Орзулари бир олам қиз

15:34 05 Сентябр 2025 Жамият
106 0

— Номаълум жой, бегона юрт, нотаниш одамлар. Мана шундай шароитда кимдир сизга “Ассалому алайкум, кунингиз хайрли бўлсин, янги жойга мослашиб қолдингизми,” деса борми, қувончдан нақ юрагингиз ёрилади. Данияга келган кунларим шундай бўлган. “Dairysoft” асосчиси Баҳодир ака Тиллабоев бошқа шогирдлари қатори менга ҳам видеоқўнғироқ билан чиққан. Биринчи куни овозимда бирор ўзгаришни сезган чоғи, далда берганлар: “Асло кўнгилни чўктирманг. Ҳаммаси яхши бўлади, муҳими сиз ҳақингиздаги меҳнаткаш, вазифасини яхши уддалайдиган қиз экан, дейишди. Демак, албатта, тез орада шу ерлик бўлиб қоласиз”. Шундай бўлди ҳам, — дейди Наргис Тургунова. — Амалиёт жараёнида европаликларни ўзимча қайта кашф этдим, улар менга устозлик қилишгани янада қувончли.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ветеринария профилактикаси ва даволаш факультети 4 -босқич талабаси Наргис Тургунова асли жиззахлик, Шароф Рашидов туманидаги Куёвбоши қишлоғидан. Ўзининг айтишича, отаси Баҳром Норматов муаллим, онаси Гавҳар Норматова эса шифокор. Сезилиб турибдики, у отасидан илмга чанқоқликни, онасидан эзгуликка ошно бўлишни юқтирган. Норматовлар оиласидан чиққан биринчи ветврач, амалиётини Жиззаху пойтахтда эмас, балки олис хорижда — Данияда ўтаётган ҳам у. Албатта, устози Баҳодир Тиллабоевнинг кўмаги билан.

— Болалигимдан китобга меҳр қўйганман, уй ҳайвонларига эътиборим бўлакча эди. Ҳовлимиздаги сигир-бузоқ, эчки-улоқ, ҳатто итлару мушукларни озиқлантириш ҳам менга завқ берарди. Ана шу қизиқиш туфайли мактабни битиргач ҳеч иккиланмай ҳужжатларимни Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига топширдим, — дейди Наргис Тургунова. — Ўқишга киргач сездимки, шу соҳани пухта эгаллашнинг ўзи катта ютуқ. Ветврач сифатида Европада ишлаш янада фойдали, ҳам пул топасан, ҳам малаканг ошади, ҳам саёҳат дегандек. Устозларимнинг бу маслаҳати менга қанот бағишлади. Шаҳардаги Регистон ўқув марказига қатнай бошладим. Мақсадим инглиз тилини мукаммал ўрганиш эди. Қолаверса, хорижий тилни пухта эгалламасдан туриб чет элни орзу қилма, дейишганди-да!

Наргис Тургунова амалиёт ўтаб ишлаётган ферма Брамминг шаҳри биқинида жойлашган баҳаво жой. Фермер Сиебгерт Беорсма жанобилари самимий инсон, чорвани яхши кўради. Шу боис фермадаги 850 бошдан ортиқ соғин сигирларнинг ҳар бири кунига 40-45 литргача сут беради. Сутнинг ўртача ёғлилик миқдори ҳам 3,5 – 4 фоизни ташкил қилади.

— Бу ферма мени мутахассис сифатида янада улғайтирди. Шу ерда кўп нарсани ўргандим, — дейди Наргис Тургунова. — Данияликлар мутахассис қатори ишчининг малакали бўлишига жиддий эътибор беради. Мен фермага борган куним бирқанча синовлардан ўтдим. Касал молларни подадан қандай ажратиш, уларни қандай ва қай тартибда сақлаш, мутахассис айтган тавсияларни ўз вақтида сўзсиз бажариш кўникмалари, барча-барчасини билиш керак. Фермада ўтказилган осеминаторлар семинарида иштирок этиб, сертификат олдим. Шу сафарим давомида Парижни, Белгиядаги гўзал шаҳарларни томоша қилдим. Иш жараёнидаги тиришқоқлик, самимий муносабат кучимга-куч қўшди. Фермер бошлиқ чорвадорлар оиласининг том маънода аъзосига айландим. Шу сабабли Сиебгерт Беорсма жанобларининг дўсти мени Қозоғистонда янгидан очилаётган фермасига ишга таклиф қилди. Бундан беҳад хурсандман. Чунки мен учун Дания —Қозоғистон қўшма корхонаси тарзида иш бошлайдиган фермага ишга кириш келгусида она қишлоғимда ҳам шундай юқори технологиялар билан жиҳозланган чорвачилик мажмуасини яратишимга туртки беради. Айни чоғда орзулар қанотида учяпман, юрагимда минг бир ниятлар.

Абдунаби Алиқулов

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?