Ўзини оқлайдиган бизнес

19:56 26 Ноябрь 2025 Жамият
239 0

— Ҳовлингизда уч-тўрт бош қўй-эчки ё қорамоллар боқяпсизми, демак сиз қишлоқнинг қўли узун, рўзғори тўкин одамларидан бирисиз. Агар меҳр ва ақл уйғунлашса, чорва касалликка чалинмай кўпайиб борса, сарфланган пул тезда ўзини оқлайди ҳам, — дейди Норин туманидаги Норинкапа қишлоғида яшовчи ёш тадбиркор Санжар Азимов. — Бундан уч йил аввал 35 минг долларга 10 бош зотдор совлиқ ва 2 бош наслли қўчқор сотиб олган эдим. Ҳозир жониворларнинг сони 26 бошга етди. Бунга шу йилнинг ўзида 40 минг долларга сотилган наслли қўчқору совлиқлар кирмайди.

Санжар Азимовнинг сўзларига қараганда, зотдор қўй боқиш кони фойда. Молбозорга чиқиб қўйларни кузатинг, тез ўсадиган, зоти яхшиланган жониворларнинг харидори кўп. Кўпчилик жайдарига нисбатан зотдор қўчқорларнинг эгаси бўлишга интиляпти. Ҳатто арашан зотли уч йиллик қўчқор 180 килодан оғир бўлгани боис кечагина Наманганда ўтказилган 3- халқаро зотдор чорва ҳайвонлари кўргазмасида намойиш этилиб, биринчи ўринни эгаллади. Унинг эгасига икки камерали замонавий музлаткич совға қилинди. Ҳатто ўша совриндор қўчқорни оз эмас, кўп эмас 10 минг долларга сўраганлар ҳам бўлди.

—Қўй —барака, том маънода бойлик. Ота -боболаримиз қадимдан шу соҳага меҳр қўйган, биз ҳам шу йўлдан боряпмиз,— дея сўзини давом эттиради Санжарбек Азимов. — Ҳовлимдаги мана шу жониворларнинг озуқаси учун бир йилда 30 млн. сўмга яқин сарф-харажат қиламан, аммо фойда икки-уч карра юқори. Шу йил апрел ойида ромитанлик чорвадор Шахриёр Истамовга бир бош зотли совлиқни қўзиси билан 9 ярим минг долларга сотдим, десам балки ишонмассиз. Аммо бу бор гап. Бундан ташқари яқинда шаҳрихонлик Улуғбек Бобоевга 28 минг 600 долларга ҳам зотли қўчқорларимдан сотдим. Ҳадемай ўн бошдан ортиқ совлиқ туғади, уларга ҳам ҳозирданоқ харидор нақд.

Санжарбекнинг отаси Баҳодир ака ҳам кўпни кўрган, ғайратли инсон, асосий вақти фермада ўтади, чорва ҳайвонларини меъёрдагидек парваришлаш борасида тажрибаси катта. Муҳими Азимовлар оиласида аҳиллик, тотувлик бор. Отанинг маслаҳати, дуоси Санжарбекка қуч -қудрат бераётир. Отасию бобосининг эркаси саналган Муҳаммадсолиҳ эса кичкина бўлса-да, қўзиларни кўрганда беҳад қувониб кетади.

—Давлатимиз раҳбари шу йил Наманган вилоятига ташрифлари чоғида қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари қатори Нориндаги чорвачилик ривожи билан ҳам қизиққан эди. Ўша жараёнда интенсив балиқчилик қатори Санжар Азимовнинг жуда қисқа муддатда зотдор қўйчиликни йўлга қўйгани тилга тушди. Бу тажрибани Нориндаги барча қишлоқ хонадонларда жорий этиш, Азимовлар ташаббусини қўллаб қувватлаш лозимлиги ҳам таъкидланди,— дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Мирзобобир Мақсудов.

—Қўйларни сотган одам дуога қўл очиб, барака топинг, отангизни раҳматини олинг, деганди. Ўшанда бу гапга шунчаки, айтди -қўйди-да, деб кўпам эътибор бермагандим. Ўша бухоролик йигит “Қўйларингизни дарагини эшитиб келдим,ака, кам деманг, рози бўлинг, бу пулни ўзим миниб юрган “Кобальт”ни сотиб келтирдим,” деганда, у берган пул она сутидек ҳалол эканлигини англаганимда мендан бахтли инсон йўқ эди. Отам барака топ болам, деди. Илгари акам Баҳромжон билан иш излаб Қозоғистонга борганим, кимнингдир қўлида мардикор бўлиб ишлаганим ёдимга тушди. Бўлар экан-ку, қишлоқнинг ўзида пул топса, зотдор қўй бизнеси ортидан миллионларни топса дедим ўзимга ўзим. Бу ишим ўзимга ҳам Баҳром акамга ҳам катта руҳ берди. Насиб этса, чорвани янада ривожлантираман. Чунки Президентимиз тадбиркорлар учун барча шарт-шароитларни яратиб беряптилар. Агар икки-уч йил ичида давлатимиз раҳбарининг одилона сиёсатидан руҳланиб, чорва бош сонини ўн карра кўпайтира олсак, бу бизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан юксалтиради. Ўғлим Муҳаммадсолиҳнинг келажаги учун ҳам етарли сармоя топган бўламан. Қолаверса, ҳалол меҳнат, эзгу ният одамни янгидан янги ғоялару лойиҳалар сари руҳлантиради, —дейди биз билан хайрлашаркан Санжар Азимов.

Абдунаби Алиқулов,

(“Халқ сўзи”).  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?