“Омбудсман мактаби” лойиҳасига старт берилди

01:30 01 Июнь 2022 Жамият
1493 0

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Бухоро вилоятининг Вобкент туманида фуқаролар учун тадбир ташкил этилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман институти томонидан мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад –аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат.

Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган илк тадбир соғлиқни сақлаш соҳасига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова фуқароларга соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, аҳолига яратилган қулайликлар ва имтиёзлар, фуқароларнинг кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда соҳада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Нодира Эгамбердиеванинг “Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини оширишда гендер тенглик ва оила масалаларининг аҳамияти: яратилаётган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар” мавзусидаги чиқиши орқали фойдали маълумотларга эга бўлишди.

Шундан сўнг, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова фуқароларга мурожаатлар билан ишлаш ва ёпиқ муассасаларга амалга ошираётган мониторинг ташрифлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Омбудсман минтақавий вакилига мурожаат қилиш усулларига ҳам тўхталди.

Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда навбатдаги Омбудсман мактабларида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича ҳам таклифлар олинди.

Шу куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва унинг Бухородаги минтақавий вакили иштирокида фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди.

Тадбирда сўз олган маҳалла раислари ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, бу каби тадбирларни ўтказишда Омбудсман институти билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер