Ўзбек атласини дунё таниди
Ботир МАДИЁРОВ/“Халқ сўзи”. Марғилондаги ўзига хос ипакчилар шаҳри икки минг йиллик тарихга эга. Эмишки, кўҳна кент ҳунармандлари ўз маҳсулотларида азалдан Кумушбиби сингари ойчеҳралар сиймосини акс эттиради. Улуғ аллома Муҳаммад ал-Марғилоний ўз асарларидан бирида ушбу шаҳарни лоланинг ёноғига тўкилган бир томчи шабнамга қиёслагани ҳам бежиз эмас.
Жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақомига эга Марғилон “Атлас байрами” фестивали учун мамлакатимиз ҳудудларидан ташқари, 30 га яқин давлатдан келган ҳунармандлар, дизайнерлар, рассомлар ҳамда сайёҳларни муносиб кутиб олди.
Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида фестивалнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирда таъкидланганидек, йилдан йилга нафақат иштирокчилар сони, эзгу лойиҳалар, илмий-амалий тажриба алмашиш кўлами ортиб бораётган ушбу фестивал анъанавий тўқимачилик соҳасига хос билим ҳамда кўникмаларни тарғиб қилишда жаҳон ҳамжамиятида ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Шу билан бирга, анжуман ҳунармандлар, дизайнерлар, мода соҳаси мутахассислари, ишлаб чиқарувчилар ва тўқимачилик бўйича мутахассисларга янги ғоялар учун замин яратмоқда.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Бутунжаҳон ҳунармандчилик кенгаши ва Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, Туризм қўмитаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бу галги фестиваль тадбирлари ҳам ранг–баранглиги билан эътирофга сазовор бўлди.
Очилиш маросимида Марказий Осиё мамлакатларидан жалб этилган ҳунарманд ва дизайнерлар учун ўтказилган бир ҳафталик семинар иштирокчиларига сертификатлар топширилди. Шундан сўнг дастурлар доирасида фестиваль тарихига бағишланган фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди. Ҳунармандлар марказида анъанавий мато ва ипак гилам тўқимачилиги бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Эркин Воҳидов номидаги Ижодкорлар боғида “Мерос ва тараққиёт: Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси бозори салоҳиятини ўрганиш” мавзусида давра суҳбати, “Ёдгорлик” корхонасида анъанавий мато тўқимачилиги бўйича мулоқот, Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида ёш дизайнерларнинг либослар намойиши бўлиб ўтди.
Байрам тадбирлари халқ сайли билан янада шукуҳли ўтди. Ижодкорлар боғи йўлакларини мамлакатимиз вилоятларидан ташриф буюрган ҳунарманд ва дизайнерлар ўзларининг бежирим маҳсулотлари билан безади. Фольклор ансамблларининг қадрдон куй-қўшиқлари, қўғирчоқ театри томошалари барчага унутилмас таассуротлар улашди.
Рақамли технологиялар марказида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Акбар Ҳакимов бошчилигида “Замонавий дунёда бадиий тўқимачилик ривожининг экологик тамойиллари” мавзусида халқаро илмий– амалий конференция, сўлим хиёбонда аския жамоалари ўртасида “Хуш кайфият” республика кўрик–танлови, Ҳунармандлар шаҳарчасидаги маҳсулотлар кўргазмалари барчага бирдек манзур бўлди. Байрам кунлари шаҳар бўйлаб халқ сайиллари, театрлаштирилган бадиий томошалар, концерт дастурлари давом этди.
Ижодкорлар боғида фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилиб, фаол қатнашчилар, номинациялар бўйича ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Эстрада ва мумтоз санъатимиз намояндалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Сўз фестиваль қатнашчиларига
Меҳри БОЛТАЕВА,
Туркманистон, ҳунарманд:
— Қарийб икки ҳафтадан буён Марғилондаман. Фестиваль аввалида ташкил этилган бир ҳафталик ўқув машғулотларида қатнашиб, сертификатга эга бўлдим. Бу келгусида фаолиятимни янада кенгайтириш ҳамда халқаро миқёсда ютуқларга эришишимда ёрдам беришига ишонаман.
Ўзбек ва туркман халқларининг ҳунармандчилиги бир-бирига ўхшайди. Юзма-юз мулоқотлар, ўзаро тажриба алмашиш жараёнида бунга яна бир бор амин бўлдим.
Равшан ЮСУПОВ,
Тожикистон, гилам тўқувчи:
— Гилам тўқиш менга ота-боболардан мерос ҳунар. Ҳозирда ушбу ҳунарни фарзанд ва набираларим меҳр билан давом эттирмоқда.
Юртингизда, хусусан, Фарғона водийсида гилам тўқиш санъати авлоддан авлодга безавол ўтиб келмоқда. Шу боис моҳир гиламдўзларингиз томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар жаҳон бозорида ҳам харидоргир. “Атлас байрами” фестивалида фарғоналик тажрибали гиламдўзлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришганимдан ғоятда мамнунман.
Марина ГУШО,
Беларусь Республикаси, тўқимачилик соҳаси бўйича дизайнер:
— Маълум бўлишича, фестиваль тадбирларида бу йил илк бор турли давлатлардан келган рассомлар ҳамда тўқимачилик соҳаси бўйича дизайнерлар ҳам қатнашди. Менинг ҳам ана шундай бахтга сазовор бўлганим қувонарли.
Бундай мулоқотлар соҳадаги янги анъана ва урфларни ўрганиш ҳамда шу асосда келгуси режаларни аниқлаб олишда муҳим аҳамиятга эга.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг