Олдингдан оққан сув қадри

16:44 14 Май 2025 Жамият
112 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Бугун ер юзи аҳолисининг ҳар тўртинчиси тоза ичимлик сувига муҳтожликни ҳис этиб яшамоқда. Яна шунчаси санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган обиҳаётдан истеъмол қилишга мажбур. Қўшиб ҳисоблаганимизда сайёрамизнинг 4,5 миллиардга яқин аҳолиси чучук сув муаммосидан азият чекмоқда. Мутахассисларнинг фикрича сув танқислиги бундан буён ошса ошадики, асло камаймайди. У аллақачон босим қуролига айланганини бугунги кун нотинчликлари яққол кўрсатиб турибди.

Сув танқислиги муаммоси Марказий Осиё минтақасига ҳам дахлдор. Чунончи, мамлакатимизда ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Биргина Навоий вилояти мисолида оладиган бўлсак, 2017 йил бошларида ҳудуд аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 68,2 фоизни ташкил этарди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 85 фоиздан ошган бўлсада, Хатирчида аҳолининг 40, Қизилтепада 60 фоизга яқини тоза ичимлик суви билан таъминланган. Кармана, Навбаҳор ва Конимех туманларининг айрим ҳудудларида график асосида ичимлик суви етказиб беришда ҳамон муаммолар мавжуд. Олис чўл ҳудудларида аҳолининг сийрак жойлашганлигигина муаммони бўрттириб юбормай турибди. Қишлоқ хўжалиги учун экин сувларига эҳтиёж ҳам йилдан йилга ошиб, мазкур ҳолатлар табиатнинг бебаҳо неъматидан тежамкорлик билан фойдаланишни тақозо этмоқда.

Ушбу масалада холисона муносабат билдирадиган бўлсак, сувдан оқилона фойдаланишда яқин-яқингача самарали бирор-бир тадбир амалга оширилмаганлигини қайд этиш жоиз. Фақат 2018 йил 27 декабрида Президентимизнинг «Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилингачгина сув исрофининг олдини олишда ижобий лойиҳалар амалга оширила бошланди. Ушбу қарор асосида экин-тикинда томчилатиб суғоришни жорий этиш шарти билан артезиан қудуқлар қуришга рухсат берилиб, уларни субсидия орқали билан рағбатлантириш йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад ер ости чучук сувлари захирасини сақлаб қолишдир.

— Ҳовлимиздаги мана шу қудуққа олтмиш йилдан ошди, — дейди Нурота шаҳридаги Э. Судур МФЙда истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Акмал Отабоев. — Бошланишида 12 метрдан сув берарди. Ҳозир чуқурлиги эллик метрдан ошган, бир қатра суви йўқ. Йигирма-йигирма беш йил аввал бир ойда икки марта Чашманинг сувидан ҳовлидаги дов-дарахтни суғориб турардик. Чашмаям тортилиб, ҳаммаси қуриб қолди.

Ер ости сувлари захирасининг тортилиши фақат Нурота шаҳри ёки унинг атрофидаги қишлоқларгагина тегишли эмас. Шунингдек, ер ости сув сатҳининг пасайишида улардан анъанавий усулда пала-партиш фойдаланиш билан бирга ҳудудларда кончилик ишлари учун қудуқлар қазилишининг ҳам ўз таъсири бор.

— Анъанавий усулда бир гектар ерни суғоришга сарфланган сув билан ўша ерни бир мавсум давомида суғоришни ўз тажрибамда кўрганман, — дейди фермер Улуғбек Саъдуллаев. — Томчилатиб суғоришда биринчидан сув сарфида маблағ иқтисод қилинса, иккинчидан минерал ўғитлар исроф бўлишининг олди олинади. Учинчидан ер ости сувлари билан тўғридан-тўғри суғориш тупроқ ва сув ўртасидаги ҳарорат тафовути сабаб турли касалланишларга олиб келади. Томчилатиб суғоришда бундай хавф кескин камаяди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги кейинги лойиҳалар тақдири эндиликда томорқа эгалари ва фермерларимизга ҳам бевосита боғлиқ. Зеро, БМТ экспертларининг қайд этишича, айни вақтда дунёдаги мавжуд чучук сувнинг 99 фоизи ер ости сувлари ҳисобланади. Дунё аҳолиси истеъмол қилаётган тоза ичимлик сувининг ярми, суғориш учун ишлатилаётганларининг 25 фоиз унинг ҳиссасига тўғри келади. Навоий вилоятида деҳқончилик учун ишлатилаётган сувларнинг 90 фоизга яқинини чучук сув ташкил этади. Улар Зарафшон дарёси ва Аму Бухоро каналлари орқали қўшни мамлакатлардан келади. Яқин келажакда сув эҳтиёжининг камида 25 фоизга ошиши башорат қилинмоқда. Кези келганда таъкидлаш жоиз, деҳқончилик қишлоқ жойларида аҳолининг асосий даромад манбаи экан бунда тақиқлаш каби чоралар масалага ечим бўлолмайди. Шу сабаб мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 12 декабрдаги «Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2026 йил 1 мартга қадар халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилган ҳолда Учқудуқ туманидаги Мингбулоқ сув иншоотида қўшимча сув сақлаш резервуарлари қуриш, Хатирчи тумани Майдонсой маҳалласидаги сой ўзанида сел сувларини йиғиш учун Майдонсой сел сув омбори қуриш, Нурота тумани Сентоб маҳалласидаги сой ўзанида сел сувларини йиғиш учун Сентобсой сел сув омборини қуриш вазифалари белгиланган.

Албатта, ушбу лойиҳалар каттагина маблағ талаб этади. Ҳудудда деҳқончилик ва ичимлик учун чучук сув масаласига батамом ечим бўла олмайди. Қолгани аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятига боғлиқ. Зотан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш уларнинг келажак авлодга етишини таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда сув оқиб кетаверади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?