Ўзбекистонда ЎРВИдан кучлироқ инфекция тарқалдими?

13:53 27 Октябр 2025 Жамият
226 0

Иллюстратив фото

Ижтимоий тармоқларда болалар орасида мавсумий ўткир респиратор вирусли касалликларга ўхшаш, лекин ич кетиш ва қайт қилиш симптомлари бўлган инфекция тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлар эълон қилинмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Билдирилишича, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир респиратор вирусли инфекциялар одатда август ойи охири ва сентябрь ойига тўғри келади. Бироқ жорий йилда эса бу муддат бироз кечроқ — октябрь ойининг охирги 10 кунлигида бошланган. Яъни бу ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек, ҳеч қандай ғайритабиий ҳолат эмас.

Таъкидланишича, баъзида респиратор белгилар йўталиш, аксириш, бурун ачишиши, тана ҳарорати кўтарилиши билан кузатилса, айрим беморларда ошқозон-ичак тизимининг бузилиши тарзида намоён бўлади. Демак, бу хасталиклар ҳар доим ҳам бир хил кечмайди ва мазкур ҳолат вируснинг штаммлари билан боғлиқ.

Вазирликка кўра, мавсумий респиратор касалликлар авж олишини коронавирус мутацияси сифатида баҳолаш ҳам мутлақо ўринсиз. Чунки, бугунга келиб COVID-19 оддий респиратор инфекцияга айланиб улгурган. Яна бир муҳим жиҳат: бир пайтнинг ўзида бактериал ва вирусли инфекциялар авж олиши қайд этилмайди, яъни микроорганизмлар оламида шундай бир жараён борки, бири иккинчисининг кўпайишига йўл қўймайди.

«Ҳозирда тиббиёт муассасаларида ўткир респиратор вирусли инфекцияларни даволаш учун зарур ўрин-жой ва дори-дармон захиралари яратилган. Юртимиздаги эпидемик вазият мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб тузилиб, унга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари, соҳа олимлари, тизим мутасаддилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан оналик ва болаликни муҳофаза қилишга масъул мутахассислар жалб қилинган.

Умуман, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор. Шу боис ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ», дейилади ССВ хабарида.

Шу ўринда, вазирлик ота-оналардан фарзандларида касаллик белгилари кузатилганида ўз вақтида оилавий шифокор кўригига олиб боришни сўраган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер