Ўзбекистон ва Россия ОТМлари ҳамкорлиги кенгаймоқда

14:56 27 Май 2025 Жамият
73 0

Наманган давлат университетида Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги бошқарма раҳбари Игор Маслов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев, Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Константин Могилевский ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Анжуманда ҳар икки икки мамлакат олийгоҳлари тажрибалари тақдим этилди. Янги қўшма ташаббуслар юзасидан музокаралар доирасида «Б2Б» форматдаги учрашувлар ташкил этилиб, кенг кўламли лойиҳалар, илмий тадқиқотлар, академик мобиллик масалалари батафсил кўриб чиқилди. Меҳмонлар Наманган давлат университетининг илмий-амалий тадқиқотлар маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Яратилган инновацион муҳит, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси делегация аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, қўшма таълим дастурларини яратиш, илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорлик қилиш, инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган бир қатор меморандумлар имзоланди.

— Ўзбекистон ва Россия ОТМлари ҳамкорлиги кенгайиб бораётганидан мамнунмиз, — дейди А.И. Герцен номидаги РГПУ ректори Сергей Тарасов. — Ишонаманки, мустаҳкам гуманитар алоқалар очиқлик ва умумий тараққиётга интилиш орқали қурилади. Бу борада айнан, педагогик таълим мулоқотнинг ишончли асоси ҳисобланади.

\

— Ушбу тадбир академик жамоалар ўртасидаги мулоқот учун жуда муҳим, — дейди Қозон федерал университети Жиззах филиали директори Алмаз Галимов. — Тадбирда олий таълим муассасалари ўртасидаги конструктив алоқаларни ривожлантириш бўйича фикр алмашдик. Бундай учрашувлар ягона таълим майдонини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Конференция якунида ўтказилган матбуот анжуманида делегациялар раҳбарлари, университет ректорлари ва соҳа вакиллари журналистларнинг саволларига батафсил жавоб беришди.

Мухиддин МАҒЗУМОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?