Отамни йиғлатган хушхабар

10:24 28 Август 2025 Жамият
197 0

Ватанимиз мустақилликка эришган кун — қутлуғ айём тобора яқинлашмоқда. Юртимиз тарихида ва халқимиз тақдирида муҳим бурилиш ясаган мазкур санага 34 йил тўлмоқда. Албатта, инсон ҳаёти учун бу йиллар ҳисоби анча узоқ бўлиб туюлиши мумкин, аммо тарих учун бу ниҳоятда қисқа. Шу маънода айтсак, 34 йил битта давлат ривожи ва тараққиёти учун ҳам жуда қисқа давр ҳисобланади. Лекин мамлакатимиз ана шу йиллар ичида жуда улкан марраларни забт этди, десак, муболаға эмас.

Айниқса, сўнгги 7-8 йил ичида жамиятимизнинг барча жабҳасида бошланган туб ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон дунё давлатлари саҳнида ўзининг муносиб ўрнига, обрўсига, эътирофига эга бўлди.

Ўта тезкорлик билан ривожланаётган иқтисодиётимиз, саноатимиз, аграр соҳа, экспорт салоҳиятимиз жуда кўп мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар эътиборини ўзига тортмоқда. Бугунги кунда кўплаб давлатлар, жаҳон миқёсидаги нуфузли ташкилотлар Ўзбекистон билан ҳамкорликка интиляпти. Айниқса, фан, таълим, илм, инновация соҳаларидаги ислоҳотларимиз ўнлаб мамлакатлар учун намуна бўлаётир. Юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати туфайли давлатлараро ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатларни шакллантириш борасида ҳам дунё бўйича юксак эътирофларга сазовор бўлмоқдамиз. Бундай улкан ютуқларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бинобарин, эришган ютуқларимиз билан қанча мақтансак, қанча мағрурлансак арзийди. Бу туйғуни, айниқса, мустақиллигимизнинг илк йилларига гувоҳ бўлган ва ўша замондаги аҳволни бугунги фаровон ҳаёт билан таққослаш имкониятига эга ҳар бир ватандошимиз ич-ичидан, юрагидан ҳис қилади.

Зеро, Истиқлол қуёши таратган бахту саодат, аввало, юртдошларимиз ҳаёти, тақдирида ўзининг нурафшон нурлари билан акс этади. Хусусан, камина ҳам “Мен учун Ватан мустақиллиги нима, бу воқелик менинг қалбимда қандай хотираларни уйғотади?” деган саволга қалбим шукуҳга тўлиб жавоб бераман ва уни учта воқеа билан ифодалайман.

Эсимда, давлатимиз мустақиллиги дадам каравотга михланиб, оғир хасталикка чалинган, оиламиз учун қийин кунларнинг бирида эълон қилинганди. Ўшанда ота уйимга келганимда, дадам хона тўрида оқ чойшабга ўралиб ҳорғин ётар, аммо кайфияти аъло эди. Одатда, оғир дардга чалинган беморнинг юзидаги бундай шодонликни ҳар доим ҳам кўравермайсиз. Дадамнинг хурсандлиги сабабини эса “Хушхабарни эшитдингми, қизим? Ўзбекистон мустақил бўлибди. Худойимга шукр, шу кунларни кўрдик” деган сўзларидан сўнг англадим. Падари бузрукворимнинг оғир хасталикдан киртайган кўзларида ёш қалқди...

Ҳайратланарлиси, уруш йилларида 15 ёшида пўлат қуйиш цехларида энг оғир ишларни бажарганда, урушдан кейинги очарчилик, қаҳатчилик кунларини бошидан кечирганида, тўққиз болани улғайтириш учун ярим жони билан бир умр заводларда энг қийин ишларни адо этганда йиғламаган отам, шу куни, яъни Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган кун йиғларди...

Иккинчи воқеани ким ҳикоя қилиб бергани ёдимда йўқ, лекин тафсилоти эсимда. “Бир куни бозорга чиққан эдим, — деб гап бошлади ўшанда суҳбатдошим. — У пайтларда бозорлар ҳамда бошқа жамоат жойларидаги симёғочларга, устунлар ва бинолар пештоқига ўрнатилган радиокарнайлардан қўшиқлар янграб турарди. Ногаҳон форсий тилда шу қадар мунгли, шу қадар таъсирли, юракларни ларзага соладиган, жуда таъсирли қўшиқни эшитиб қолдим. Турган жойимдан қимирламай, ажойиб таронани охиригача тингладим. Сўзларини тушунмасам-да, қўшиқ ижроси ва оҳангидан таъсирланиб, ўз-ўзидан кўзимда ёш пайдо бўлди. Қўшиқ тугагандан сўнг қарасам, атрофим одамлар билан тўлган, уларнинг ҳам кўзлари ёшланган экан. Кимдандир “Бу кимнинг қўшиғи, уни ким айтган?” деб сўрадим. “Аҳмад Зоир, Ватан ҳақида қўшиқ” — деди у”.

Юқоридаги ҳикояни тинглагач ана шу қўшиқни топиб эшитдим. Менинг ҳам юрагим ҳаприқиб, беихтиёр кўзларимдан ёш қуйила бошлади. Анча вақтгача шу қўшиқ таъсирида юрдим. Кейинчалик мени бир савол қийнай бошлади: Ватанимиз ҳақида нега шундай қўшиқлар йўқ, нега биз жонажон Ўзбекистонимиз ҳақида айтилган қўшиқларни сел бўлиб, юракдан, кўзимизда ёш билан тингламаймиз... Орадан кўп йиллар ўтиб, Мустақиллик айёми муносабати билан ўтказилган байрам тантанасида ниҳоят мен ана шундай қўшиқни эшитдим. Бу “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғи эди. “Сен шохлари осмонларга тегиб турган чинорим, Ота десам, қизим, дея бош эгиб турган Ватан...”

Ана шундай юракларда юртга бўлган меҳр-муҳаббатимизни янада жўш урдирадиган ушбу машҳур таронани ҳар эшитганимда беихтиёр кўзларимга ёш келади. Ва бу фахр-ифтихор, шукроналик ёшларидир.

Учинчи айтадиганим шуки, мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимиздаги улкан ишлаб чиқариш корхоналарининг тақдири ҳақида “Энди бу корхоналар тўхтаб қолади. Уларни ишлатишга маҳаллий мутахассисларнинг уқуви етмайди” деган “башорат”ларни ҳам кўп эшитган эдик. Аммо асло ундай бўлмади. Хусусан, бунга Сирдарё иссиқлик электр станциясининг бир зум ҳам тўхтамай фаолият юритиб келаётганини мисол сифатида келтириш мумкин. Энг қувонарлиси, ана шу “уқувсиз” деб баҳоланган мутахассислар ҳамда уларнинг фарзандлари бугунги кунда соҳанинг ноёб, малакали энергетиклари сифатида хорижда хизмат сафарларида бўлиб, худди шундай корхоналардаги чет эллик касбдошларига ҳам сабоқ бераётир.

Булар менинг Ватан мустақиллиги билан боғлиқ азиз хотираларим, туйғуларим, шукроналик ифодаси. Аслида ҳам, шу азиз Ватан фарзанди бўлган, унинг тараққиёти учун бор билимини, куч-қувватини, керак бўлса, ҳаётини аямайдиган ҳар бир ватандошимиз шундай эзгу туйғуларни ич-ичидан, юрагидан ҳис қилади, албатта.

Ватанимиз мустақиллиги барчамизга муборак бўлсин, азизлар! Истиқлолимиз абадий бўлсин!

Покиза АҲМЕДЖОНОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?