Ўзбек тилининг ўктамлик ва боқийлик байрами

13:37 13 Октябр 2020 Жамият
683 0

Архив фото

Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.

Шавкат Мирзиёев

Адоқсиз мамнуният билан айтиш лозимки, ҳозир Ўзбекистон ўз тараққиётининг тамомила янги босқичини бошидан кечирмоқда, истисносиз, барча соҳадаги кўламли ислоҳотлар ўзининг нақд натижаларини кўрсатмоқда. «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган устувор ғоя асосида олға бораётган юртимизнинг минтақада ҳам, дунёда ҳам алоҳида ўрни тобора кенг эътироф этилмоқда. Шунинг учун ҳам «Янги Ўзбекистон» деган оҳорли ифода урфга кирди. Шубҳасизки, сўнгги уч-тўрт йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган бениҳоя кўламли, суръатли ва самарали ислоҳотлар мазкур истилоҳнинг замини эканлиги табиийдир.

Илму маърифатнинг, ақлу заковатнинг, фан дейиладиган муҳташам оламнинг кўҳна, қадимий бешиги бўлмиш юртимизда давлатимиз раҳбарининг иродаси билан таълим-тарбияга, илм-фанга фавқулодда улкан аҳамият қаратилмоқда. Президентимиз яқинда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида тўла асос билан «Янги Ўзбекистоннинг остонаси мактабдан бошланиши»ни алоҳида таъкидладики, бу фикрнинг мазмуни бениҳоя теран ва масъулияти чўнгдир.

Француз адиби Анри ­Барбюснинг шундай ҳикматомуз гапи бор: «Мактаб вояга етаётган авлод тафаккурини шакл­лантириш устахонасидир; агар келажакни қўлдан чиқаришни истамасанг, мактабни қўлда мустаҳкам тутмоғинг лозим».

Мактабда, таълимда, умуман, одамнинг бу кўҳна дунёда истиқомат интизомини ичдан ишғол қилишида тилнинг фавқулодда алоҳида ўрнини бошқа ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Бугун ўзбек тилининг мамлакатимизда давлат тили сифатидаги ривожини таъминлаш борасида ҳам чинакам янги давр бошланди. Давлатимиз раҳбари 2019 йил 21 октябрда «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали байрам тадбирида сўзлаган тарихий нутқида жуда катта ифтихор билан шундай деганди: «Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради». Президентимиз ана шундай йирик тиллардан бири бўлмиш ўзбек тилининг ўтган йиллар давомида давлат тили сифатидаги ривожи жараёнларини таҳлил қилиб, бу жараёнларга жадал суръат ва сифат бахш этишга қаратилган тадбирларнинг тамоман янги тарҳини чизиб берди. Бу тарҳнинг мақсад-муддаоси мазкур нутқда лўнда қилиб шундай ифодаланди: «Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим».

Бу чинакам тарихий нутқ сўзланган куни Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мав­қеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳам имзоланган бўлиб, унда тилимизнинг мўътабар мақомига муносиб тарзда камол топишини таъминлаш борасида кечиктириб бўлмайдиган вазифалар аниқ-аниқ, муддату масъуллари кўрсатилган ҳолда белгилаб берилган. Айни шу ҳужжатда бир қанча ташкилотлар ва кенг жамоатчиликнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган, Ўзбекистон Республикасининг бу ҳақдаги Қонуни қабул қилинган.

Президентимизнинг айни шу Фармонида бениҳоя ўринли таъкидланганидек, «бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир». Бу таъкид замиридаги холислик ва одиллик ишорасини ҳар қандай одам идрок этади, бу баъзи нодўст ёки дўсти нодонлар кўнглида ғимирлаши мумкин бўлган турли но­ўрин иштибоҳу ғулуларга йўл бермайди. Яъни ўз тилини эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ҳар қандай халқ ёки давлатнинг ўз иши, миллий манфаат муҳофазаси — бировнинг арпасини хом ўриш дегани эмас.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли» бўлган тилимиз мазкур мўътабар рутбага ноил бўлган кунни — Ўзбек тили байрами кунини бутун халқимиз, мамлакатимизнинг кўп миллатли фуқаролари катта шодиёналик билан кенг нишонлаш тадоригини кўришга киришган.

Ўтган ойда давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилиши юртимиз фуқароларининг барчасини бирдай бениҳоя хурсанд қилди, ҳаммамизнинг кўнглимизда ифтихор туйғуларини жўш урдирди. Икки юзга яқин давлатларнинг ваколатли расмий тамсилчилари иштирокидаги бундай нуфузли миллатлар машваратида бизнинг мустақил давлатимизнинг мустақил ва мўътабар тили — қадимий ўзбек тили янгради. Давлатимиз ­раҳбари муаззам халқаро мажлисда янги Ўзбекистоннинг орзу-ниятлари, бугун бутун инсоният олдида турган муаммоларнинг ечимлари борасидаги нуқтаи назарларини ўзбек тилида айтиб берди.

Юртбошимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида «ўзбек тили ­халқаро минбарларда баралла янграётгани», «хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш ку­чаяётгани» мамнуният билан қайд этилган. Аммо энг қувонарлиси шуки, бундай мўътабар минбарда — Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўзбек тилининг жаранглаши илк тарихий воқеадир. Буни хориждаги дўстларимиз ҳам хурсандчилик билан эътироф қилиб турибди.

Ўзбек тили байрами арафасида Ўзбекистоннинг миллатларнинг олий минбаридан туриб дунёга ўз тилида мурожаат қилиши халқимиз учун беҳад ифтихорли, мустақиллигимизга монанд тарихий ҳодисадир. Таъбир жоиз бўлса, ­Президентимизнинг қадимий, давлатимизнинг муқаддас тимсоли бўлган ­тилимиз тўйига тўёнасидир.

Давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ҳаётимизнинг барча жабҳасида тўла-тўкис жорий қилиниши учун тегишли чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган, бу мақомнинг мунтазамлиги учун давлат ва бошқа ташкилотлар, фуқароларнинг масъуллик интизоми кўрсатилган мазкур Фармони қабул қилинганига роса бир йил тўлмоқда. Айтиш жоизки, бир неча ўн йиллар давомида тилимиз ривожи борасида ҳаракатга келолмаган механизмлар шу бир йилда фаол ва самарадор ҳаракатга келди.

Ҳозирги пайтда Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти самарали фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда Атамалар комиссияси ташкил қилинган, 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури ишлаб чиқилган. Деярли барча ташкилотларда раҳбарнинг маънавий-маърифий ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди, бу масалалар билан шуғулланадиган кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари ташкил этилди. Давлат тилини ўрганиш, ўр­гатиш ва жорий қилинишини мунтазамлаштириш ишларининг янада яхшиланиши учун кўмак берадиган бир қатор китоблар нашр этилмоқда. Хусусан, мазкур департаментнинг буюртмаси асосида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сўнгги бир-икки ойнинг ичида беш жилдли «Ўзбек тили изоҳли луғати», «Давлат тилида иш юритиш» амалий қўлланмасининг янгиланган нашрлари, бошланғич синф ўқувчилари учун «Сўз сандиқчаси» номли изоҳли луғат каби китоблар китобхонлар қўлига етиб борди, шунингдек, «Халқаро терминоэлементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати», «Ўзбек тилининг имло-ўқув луғати», «Ўзбек тили ижтимоий-сиёсий терминларининг изоҳли луғати» каби бир қанча китоблар нашр арафасида турибди. Ўзбекистоннинг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунини такомиллаштириш, унинг янги таҳририни тайёрлаш юзасидан жиддий иш олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги «Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти таркибида Социолингвистика бўлими ташкил этилди. Мазкур қарорда бу бўлимнинг асосий вазифалари сифатида қу­йидагилар белгиланган: ўзбек тилининг ривожланиши билан боғлиқ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ва кенгайтириш; ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тyбдан ошириш борасидаги илмий изланишларни кучайтириш; ўзбек тилининг ёзма матни меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш; ўзбек тилининг изоҳли луғатлари, давлат тилида иш юритиш бўйича қўлланма ва ада­биётлар тайёрлаш; давлат тилини ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш ва ҳоказо.

Социолингвистик тадқиқотлар тилнинг ўз соҳиби ҳамда ўзи яшаётган жамият билан бақамти ҳаётининг норавшан пучмоқларига чироқ тутишга имкон беради. Бу маънода социолингвистика бугун ­дунёда энг истиқболли йўналиш сифатида устуворлашиб бораётган антропотсентрик тилшунослик ўзанларида ҳа­ракат қилади. Социолингвистик изланишларнинг илмий натижалари ва бу асосдаги тавсиялар мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги фаолиятини қонуний ҳамда ҳаққоний, холис ва ҳар тарафлама йўлга қўйиш, унинг ­мавқеи ҳамда нуфузини ошириш ишлари кўламини янада кенгайтиришни натижадор режалаштиришга кўмаклашади. Шунинг учун ҳам тил тадқиқига социолингвистик ёндашув нафақат назарий, балки фавқулодда салмоқли амалий аҳамиятга ҳам моликдир. Айни пайтда кўп ­миллатли мамлакатимизда давлат тили, умуман, шаклланган холис ва одил тил сиёсатида социолингвистика алоҳида ўрин тутади.

Президентимиз таърифи билан айтганда, «дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир». Ана шундай буюк қадриятимизнинг ўктамлик ҳамда боқийлик байрами шукуҳи ҳар биримизнинг қалбимизни ҳамиша нурафшон қилиб турсин. Бу шукуҳ ва ундан шукроналик янги Ўзбекистонни ҳеч қачон тарк этмасин!

Низомиддин МАҲМУДОВ,
ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, 
филология фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?