Омон Матжон боғи

12:36 28 Октябр 2021 Маданият
770 0

2020 йилнинг 29 октябри эрта тонгда телефоним жиринглади... Унинг тугмачасини босдим. Телефондан Омон Матжоннинг катта ўғли Диёрбекнинг саломлашган овози келди. Кейин бир фурсат орага оғир сукунат чўкди. Нохуш сассиз ҳолатдан сўнг “Кеча тунда адамни Оллоҳнинг паноҳига топширдик”, деган сўзлари эшитилди. Қулоқларимга ишонмадим. Ишониш ҳам қийин эди. Ахир яқинда телефонлашган, учрашган, дилдан суҳбатлашган одамнинг энди орамизда йўқлигини дабдурустдан тасавур қилиш қийин эди. Лекин Ҳақнинг ишига чора йўқ. Ундан кўнгил сўрадим. Шу куни меҳридарё инсон, ниҳоятда яқин акам, атоқли ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон Тошкентнинг шарқий уфқида жойлашган Олмос ота қабристонига ҳаётда умр йўлдоши бўлган Масъуда Матжонова ёнига дафн қилинди.

Сир эмас, ўтган йил инсоният ҳаётида оғир йил сифатида тарихга муҳрланди. Тождор вирус деб аталган кўзга кўринмас ёв ер юзида миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди. Мамлакатимиз аҳолиси ҳам ана шу пандемия азобларини бошидан кечирди. Халқимиз орасидан етук давлат ва жамоат арбоблари, атоқли ижодкорлар, санъаткорлар, олимлар, зиёлилардан баъзилари ва бошқа яна қанча инсонлар ана шу касаллик туфайли ҳаёт билан видолашдилар.

Матжоновлар оиласи учун ҳам 2020 йилнинг кузи оғир келди. Октябрь ойининг бошларида Омон аканинг Самарқанд шаҳрида яшайдиган акаси, санъаткор ва умрини илму маърифатга бағишлаган зиёли инсон Зариф Матжонов салкам 90 ёшида вафот этди. Ўша пайтларда Омон ака Тошкентдаги иккинчи стационарда тождор вирус ва бошқа касалликлар келтириб чиқарган хасталикдан даволанаётган эди. Шунинг учун яқинлари аканинг ўлимини укага билдиришмайди. Ўша кунларнинг бирида касалхонага кириш, кўришиш тақиқлангани учун Омон акага телефон қилиб аҳвол сўрадим. Овози хийла паст, дардчил эди. Кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб, ҳали соғайиб кетасиз, деб далда бердим.

У сўзимни эшитиб бўлгач, ҳазин оҳангда “Яқинда туш кўрдим, тушимда онам билан бирга юрганмишман (У кишининг онаси ёшлигида вафот этган). Бу ниманинг аломати экан, билмадим. Сендан бир илтимос, негадир акам телефон ҳам қилмайди, телефонимга ҳам жавоб бермайди. У киши билан бир боғлангин, саломатлигини билиб, саломимни етказгин,” деди. Мен унинг бу илтимосини бажара олмадим.

Иккинчи станционарда Омон ака биринчи қаватда, унинг турмуш ўртоғи Масъуда опа иккинчи қаватда тождор вирусдан даволанаётган эди. 23 октябрда докторлар у киши соғайганлиги учун уйига қайтишга рухсат беришади. Аммо у киши уйга келгач, бир кундан кейин вирус асорати туфайли вафот этади. Табиийки, фарзандлар онасининг ўлими ҳақидаги хабарни Омон аканинг хасталиги янада кучаймасин, деган ниятда билдиришмайди. Омон ака Қуръони каримни ва ундаги “Ёсин” сурасини имом-хатибларга, қориларга ўқитиб тинглашни ниҳоятда хуш кўрарди. Ўлимидан уч-тўрт кун олдин фарзандларидан имом-хатиблардан бирини олдириб, ҳузурида “Ёсин” ўқитишни илтимос қилади. “Ёсин” ўқилгач, имом-хатибдан бу сурани иккинчи қаватда ётган турмуш ўртоғи Масъуда опа ҳузурида ҳам ўқишни сўрайди. Бу гал “Ёсин”ни эшитиш Масъуда опага насиб қилмайди...

Шу ворқеаларни бўлиб ўтганига ҳам, мана, бир йил бўлибди. Омон аканинг орамизда йўқлигига ҳамон кўниколмайман. У гўё биз билан ҳамнафас юргандек, ёнимизда туриб “Қалай, дунё тинчми, дўстлар саломатми?” деб тургандек туюлаверади. Бундай пайтда у билан боғлиқ воқеаларни хотирага айлантириш, дилтортар суҳбатларимизни “бўлган эди” деб эслаш осон кечмайди. Лекин начора? Ахир ўтганларни эсламоқ, хотираларини ёдга олмоқдан бошқа чорамиз борми?! Бизнинг вазифамиз сафдошларимизни унутмоқ эмас, хотиралари билан яшамоқ эмасми?!

Омон Матжон нозик дидли, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан чуқур фалсафий хулосалар чиқара оладиган, воқеликни теран англайдиган ҳассос шоир эди. У ҳаётда ҳамма нарсани бекаму кўст кўришга интиларди, гўзалликни, адолатни, ҳақиқатни улуғларди. Инсон бу чексиз оламда кечадиган лаҳзалик ҳаётида ўзидан эзгу ишларни, эзгу амалларни мерос қолдириб кетиши керак, деган ғоя билан яшарди. Шунинг учун шеъриятида эзгуликларни улуғлаш ғояси ҳамиша устувор бўлиб келган.

Унинг қалбида доимо тарихимизга буюк ошуфталик бор эди. Тарихни ўрганмасдан туриб бугунги англаб бўлмайди, бугунсиз эса келажак йўқ, деган фикр ҳар бир асарининг марказида турарди. У учликларидан бирида

Учрашувимизга яқин қолди,

Ўтмиш, бугун билан юзма-юз

Шундоқ келажакнинг ёнгинасида,

деб ёзиши ҳам бежиз эмасди.

Шоирнинг қалбидаги барча орзулар, ўйлар, эзгу мақсадлар, армонлар, туғёнлар “Очиқ деразалар”, “Карвон қўнғироғи”, “Ёнаётган дарахт”, “Ярадор чақмоқ”, “Қуёш соати”, “Ҳаққуш қичқириғи”, “Сени яхши кўраман”, “Эл бирла бўл”, “Дийдор азиз” китобларида, “Тўғон”, “Паҳлавон Маҳмуд”, “Абу Райҳон Беруний” драматик достонларида, “Шайх Нажмиддин Кубро” тарихий фожиаси, “Тўрабекхоним” қиссаси, “Минг бир ёғду” деб аталган Алишер Навоийнинг “Хамса”си асосида яратилган битикларида, хорижий кўплаб ижодкорлар асарларидан таржималарида яққол кўзга ташланади.

Омон ака нафақат адабий-бадиий жараёнда, балки ижтимоий ҳаётда ҳам фаол эди. Унинг шоирона қалбидаги эзгуликлар ҳаётий аъмолларида ҳам бўй кўрсатиб турарди. Эндиликда хотира баҳона шоирнинг ана шу эзгу ишларидан баъзиларини эслаб ўтишни ният қилдим.

Омон Матжон Самарқанд Давлат университетини тугатгач ўтган асрнинг 70-йиллари бошида Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида назм бўлимида фаолиятини бошлади. Кейин шу бўлимга мудир бўлди. Айнан ўша йилларда унинг ташаббуси билан нашриётда “Шоирнинг биринчи китоби” деган туркум ташкил этилди. Бундай туркумни ташкил этиш осон бўлмайди. Нашриётда “Шоирларнинг китобларини нашр этиш кўпайиб кетди”, деган баҳона билан бу ишга тўсқинлик қилувчилар ҳам бўлади. Шу туркумда яхши китоблар чиқса, мақтов нашриёт шаънига айтилади, ўртамиёна китобларнинг танқиди эса Омон Матжонга тегади. Энг муҳими, шу туркумда ўша йиллари бир неча ўнлаб шоирларнинг илк шеърий тўпламлари китобхонлар қўлига етиб боради. Ёш ижодкорларга ижод йўли очилади. Бошланган хайрли иш ўз мевасини берди: ана шу туркумда шеърлари чиққан шоирларнинг деярли ҳаммаси эндиликда адабиётимизнинг етук вакилларига айланди. Лекин Омон акадан бирор даврада “Мен ана шу ишни қилганман”, деган сўзни эшитган эмасман.

Ўша йиллари Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида яна бир хайрли иш амалга оширилди. Буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг кўп жидликларини нашр этиш йўлга қўйилди. Бу жилдликларни тайёрлаш учун кўплаб навоийшунос олимлар ишга жалб қилинди. Яна бир навоийшунос олим нашриётнинг ўзига ҳам керак эди. Омон ака бу ишга Самарқанд Давлат университетида фаолият юритаётган адабиётшунос олим Асқарали Шароповни таклиф қилди. Асқарали Шаропов ўз ишига пухта, Алишер Навоий асарлари матнини яхши биладиган олим эди.

Улуғ шоир асарлари тўла нашр этилди. Шоирнинг ташаббуси билан “Хамса”даги достонларнинг насрий баёни ҳам чоп қилинди. Айни пайтда, Алишер Навоийнинг бошқа асарларининг ҳам насрий талқини нашр этилиши режалаштирилди. Аммо Асқарали Шароповнинг вафоти, Омон Матжоннинг бошқа ишга ўтказилиши муносабати билан бу режа амалга ошмади. Омон ака бу ишнинг амалга ошмаганидан кейинчалик кўп ўкинди. Лекин ўша йилларда Алишер Навоий асарларини чоп қилиш асносида туғилган фикр-мулоҳазалар, ундан ўрганишлар асосида кейинчалик “Минг бир ёғду” деб номланган асари пайдо бўлди. “Минг бир ёғду” Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” асарини ўқиш, ўрганиш давомида Омон Матжон қалбидаги ҳайратлар, ҳаяжонлар ва бу ҳаяжонлар, ҳайратларнинг шоир дилидаги назмий ифодаси эди. “Ҳайрат ул-аброр” бутун инсоният учун барча замонларда хизмат қиладиган ҳаёт фалсафасининг бетимсол ифодасидир”, дерди шоир. Шу сабабли “Ҳайрат ул-аброр” унинг доимий ҳамроҳига айланганди.

Омон Матжон муҳаррир сифатида янгиликлар яратишни “Чўлпон” нашриётига раҳбар бўлиб келганидан кейин ҳам давом эттирди. Бир гуруҳ ижодкорларни, тарихчиларни, олимларни йиғиб, халқимизнинг ва туркий элларнинг қадим маънавий бойликлари бўлган “Авесто”, “Қўрқут ота”, “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Манас” каби кўплаб асарлар ҳақида ҳам катталарбоп, ҳам болаларбоп тарихий ҳикоялар яратиш, қадим шаҳарлар кечмиши ва бунёдкорлиги билан боғлиқ адабий-бадиий рисолалар битиш, миллий қаҳрамонларимиз, буюк шахслар ҳаёти, фаолияти хусусида кичик ҳажмда, лекин қизиқарли илмий-оммабоп тадқиқотлар ёзиш масалаларини ўртага қўйди. Булар болалар учун чинакам тарих ва тарих сабоқлари бўлиши керак эди.

Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. “Чўлпон” нашриётида юқорида айтилган йўналишларда “Қизиқарли тарих” туркумида китоблар нашр этилди. Шу китоблардан биттаси ҳақида тўхталсак, кўзланган мақсад кўлами улуғворлиги яққол намоён бўлади. Нашриётда тарихчи олим Тоҳир Каримовнинг “Муқаддас “Авесто” изидан” деб аталган китоби чоп қилинди. Маълумки, халқимиз тарихининг ва китобот санъатининг илк намунаси ҳисобланган “Авесто” асари ҳақида мустақилликдан илгари деярли маълумот берилмас эди. Истиқлолдан кейин бу асар хусусида, унинг тарихи ҳақида илмий жамоатчилик орасида сўз юритила бошланди. Асарнинг ўзбек тилига таржимаси пайдо бўлди. 2001 йилда “Авесто” асари яратилганлигининг 2700 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди ва Урганч шаҳрида майдон ташкил этилиб, маҳобатли ёдгорлик ўрнатилди. Буларнинг ҳаммаси ушбу китоб хусусида, унинг тарихи, аҳамияти, мерос сифатида қадр-қиммати тўғрисида халқимиз, хусусан, ёшлар, болалар учун қизиқарли китоб яратишни ҳаётий заруратга айлантирди. Ҳақиқатан ҳам, китоб ниҳоятда қизиқарли йўсинда, аниқ маълумотлар асосида битилган. У ҳаммабоп бўлиши учун ҳам кирилл, ҳам лотин алифболарида нашр қилинган. Умуман айтганда, Омон Матжон бошлаб берган ташаббус ўзини оқлади. Шу сабабли китоб муаллифи асарнинг ёзилиши ғоясидан тортиб,унинг китобхонлар қўлига етиб боришигача барча ташкилий ишлари учун Омон Матжонга, “Чўлпон” нашриёти жамоасига самимий миннатдорлик билдиради. Ўша пайтда нашриётда унинг имзоси билан чиқарилган ҳар бир китоб ана шундай тарихий заруратлар натижасида, китобхонлар талаблари асосида чоп этилган.

Ташқаридан қараганда жуда сокин, мулойим, дунёда ташвиши йўқ одамдай кўринадиган Омон ака юрт учун, халқ учун астойдил жон куйдирадиган инсонлар тоифасидан эди. У ҳаётда рўй берган бирор воқеага бефарқ қарамасди, ютуқ ва камчиликлар ёнидан бефарқ ўтиб кетмасди, кетолмасди. Унинг болалик, ёшлик даври Хоразм вилояти, Янгибозор туманидаги Боғолон қишлоғида ўтган. Мен у билан қишлоқдошман. У қачон қишлоққа борса, ютуқлардан қувониб, камчиликлардан эса ранжиб қайтарди. Бу қувонч ва ранжишлар пайти келиб, умумлашган ҳолда шеърларида аксини топарди.

Қишлоғимизда боғлар кўп бўлгани учун шундай аталган. Лекин ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида шўролар раҳнамолари буйруғи билан боғлар йўқ қилиниб, ўрнига пахта экилди. Омон ака бир гал қишлоққа бориб, хафа бўлиб қайтди. Қишлоқдан келгач ундан хол сўраш учун уйига бордим.

— Қишлоқ номини ўзгартирамиз, — деди у дабдурустдан.

— Нимага? — ҳайрон бўлдим.

— Боғи йўқ қишлоқни Боғолон деб атаб бўлмайди, шунинг учун номини “Пахтазор” қўямиз...

Бу хусусда бошқа гаплашмадик. Орадан бир йил ўтганидан кейин қишлоғимиз ҳудудидаги колхозга Омон аканинг синфдош дўсти Солий Ҳайитбоев раис қилиб сайланди.

Омон ака қишлоққа яна бир марта бориб келди. Бу гал шашти бошқачароқ, дадилроқ эди. Эрта баҳорда раис дўсти билан Андижонга йўл олди. Андижондан бир миллион тупдан ортиқ сархил мева қиладиган дарахт кўчатларини Боғолонга олиб келишди. Салкам 100 гектар ерда боғ яратишди. Қолган кўчатларни боғолонликларга тарқатишди. Орадан икки йил ўтиб, яна шундай бир боғ барпо этилди. Боғолон ўз номига муносиб бўла бошлади.

Ўша пайтларда шўролар давлатининг маркази Ўзбекистондан фақат пахта талаб қилиб турган жараёнда пахтазор ўрнига боғ барпо этиш ниҳоятда қийин иш эди. Бу ишни раис ҳам, шоир ҳам ҳаётларини ўртага қўйиб амалга оширган эдилар, десак муболаға бўлмайди. Орадан 4-5 йил ўтиб Хоразмда боғлар барпо этишга астойдил киришилди. Ҳар бир туманда ўнлаб боғлар яратилди. Булар аслида Омон ака ва Солий ака бошлаб берган ташаббуснинг давоми эди.

Эндиликда ўша боғ яна ҳам кенгайиб, яна ҳам улғайиб гўзал масканга айланди. Бу ерда боғолонликларнинг юзлаб оила вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланиб, оила тебратишмоқда. Ўша пайтда боғнинг номини “Ёшлик” деб аташган эди. Лекин боғолонликлар унга ҳақиқий номни беришди. У “Омон Матжон боғи” деб юритилади.

Омон ака билан туғилиб ўсган юртимиз Хоразмга кўп марта бирга борганмиз. Гоҳ тўй, марака, гоҳ анжуман, йиғилиш дегандек. Эсласам, шоир билан охирги сафаримиз 2019 йилда бўлган экан. Дастлаб зиёратгоҳларга бордик, дўстларни, яқинларни йўқладик. Кейин Урганч шаҳрини айландик.

Шаҳарнинг янги бунёд этилган даҳаларини, кўчаларини, хиёбонлари, майдонларини кўрдик. Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Жалолиддин Мангуберди, Абулғози Баҳодирхон, Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳайкалларини зиёрат қилдик. Урганч Давлат университетининг янги биноларидан кўзимиз яйради. Шаҳар бўйлаб сайримиз аэропорт яқинидаги Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий ва Абу Райҳон Беруний боғларида якунига етди.

— Хоразм илму маърифат, ижод аҳли ўлкаси. Бу ерда қанча алломалар ўтган, қанча шоирлар қалам тебратган. Санъаткорлар бу юртнинг довруғини оламга таратган. Мана, биргина Урганч шаҳрининг ўзида улардан қанчаси улуғланиб, кўчалар, майдонлар, хиёбонларга номлари қўйилган. Бу улуғ иш. Лекин менинг бир армоним, орзуим бор. Қани, энди шаҳарнинг мана шу ал-Хоразмий боғида ниҳоятда муҳташам қилиб илм-фан, адабиёт ва санъат музейи очилса, унга барча хоразмийлар, хивақийлар, гурганжийлар, котийлар, хазораспийлар, маъмунийлар, замахшарийлар ва яна минг-минглаб улуғ инсонларнинг номлари битилса, асарлари қўйилса, бу юртга келган ҳар қандай одам улар ҳақидаги ҳикояларни тинглабгина қолмай, тарих билан юзлашса, нур устига аъло нур бўларди!..

Омон Матжоннинг бундай орзулари, армонлари кўп эди. Музей барпо этиш ҳақидаги орзуси шулардан бири эди.

Ҳа, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг орамиздан кетганига бир йил бўлибди. Бир йилда ҳаётимизда қанча ўзгаришлар, қанча янгиланишлар рўй берди. Шаҳарлар, қишлоқлар қиёфалари ўзгарди, катта бунёдкорликлар амалга оширилди. Халқимиз, миллатимиз қалбида янгиланишлар бўй кўрсатмоқда. Буларнинг ҳаммаси минглаб, миллионлаб нигоҳлар кўз ўнгида амалга оширилмоқда., улар ҳақида айтилмоқда, ёзилмоқда. Лекин, менинг назаримда, ана шу нигоҳлар орасида яна бир нигоҳ — Омон Матжон нигоҳи, атоқли шоир қалби ва сўзи етишмаётгандек. Агар у ҳаёт бўлганида яна қанча ишларни амалга оширади, яна қанча шеърлар китоблар саҳифаларига битиларди... Армонларнинг чеки йўқ. Нима бўлмасин, у халқи учун ўзидан яхши ном қолдириб кетди.

Шоирнинг “Қуёш соати” китобида шундай сўзлар бор: “Хоразмда тоғлар йўқ эмас, бор. Хоразм тоғлари воҳани тонгда қуёшдан тўсиб қўймаслик учун одамлар қиёфасида яшашади!

— Хоразмий, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Ҳожихон...” Менинг назаримда, улар ёнида одам қиёфасидаги яна бир тоғ пайдо бўлди — унинг номи Омон Матжондир!

Камол Матёқубов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?