир. Табиий, нодир саҳифаларни ўқиб, аждодларимиз олис ўтмишига назар ташлаганинг, даврни тасаввурингда жонлантиргинг келади. Аммо бу саҳифаларни ўқимоқ осон эмас ва у ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун қаватингда соҳа билимдонлари бўлмоғи лозим. Шунга кўра, бу сафарги экспедицияда Қўйқирилганқалъа билан кифояланар эканмиз, ҳикоямиз сўнггида расадхоналарнинг пайдо бўлиши сабабларига андак тўхталиб ўтамиз.

Нормурод НОРҚОБИЛОВ, ёзувчи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?