Ўзликни англаш масканига саёҳат

22:17 30 Март 2026 Жамият
198 0

Пойтахтимизда барпо этилган муҳташам илмий – маърифий маскан – Ислом цивилизация марказига жамоатчиликнинг ташрифи кун сайин кенгайиб бормоқда. Куни кеча бу ерга Наманган вилоятининг асосан ёшлардан иборат бўлган делегацияси ҳам келиб , юртимизнинг бой тарихий мероси, ислом маданиятининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ва буюк аждодларимизнинг илмий фаолиятини замонавий ёндашув асосида намоён этувчи кўргазмалар билан яқиндан танишди. Айни жараёнда уларга марказнинг консепсияси, ноёб қўлёзмалар фонди, интерактив экспозициялар ҳамда илмий-тадқиқот йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Бу ердаги экспозициялар орасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимизнинг илмий мероси, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси замонавий технологиялар орқали жонли ва таъсирчан тарзда ёритилгани айниқса эътиборни тортади, — дейди ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходими Хусанбой Пошшахонов. — Делегациямиз аъзолари уларни кўриб, тарихий билимларини янада бойитдилар, олис ва яқин ўтмишимиз, илм–фан ва миллий қадриятларга нисбатан қизиқишлари ортди. Аксарият йигит-қизларда аждодларимизнинг илмий ютуқлари билан фахрланиш ҳисси ортиши баробарида «биз ҳам шундай буюк ишларни амалга оширишимиз мумкин», деган ишонч кучайди.

Ташриф давомида иштирокчилар марказда яратилган интерактив зоналар, замонавий мултимедиа воситалари орқали берилаётган маълумотларни диққат билан қабул қилдилар. 150 дан зиёд ёшларни жамлаган саёҳат таассуротлари келажагимиз эгаларининг маънавий дунёқарашини бойитиб, илм-фанга бўлган интилишларини янада ошириши билан муҳим аҳамият касб этди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер