Ўзбекистон ва Сингапур сармоявий ҳамкорликни оширмоқда
Жорий йилнинг 24 май куни Тошкентда “Ўзбекистон – Сингапур” бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унинг асосий мақсади иштирокчиларнинг мамлакатлар миллий иқтисодиётларининг рақобатдош устунликлар ва драйверлари ҳақида хабардорлигини ошириш, шунингдек, икки давлат ҳукумати ва ишбилармон доиралари ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат бўлди.
Бизнес-форумда Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, “Meinhardt”, “PSA International”, “Wilmar International”, “Changi халқаро аэропорти”, “EINZ Engineering & Construction”, “Lazada Group”, “MSI Global”, “Engarde Ventures”, “TMC” каби йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Жамшид Ходжаев бизнес-форум иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишининг ижобий динамикасини юқори баҳолади. У, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17 январдаги Сингапурга тарихий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги саҳифасини очиб, ҳамкорлик ривожланишига катта туртки берганлиги, ҳамда унинг натижалари бўйича 3,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари портфели шаклланганлигини қайд этди.
Сингапур ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо муносабатлари ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. 2023йил бошидан буён унинг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир неча баравар ўсди.
Инвестиция соҳасидаги муносабатлар ва саноат кооперацияси йўналишидаги ҳамкорлик кенгайтирилмоқда. Сингапур капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони сўнгги етти йилда 3,5 баробар ошди.
Сингапурнинг йирик компаниялари билан “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика саноати, таълим, туризм, инфратузилмавий ривожланиш ва давлат компаниялари активларини хусусийлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган бир қатор вазифалар ҳақида сўз борди. Мамлакатда маъмурий ислоҳот амалга оширилди, ЖСТга аъзо бўлиш жараёни фаоллаштирилди, Конституцияга эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон капиталини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик эркинлигини, инвесторлар ҳуқуқларини, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ўз навбатида, Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб сармоявий, савдо-иқтисодий ва саноат кооперациясидаги шериклик устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Сингапур Президенти олий даражадаги ўзаро ташрифлар натижаларини юқори баҳолаб, муҳим йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди.
Юқори мартабали меҳмонлар ишбилармон доиралар вакилларига мурожаат қилар экан, ҳукумат вакиллари қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқладилар ҳамда компания ва корпорациялар раҳбарларини ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли янги шартнома ва битимлар тузишга чақирдилар.
Тадбир доирасида таълим, транспорт, шаҳарсозлик ва молиявий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган панель мунозаралари ҳам бўлиб ўтди.
Бизнес-форум якунида Ўзбекистон ва Сингапур ишбилармон доираларини қизиқтирган қатор йўналишлар бўйича мустаҳкам инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг