Она юртинг омон бўлса...

Илгари чиройли турмуш, катта маблағ фақат хорижда бўлади, деб ўйлардим. Шу боис вояга етдиму ишлаш учун чет элга йўл олдим. Бегона юртда меҳнат қилиб, пул топишнинг ўзи бўлмаскан. Сабаби, яхши, даромадли иш ўзларидан ортмайди. Мендек мусофирлар арзон ва оғир меҳнатга жалб қилинади. Шунда ҳам ҳужжат ишлари, ижара ҳақи, тирикчиликдан ортиб уйга юборган пулингни тўплашнинг имкони йўқ. Ўзга юртда кўп пул топган пайтларим бўлди. Бироқ оилангдан олисдаги ҳаёт барибир қийин. Ҳар қанча бой бўлиб кетсанг ҳам уйингдан ташқарида ҳеч ким эмассан. Айниқса, ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо ҳимоясиз қолган пайтларинг қадрингга йиғлагинг келади...
Шундай кунларнинг бирида маҳалламиз ёшлар етакчиси қўнғироқ қилиб қолди. Республикамизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятларини ташкил этишда амалий ёрдам бериш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Бу ҳақида ижтимоий тармоқда ҳам ўқигандим. Бироқ, касби-корим бўлмагани боис бу ғамхўрликларга алоқадор бўлмасам керак, деб ўйлардим. Ёшлар етакчиси уйга қайтишимни, 15 сотих ер майдонида деҳқончилик билан шуғулланиб ҳам мўмайгина даромад олишим мумкинлигини айтди. Тўғриси, аввалига роса иккиландим. Сабаби, томорқачиликдан хабарим бўлмаса, ерга уруғни қадаганинг билан ўзидан-ўзи бўлиб қолмайди, бунгаям билим, тажриба керак. Ёшлар етакчиси ҳаммаси ўзлари ўргатишини айтди.
Қаранга, қандай замонлар келди. Масъуллар ўзлари даромад олишга ўргатиб, бунинг учун шароит яратиб беришсая! Мендан меҳнат қилиш қоляпти, холос. Шу яхши турмушни деб мусофирчиликнинг барча машаққатларига чидадимку! Вақтни бой бермай Андижонга қайтдим. Маҳалла фуқаролар йиғинига учрадим. Улар томонидан ажратилган 15 сотих ер майдонида иш бошладим. Қайси экиндан қанча даромад олиш мумкинлигини, агротехник қоидаларини бажариш юзасидан кўрсатмалар беришди. Шундан сўнг помидор экиб, астойдил ишга киришдим.
Осон ишнинг ўзи йўқ! Экинни парваришлашда хато қилиб қўймаслик учун қўлланмалардан фойдаландим, ижтимоий тармоқлардаги дарсликлардан сабоқ олдим. Самараси яхши бўлди, шу йили 20 миллион сўм даромад олдим. Бўшаган майдонга пиёз экдим. Тез кунда ҳосил уяман. Маҳаллий бозор шароитидан келиб чиқиб пиёздан 40-50 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқдаман. Илк даромадим ҳисобидан скутер сотиб олдим. Бу билан машаққатим анча ариди. Ахир, далага ҳам пиёда бориб-келаётгандим-да. Тез орада автомобиль сотиб олиш ниятидаман.
Ишнинг кўзини билган одамга ҳар қандай машаққат осон енгиларкан. Даладан ортиниб уй ишларини бажардим. 10 сотихдан иборат ҳовлимдаги томорқага картошка, бодринг, помидор экдим. Ҳосил бирин-кетин бўй кўрсатмоқда. Ҳамма нарса уйингда етилиб турса бозордан харид қилишга ҳам ҳожат қолмаскан. Қолаверса, бир бош сигир парваришлаяпман. Далада ўт сероблиги учун озуқаси текинга тушяпти. Эртанги кунимдан кўнглим тўқ! Бу ҳам бўлса давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга берган имконияти ва ишончи маҳсулидир.
Ҳусниддин ЖАЛИЛОВ,
Қўрғонтепа тумани.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг