Ўзбекистон ва Грузия спорт соҳасида ҳамкорликни кучайтиради

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов Грузия спорт вазири Шалва Гоголадзе билан учрашди.
Дастлаб, вазирлар бир-бирини икки давлат спортчиларининг 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларида эришилган натижалар билан табриклади. Шу билан бирга, спорт вазири меҳмонни Ўзбекистонда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, юртимизда мавжуд ва янгидан бунёд этилаётган спорт объектлари ҳамда спортчиларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан пухта тайёргарлик кўришлари учун яратилган шарт-шароитлар билан таништирди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ҳамда Грузияда кураш спортини ривожлантириш орқали жорий йилнинг 9-15 апрель кунлари Батумида бўлиб ўтадиган Европа чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ректорлар ўзаро куч синашди
Тошкентдаги олий таълим муассасалари раҳбарлари ўртасида ўтказилган “Вазир кубоги” спорт мусобақаси доирасида пойтахтимиздаги барча олий таълим муассасалари ректорлари (директорлари) спортнинг мини футбол, стол тенниси ва шахмат турлари бўйича куч синашишди.
Мусобақа якунига кўра ғолиб ва совриндорларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби мусобақаларнинг ташкил этилиши нафақат ректорлар ёки профессор-ўқитувчилар, балки талаба-ёшларни спорт майдонларига чорлаган ҳолда уларнинг саломатликларини тиклашлари баробарида янги-янги натижалар сари ундайди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг “Соғлом инсон – соғлом миллат” ғояси амалда умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда.
Буюк Британия терма жамоаси билан қўшма ўқув-машғулот йиғини ўтказилмоқда
Хабарингиз бор, шу кунларда таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкент шаҳридаги ассосиация базасида Буюк Британия термаси билан ҳамкорликда қўшма ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда.
“Универсал” спорт саройида йиғин доирасидаги спарринг беллашувларининг иккинчи босқичи ташкиллаштирилди. Ўртоқлик беллашувлари якунида ассосиация томонидан меҳмон терма жамоа вакилларига эсдалик совғалари топширилди.
Маълумот учун, қўшма йиғин доирасидаги машғулотлар 8 мартга қадар давом этади.
Умида АБДУРАШИДОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг