Ўзбекистон ва Россия парламентлари юқори палаталари ҳамкорлиги бўйича комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди
Қозон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг ўнинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, таълим, аграр ва гуманитар соҳаларда ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2025 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизга ўсган. Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми эса 17 фоизга ошди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг 14 та етакчи олий таълим муассасаси филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда 20 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламент дипломатияси бугунги кунда стратегик шерикликнинг муҳим таркибий қисмига айланганини, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Мажлисда минтақалар ўртасидаги алоқаларнинг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Татаристон, Бошқирдистон, Москва, Самара ва Ленинград областлари мисолида ҳудудлараро ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қайд этилди. Парламент аъзолари бу ташаббусларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида экологик тоза маҳсулотларни Россия бозорига етказиб бериш, транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш ва фитосанитария талабларини соддалаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Туризм алмашувини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт ва виза тартиботларини соддалаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик — маданий алмашинувлар, ёшлар дастурлари ва аёл парламент аъзолари ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлаш — икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг