Олотда “Соҳил бўйи” дам олиш маскани барпо этилмоқда

14:00 18 Февраль 2026 Жамият
223 0

Бухоро вилоятида “Соҳил бўйи” аҳоли дам олиш масканлари яна биттага кўпаяди. Олот туманидаги ҳам шундай хушманзара гўша барпо этилмоқда.Бу лойиҳа “Аму – Қоракўл” канали бўйида амалга оширилаяпти.

-Ёзи ўта иссиқ келадиган, ҳудудининг асосий қисми чўлу биёбонлардан иборат воҳамизда бундай дам олиш масканларига эҳтиёж катта,- дейди меҳнат фахрийси Г. Рўзиева.- Салқин сув бўйида турли хизматлардан баҳраманд бўлиб оилавий дам олганга нима етсин? Биз, олотликлар “Соҳил бўйи” дам олиш масканининг барпо этилаётганидан жуда мамнунмиз.

Маскан ҳудуди канал бўйлаб салкам ярим километрни ташкил этади. Лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард сўм. Бу ерда замонавий инфратузилма объектлари, савдо шохобчалари, кўнгилочар гўшалар қад ростламоқда. Аҳолининг мириқиб ҳордиқ чиқариши, шунингдек, сайллар уюштириш учун зарур қулайликлар яратиляпти. Табиийки, шу жараёнда тадбиркорлик ҳам ривожланади, ўнлаб янги иш ўринлари юзага келади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятнинг Ғиждувон, Бухоро туманларида ҳам ҳудуд жозибадорлигини ошириш, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун “Соҳил бўйи” дам олиш масканлари барпо этилаяпти.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?