Президент Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 август куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг асосий натижалари ва истиқболдаги устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Бош прокуратура, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо, мудофаа, ички ишлар вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Мудофаа саноати давлат қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизнинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда эришилган амалий натижалар, глобал тенденциялар, шунингдек, жаҳон ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хатарлар кўриб чиқилди. Кейинги йилларга мўлжалланган ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий вазифалари белгилаб олинди.
Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган очиқлик ва ишонч сиёсати туфайли Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро англашувга асосланган мутлақо янги сиёсий муҳит шакллангани таъкидланди. Минтақанинг барча мамлакатлари билан стратегик шериклик алоқалари йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, олий даражадаги тадбирлар натижасида анъанавий дўстона муносабатлар ўрнатилган мамлакатлар, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Германия, Франция, Осиё қитъаси давлатлари билан ҳамкорлик салмоқли даражада мустаҳкамланди.
Асосий ташқи иқтисодий ҳамкорлар билан ўзаро савдо ҳажмлари барқарор ортиб бораётгани, Марказий Осиёда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан, жумладан, парламент томонидан қатъий назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистоннинг БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу тузилмалар доирасида мамлакатимиз ташаббусларини илгари суришга доир вазифалар белгиланди.
Йиғилишда шу давргача амалга оширилган ишлар танқидий баҳоланди ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳамкор давлатлар билан ўзаро манфаатли мулоқотни йўлга қўйишни давом эттириш, шунингдек, икки ва кўп томонлама алоқалар доирасида миллий манфаатларни таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг