Орзуси ушалган болалар

15:25 13 Июнь 2025 Жамият
161 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Болалигимизда ёзги таътил энг севимли фаслимиз эди. Бу даврда мактаб ўқувчилари деярли ёзги оромгоҳларга қамраб олинарди. Бир пайтлар болаларнинг қувончли овозига тўлган оромгоҳлар фаолияти кейинчалик бирин-кетин тўхтай бошлади. Аксарияти «Фалон лагерда бола сувга чўкибди», «Тоғдан тушиб кетибди», «Аттракциондан йиқилибди» деган хавотирли гаплар ортидан ёпилди. Болалар учун қурилган шундай гўзал масканларни «тадбиркор»лар хусусийлаштириб, бузиб юборишди. Баъзиларини йирик ташкилотлар сақлаб қолди, аммо бир шарт билан — фақат ўз ходимларининг фарзандлари бориши эвазига. Таниш-билиш, имконияти борлар ўша оромгоҳларга йўл олди, қолганлар таътилни уйда ёки қишлоқда ўтказишга мажбур бўлди. Уч ой давомида таълим, ижод, ҳунар, спорт, соғлом турмуш деган тушунчалар ёшлар ҳаётидан йўқолди. Мактабларда зўрма-зўраки кундузги оромгоҳлар ташкил этилган бўлсада, бу ташаббус ҳам бир-икки мавсум бардош берди. Кам маош олаётган ўқитувчилар таътилда кўнгилли ишлашга хоҳиш билдирмади.

Бугун вазият бутунлай бошқача. Ёзги оромгоҳлар замонавий, хавфсиз ва самарали тарзда қайта тикланмоқда. Жорий мавсумда мамлакат бўйлаб 1100 дан ортиқ оромгоҳ фаолият кўрсатишга шай ҳолатга келтирилди. my.gov.uz орқали оромгоҳларга онлайн йўлланма олиш хизмати йўлга қўйилди. Ота-оналар уйдан чиқмаган ҳолда оромгоҳни танлаб, ариза юбориши ва тўловни амалга ошириши мумкин. Энг муҳими — кам таъминланган оилалар фарзандлари учун оромгоҳда бепул дам олиш имкони яратилди.

Мамлакатда 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчиси бор. Ҳатто фақат 7–14 ёшли болаларни оромгоҳларга қамраб олмоқчи бўлсангиз ҳам бу катта иш. Бу йил 100 минг нафар ўқувчи учун мактаблар қошида кундузги оромгоҳлар ташкил этилди. Илгаригидек харажатлар бировнинг гарданига «илинтирилмади» — барча маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилмоқда. Ушбу жараёнда фаол иштирок этаётган ўқитувчи ва мураббийларга муносиб иш ҳақи тўлаш белгиланди. Фақат бошланғич синф ўқувчилари эмас, балки барча ёшдаги мактаб ўқувчилари учун бўш вақтни мазмунли ташкил этиш мақсадида 900 га яқин театр, маданият марказлари ва концерт заллари, 1,5 мингга яқин спорт майдончалари, 2 мингдан зиёд туризм объектлари фаол равишда жалб этилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида жорий йил 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ва устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилишида 1 июндан 30 августга қадар «Зарбдор 90 кунлик» дастури эълон қилинди. Унда мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш ташаббуси илгари сурилди. Сурхондарё вилоятида бу йўналишдаги фаолият аллақачон бошлаб юборилган. Денов туманидаги 14 та мактабда кундузги оромгоҳларга 1200 нафардан ортиқ бола қамраб олинган бўлса, Узун туманидаги 8 та, Ангор туманидаги 7 та мактабда ҳам ёзги оромгоҳлар иш бошлади. Сариосиё туманида ўқувчилар робототехника, тикувчилик, пазандачилик, спорт, киберспорт, чет тиллари ва «Турон» театри каби йўналишларда амалий кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.

Термиз шаҳридаги политехникум ва ҳудудларда фаолият юритаётган 15 та касб-ҳунар марказида ҳам ўқувчилар учун тўлиқ қулайликлар яратилди. Бу ерда таътилни фойдали ўтказиш, қизиққан касб сирларини ўрганиш, кўникмаларни ошириш имкони бор. Тўгаракларда ўқувчиларнинг қизиқишларига қараб ҳунармандлик, кулолчилик, ёғоч ва металл ўймакорлиги, сартарошлик, робототехника, ошпазлик ва қандолатчилик, карвинг санъати, тикувчилик ва кийим дизайни, фотография, видеотасвирга олиш, график дизайн, гулчилик, дурадгорлик, автотренажёр, киберспорт, от спорти, ҳамда СММ замонавий ва анъанавий йўналишларда малакали мутахассислар томонидан сабоқлар бериляпти. Масалан, Instagram, TikTok, Facebook каби платформаларда контент яратиш, реклама ва тарғибот стратегиялари бўйича ҳам амалий машғулотлар ташкил этилмоқда. Фан тўгараклари фаолияти ҳам тизимли равишда йўлга қўйилди. Эътиборли жиҳати — барча мазкур ишларнинг амалга оширилиши вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан қатъий назоратга олинган, энг малакали устоз ва мураббийлар жалб этилган.

— Ёзги таътил яқинлашса, болаларимнинг вақтини қандай фойдали ўтказишни ўйлардим, — дейди Термиз шаҳрида яшовчи Нигора Валиқулова. — Уч нафар фарзандим мактаб ёшида. Ишда пайтимда уларни назорат қилиш мушкул эди. «Зарбдор 90 кунлик» дастури туфайли бу муаммо ҳал бўлди. Энди фарзандларим таътилни мазмунли ўтказишяпти.

— Бу йил мактабнинг 9-синфини тугатдим, — дейди Бойсун туманидан Мафтуна Аҳмедова. — Оиламизда мен ягона қиз фарзандман. Ҳозирча ўқишни техникумда давом эттириш имконим йўқ, лекин тикувчиликка катта қизиқишим бор. Мактабимизда очилган тўгарак айни муддао бўлди. Ҳозирда мустақил равишда кийим тикишни ўргандим.

Бугунги ёшлар замонавий билим, кўникма ва тарбия асосида улғаймоқда. Аммо болалиги эътиборсизлик даврига тўғри келган бир авлод ҳақида ўйласанг, дилинг оғрийди. Ўша ёпилган оромгоҳлар, бекор қилинган тўгараклар, йўқолган болаликнинг алами жонга қаттиқ ботади. Шу авлод фарзандлари давлат ва жамият ғамхўрлигида улғаяётгани эса дилга таскин беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?