Ўзбекистон яна бир орол давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатди

13:54 26 Сентябр 2025 Сиёсат
148 0

Ўзбекистон ва Палау ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ёзишича, у Нью-Йорк шаҳрида Палау давлат вазири Густав Айтаро билан учрашув ўтказган.

«Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатишга доир тарихий ҳужжат – Қўшма коммюникени имзоладик. Ушбу муҳим қадам нафақат ўзаро эзгу ниятимизни ифода этади, балки ҳамкорлик ва шерикликнинг истиқболли келажагига йўл очади», деб ёзади Бахтиёр Саидов.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ва Палау ўртасида янги имкониятларни рўёбга чиқариш ҳамда мустаҳкам ва узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш учун барча имкониятлар ишга солинади.

Бу ўзи қандай давлат?

Палау — Тинч океанининг ғарбий қисмида, Микронезия субрегионда жойлашган давлат бўлиб, 250 дан ортиқ орол ва ислетлардан иборат. Мамлакат пойтахти Бабелдаоб оролидаги Нгерулмуд шаҳри, энг йирик шаҳри эса Корордир.

Унинг умумий ер майдони 459 км², умумий аҳолиси 20 минг нафарга яқин. Палау ўз ҳудудий сувлари ва 200 баҳрий милгача бўлган эксклюзив иқтисодий зонасида тўлиқ суверен ҳуқуққа эга.

Палаунинг бошқарув шакли — президентлик республикаси. Яъни давлат бошлиғи ҳам, ҳукумат раҳбари ҳам президент ҳисобланади. Парламент икки палатали — сенат ва вакиллар палатасидан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?