Ўзбекнинг қирғиз қизи

16:27 29 Октябр 2025 Жамият
355 0

Хонобод шаҳри республикамизнинг энг олис ҳудудида жойлашган. У ўзининг бетакрор табиати, иқлими билан машҳур. Бу ерда Хонободни юракдан севувчилар кўп. Шулардан бири Эркиной Абжамилова аслида қирғиз миллатига мансуб. Хонобод шаҳрида туғилиб, шу манзилда камол топди. Гарчи, ўзбекона муҳитда вояга етган бўлса-да, шундоққина деразасидан кўзга ташланиб турган Қирғизистон Республикасидаги қишлоқлар ҳам унда катта қизиқиш уйғотарди. Шу тариқа ҳар иккала миллат маданияти, қадриятларига меҳр билан улғайди.

2017 йили Президентимизнинг Хонобод шаҳрига ташрифи бу юрт ҳаётида янги саҳифа очди. Шу кундан бошлаб шаҳарга кириб-чиқишдаги паспорт тизими бекор қилинди. Кейинчалик қўшни давлат билан чегаралар очилиб, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатлари яхшиланди. Бундан руҳланган Эркиной икки давлат, икки миллат ўртасидаги муносабатлар ривожига ҳисса қўшишни истади.

– Шаҳримиз адирлик ёнбағрида жойлашганлиги сабаб бетакрор манзарага эга, – дейди Эркиной. – Бироқ, унинг фойдаланилмай турган жойлари жуда кўп. Мен денгиз сатҳидан 800 метр юқоридаги ташландиқ жойда тозалов ишларини амалга оширдим. Дарахт кўчатларини экиб«Алтын Ордо» ( “Олтин ўрда”) дам олиш ва овқатланиш масканини ишга туширдим. Йигирма турдан зиёд қирғиз миллий таомларини тайёрлашни йўлга қўйиб, ўтовлар тикладим. Қўшни давлатнинг бир парчасини барпо этдим. Бу эса сайёҳларни бефарқ қолдирмади. Ҳозирда бир пайтнинг ўзида 200 нафар меҳмонларга хизмат кўрсатмоқдамиз. Қўшни давлатдан ташриф буюрувчи меҳмонларнинг таклифини инобатга олган ҳолда эндиликда ўзбек ва Европа таомларини ҳам тайёрлаяпмиз. Масканимизда сунъий фаввора, шаршара ташкил этганмиз. Миллий ва замонавий ўтовларда ўтирган киши бутун шаҳар манзарасини томоша қилиши мумкин. Қирғизистон Республикасидаги бир нечта сайёҳлик марказлари билан келишувимизга асосан сайёҳлик салоҳиятини оширишга ҳам ҳисса қўшиб келмоқдамиз.

Эркиной Абжамиловадаги ғайрат-шижоат маҳаллий ҳокимлик эътиборини жалб этди. Ундаги тадбиркорлик, ишбилармонлик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ваколатли ишга таклиф этилди. Айни пайтда у тадбиркорлар савдо-саноат палатасининг Хонобод шаҳар бўлими раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда. Мингга яқин якка тадбиркор ва ҳунармандлар, шунингдек, ўттизга яқин йирик ишлаб чиқарувчилар фаолияти орқали ҳудуд иқтисодиётини шакллантириш бўйича истиқболли лойиҳалар устида ишламоқда.

Эркиной нафақат хизмат фаолияти орқали, балки шахсий ҳаётида ҳам икки халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиққан. Ўзбек йигити билан турмуш қуриб, ҳозирда уч нафар фарзандни тарбияламоқда.

– Қирғизистонда кўпчилик учун “Қирғизнинг ўзбек қизи”ман, – дейди у суҳбат давомида. – Мен эса ўтмиши, бугуни ва келажаги бир бўлган қардошларнинг кўзлаган мақсади уйғунлигидан қувонаман.

Орамизда шундай инсонлар бор экан, давлатлар ўртасидаги чегаралар хариталардагина бўй кўрсатади. Юракда эса қардошлик, қондошлик ва қариндошлик туйғулари яшайверади.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер