Президентнинг прогрессив ғояси — кластер ҳақидаги китоб Германияда чоп этилди

“Cotton-Textile Cluster — lokomotive of the economic development” («Пахта-тўқимачилик кластери — тараққиёт локомотиви»). Рисоланинг номи шундай. У Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор М.Раҳматов, академик, биология фанлари доктори, профессор Б.Зарипов, Наманган давлат университети ўқитувчиси Б.Ниёзметов, шунингдек, юртимиздаги қалдирғоч кластерлар “BCT Cluster” ва “TCT Cluster” кластерлари лойиҳа координатори М.Раҳматов ҳамда бош менежери А.Баҳромов муаллифлигида, Республика олий таълим кенгаши раиси, иқтисодиёт фанлари доктори профессор Ў.Умурзоқов илмий муҳаррирлиги остида инглиз тилида нашр этилди.
Китобда мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Хусусан, ушбу соҳага татбиқ этилаётган янги ғоялар, инновация ва ноу-хаулар аграр секторни саноатлаштириш, қишлоқ меҳнаткашларининг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилаётгани пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти мисолида кенг очиб берилган. Бунда нафақат матн, балки тасвирлар, инфографикалар, диаграммалардан унумли фойдаланилгани қўл келган.
Эътироф этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ғояси асосида амалиётга кластер тизими жорий этилиб, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва чуқур қайта ишлашнинг “занжирли усули” яратилди. Хўш, бу қандай самара беряпти? Ўқувчилар китобда ушбу саволга муфассал жавоб олишлари мумкин. Зеро, олимларимиз давлат раҳбари томонидан илгари сурилган «Буюк келажагимиз бугундан бошланади», «Ўзбекистон халқи эртага эмас, бугун бахтли яшаши керак» тамойилларининг мазмун-моҳиятини айнан кластерлар асосида чуқур таҳлил қилиб беришган.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, кластер ва манфаатдорлик Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг келажагидир. Шу боис сўнгги йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада юзага келаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш борасида самарали механизм яратилди. Натижада аграр соҳада мулкни бошқариш ва маҳсулот етиштиришнинг кластер усулида бой тажриба тўпландики, эндиликда бу борада хорижий давлатлар билан бемалол рақобатлашиш мумкин. Рисолада бунинг асосий омиллари тўлақонли кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш керакки, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали соҳада самарадорликни оширишда кластер энг истиқболли йўлга айланмоқда. Бир мисол, айнан кластерлар туфайли ҳозирги давр талаби бўлган илмий-тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаштириш ҳажми кўпаяди, уларнинг техник таъминот даражаси юксалади. Ўз навбатида, инвестициявий ташқи лойиҳаларни ташкил этиш, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишда янги имкониятлар вужудга келади. Илмий ходимлар ва мутахассисларни кўпроқ рағбатлантириш, янги товарларни Ўзбекистон бренди билан ихтиро қилишга мустаҳкам пойдевор бўлади.
Илмий асарда Ўзбекистон тўқимачилик ва енгил саноат тизимида кластерларни шакллантириш масаласи мамлакат миқёсида эмас, балки минтақалар — вилоятлардаги аниқ иқтисодий-ижтимоий шарт-шароитлар асосида амалга оширилаётгани энг оқилона йўл эканлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида иш юритишнинг кластер тизимига ўтилишидан кўзланган биринчи мақсад — ердан самарали фойдаланиш, — дейди профессор Муртазо Раҳматов. — Қолаверса, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, четга хом ашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар сотиш, даромадни ошириш орқали дала меҳнаткашларининг ҳаёт даражасини кўтаришдир. Зеро, аграр жабҳадаги натижалар биргина ҳосилдорлик кўрсаткичи билан ўлчанадиган даврлар ўтиб кетди. Олинадиган даромад ва соф фойда асосий мезонга айланиши керак. Китобда ана шу жиҳатни нафақат назарий ва илмий тарафдан, балки ҳаётий мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ўзбекистонда қисқа давр ичида бу борада эришилган натижалар ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Бухородаги “BCT Cluster” ва Тошкент вилоятидаги “TCT Cluster” кластерлари фаолиятига мурожаат қилдик, аниқ деталлар ва далилларга суяндик.
Оддий мисол, фермерлар толанинг бир килосини 1,5 долларга сотса, кластерлар пахта хом ашёсини бундай арзон баҳога сотмайди. Уларда 1,5 долларлик хом ашёни 25 доллар қийматга айлантириш имконияти бор. Мана, кластернинг асосий устунлиги қаерда?!
Кластернинг яна бир афзаллиги аҳоли бандлигини таъминлашда кўзга ташланмоқда. Чунки ҳар 100 гектарда 15 — 25 нафар киши доимий иш билан таъминланиши, уларга меҳнат дафтарчаси очилиб, ойлик маош берилиши керак. Афсуски, фермер хўжаликларида бунинг уддасидан амалда чиқилмагани оқибатида чекка ҳудудларда ишсизлик масаласи энг оғриқли муаммога айланди. Кластер усулига ўтилгач, одамлар йил — ўн икки ой иш билан таъминланди, меҳнатига яраша ҳақ берилмоқда. Бугун улар қишлоқ хўжалигидаги кластер ислоҳоти самараларини ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Рисолада бу масалалар ҳам қамраб олинган.
Умуман олганда, Германияда нашр қилинган мазкур китоб дунё ҳамжамиятини Президент Шавкат Мирзиёевнинг элни фаровон, халқни бой қилишдек эзгу мақсадга йўғрилган ушбу ғояси мазмун-моҳиятидан яқиндан хабардор этиш, Ўзбекистонинг ноёб тажрибаси билан яқиндан таништириш, демакки, Янги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилади. Айниқса, чет эллик ишбилармонлар, инвесторлар, экспертлар, давлат ва нодавлат сектор вакиллари учун мамлакатимиздаги ўзгаришларга оид зарур маълумотларни олишларида қимматли манбага айланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, давлатлар ўртасида нафақат иқтисодий ҳамкорликни, балки «халқ дипломатияси»ни ривожлантиришга ҳам муҳим ҳисса бўлиб қўшилади, деган умиддамиз.
Дарҳақиқат, ушбу китоб чоп этилган Германиянинг “LAMBERT Academic Publishing” халқаро илмий нашриёти бутун дунёда ўз мавқеига эга нашриётлар сирасига киради. Ҳар йили 5 млн.дан ортиқ академик ишлар, монографиялар, илмий-тадқиқот лойиҳалари, илмий мақолалар, ижодий ишлар чоп этилади. Шу боис мазкур нашриётнинг жаҳон рейтингидаги ўрни ҳам анча баланд. Буни нашр этган китоблари 80 дан ортиқ мамлакатларда сотилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда нашриёт amazon.com, libri.de, morebooks.de, umbreit.de, knigozal.com каби йирик интернет дўконлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг