Ўзингники беминнат

11:23 12 Июнь 2025 Жамият
55 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиздаги балиқчилик билан шуғулланиш мумкин бўлган 800 минг гектарлик кўл ва сув омборлари сатҳининг қарийб тўртдан бири — 175 609 гектари Навоий вилояти ҳудудига тўғри келади. Бундан ташқари, Зарафшон дарёси вилоятнинг Хатирчи, Кармана, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларидан ўтиб, ўнг ва сўл соҳилларида балиқчиликни сунъий ҳавзаларда қафас усулида ривожлантиришнинг ҳам қулай имкониятлари мавжуд.

Бироқ балиқчилик фақатгина сув билан боғлиқ эмас. Уни саноат усули билан етиштириш ем, витаминларга бой озуқани ҳам талаб этади.

— Бугун вилоятимизда салкам уч юзта балиқчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари фаолият юритиб, интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилган, — дейди «Навоийбалиқсаноат» МЧЖ раҳбари Панжи Рўзиқулов. — Мазкур хўжаликларнинг аксарияти, айниқса, Хатирчи тумани ҳудудидагилар балиқ озуқаси таъминотида муайян қийинчиликларга дуч келишаётган эди.

Мазкур муаммо ечими йўлида Хатирчи туманида «YOUKANG FEED» хорижий корхонаси томонидан умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган балиқлар учун витамин ва оқсилларга бойитилган озуқа ем ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳа қурилишига Президентимиз томонидан Навоий вилоятига ўтган йилги ташрифи доирасида старт берилган эди. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши йилига 21 минг тонна балиқ еми ишлаб чиқариш имконини яратди.

Ўзингники беминнат, дейишади. Қолаверса, лойиҳа Хатирчи туманида балиқчилик соҳасининг ривожланиши, аҳоли бандлигининг ошиши ҳамда маҳаллий иқтисодиётнинг мустаҳкамланишига муҳим ҳисса қўшади. Ҳозирча ушбу лойиҳа туфайли 20 нафардан ортиқ фуқаролар доимий иш ўрнига эга бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?