Орзуларнинг ойдин йўлида
Наманганда жорий йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида тўрт маскан ўзгача қиёфага кирди. Шулардан бири – Тўрақўрғон туманида, марказдан йигирма чақирим олисда жойлашган, ўттиз уч йиллик тарихга эга Шовон маҳалласи. У узоқ вақт ривожланишдан орқада қолган бўлса-да, энди қўрғон бошига офтоб текканидан тўрт минглик аҳоли кайфияти кўтарилди. Бор-йўғи ўн ой аввал маҳзун ва ривожланишдан орқада қолган бу ҳудудда бугун янги замон шамоллари эсмоқда.
– Дастур ижроси учун 3,2 миллиард сўм ажратилди, бу кичик маблағ эмас, – дейди МФЙ раиси Ғайбулло Мамадалиев. – Биринчи навбатда электр таъминоти узлуксизлиги масаласи ҳал этилди. Иккита 400 кВали қувватли трансформатор ўрнатилиб, 11 километр узунликдаги тармоқ янгиланиши натижасида хонадонларда чироқлар ёришди, маиший электр ускуналари мукаммал ишлай бошлади. Шунингдек, мавжуд ягона сув қудуғига яна биттаси қўшилиши барча 803 ҳовлининг истеъмолга яроқли оби-ҳаёт билан тўла таъминланиш имконини яратди.
Азалдан Шовонда томорқа хўжалиги аҳолининг асосий даромад манбаи бўлган. Бироқ сўнгги 10–15 йил ичида деҳқончилик пасайди. Ёзнинг иссиқ даврида ариқлардан келаётган сув кескин камайиб, кўп хонадонларга сув етиб бормай қолди. Натижада экинлар, айниқса, кўп йиллик мевали дарахтлар завол топди. Маҳалла аҳолиси бу қийинчиликдан чиқиш учун маҳалла этагидан оқиб ўтган чуқур сой ва яна бир анҳордан сувни насослар ёрдамида юқорига тортиб чиқишни амалга оширди. Дастур доирасида ҳар икки манбага қуёш панеллари билан ишлайдиган агрегатлар ўрнатилди. Сувсизликдан азият чеккан ариқларгача қувурлар тортиб берилди. Хайрли ишларнинг самараси шу йил ёзда сезилди: боғ ва томорқалар қайтадан яшнаб, қуриб қолган ўрик, олма ва бошқа дарахтлар янги ҳосил берди.
– Одамлар кўз ўнгида рўй бераётган бундай хайрли ишлар кўпчиликнинг қарашини ўзгартирди, – дейди меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Йўлчибоев. – Кўпни кўрган нуронийлар ва бир қатор тадбиркорлар кенгашиб, маҳалла ички йўлларини асфальтлашга киришди. Ўзига тўқ ишбилармонлар ва фаол фуқаролар ҳомийлигида уч миллиард сўмга яқин маблағ тўпланди. Ҳозирга келиб саккиз километрга яқин кўчалар асфальт билан қопланган. Энди ёғин-сочинли кунларда ҳам лойли кўчалардан азият чекмаймиз.
Шу ўринда мақсадли дастур шовонлик болаларга эсда қоларли туҳфа ҳам тақдим этди. “Юксалиш” кўчасида бўш турган жойда қурилган замонавий Workоut майдончаси жажжи фуқароларнинг энг севимли масканига айланди. Шовондаги янгиланишларга ҳамоҳанг йиғиндаги еттиликнинг фаоллиги ҳам кучайган. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ишлар кўлами ортиб бормоқда. Ҳудуднинг асосий драйвери ҳисобланган қўйчиликдан хонадонларга барака киряпти. 250 дан ортиқ фуқаро бу ишни оилавий бизнесга айлантирган. Иссиқхона хўжалиги, боғдорчиликни йўлга қўйганлар ҳисобига давлат нафақасига кўз тиккан хонадонлар камайди. Камбағаллик рўйхатидагилар йил бошидаги 48 тадан 17 тага тушди, 114 та мигрантнинг 38 таси уйига қайтиб, шу ернинг ўзида даромад топмоқда.
– Идорамиз замонавий иморатга эга бўлганидан жуда хурсандмиз, – дейди Ғайбулло Мамадалиев. – Еттита хона ва фаоллар залига эга бу иморатда еттиликнинг барча аъзолари ўз вазифаларини талаб даражасида бажариши учун етарли шароит муҳайё қилинган. Замонавий жиҳозланган заллар, офис хоналари ва имкониятли инфратузилма фаолиятни самарали ва эркин олиб бориш имконини беради. Келгусида эса ҳудудда қўйчиликни янада ривожлантириш, маҳаллада ишбилармонликни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда собиқ қишлоқ хўжалиги корхонасининг икки қаватли биноси ва унинг бир гектарлик майдони асосида кластер ташкил этиш ниятидамиз.
Бу лойиҳа маҳалладаги иш ўринлари ва даромад манбаларини кўпайтириш, фермер ва деҳқонларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шовонимизнинг ҳаётбахш ислоҳотлардаги иштироки бундан ҳам фаоллашади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг