ОКМКда йиллик режалар уддаланмоқда

16:21 23 Ноябрь 2022 Жамият
238 0

Фото: Халқ сўзи

Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги корхоналар 2022 йил учун белгиланган йиллик режа топшириқларини изчиллик билан уддаламоқда. Бу ютуқларда, албатта, оддий ишчи-хизматчилар, муҳандис-техник ходимлар, руда қазиб олиш конлари, бойитиш фабрикалари жамоаларининг беқиёс ҳиссаси бор.

Комбинатда кейинги йилларда олиб борилаётган модернизация ва янгиланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлаш натижалари кўзга ташлана бошлади.

«Қалмоққир» кон бошқармасининг «Сариқ Чўққи» конида меҳнат қилаётган фидойилар жорий йилнинг 15 ноябрь кунида руда қазиб олиш йиллик режасини муддатидан олдин бажаришга эришди.

— Кўп миллатли жамоамизнинг аҳиллиги ва уддабуронлиги туфайли ишлаб чиқаришда юқори натижалар қайд этилмоқда. Жорий йил бошидан ноябрь ойининг биринчи ярмигача 4 миллион 800 минг тонна руда қазиб олишга эришдик. Бу йиллик режада белгиланган вазифаларни бажаришимизга асос бўлди. Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида 2 миллион 846 минг метр куб ҳажмидаги тоғ жинси қазиб олиниб, бу борадаги йиллик режа ҳам уддаланди, — дейди карьер бошлиғи Абдумўмин Сапаров. — Меҳнат жамоамиз бундан ташқари устки қатлам режаси бўйича ҳам яхши натижаларни қўлга киритди.

Юқорида қайд этганимиздек, бугун комбинат таркибидаги барча конларда иш қизғин, йиллик режалар уддаланиб, қўшимча ютуқлар сари одимланмоқда. Жумладан, ОКМКнинг Сурхон воҳасида жойлашган «Хондиза» кон бошқармасидан хушхабар олинди. Аслида бу меҳнат жамоаси қатор йиллардан буён илғорликни қўлдан бермай келаётир.

— Ишчиларимиз жорий йил октябрь ойининг дастлабки кунларидаёқ концентратда мис металл ишлаб чиқариш йиллик режасини бажиришганди, — дейди «Хондиза» кон бошқармаси директори Ботир Хужамуратов. — Жорий йил режаси бўйича концентратда 1545,6 тонна мис металл ишлаб чиқариш вазифаси зиммамизга юклатилганди. Ўтган 9 ой натижаларининг ўзиёқ ишлаб чиқариш жараёни жадаллик билан илдамланганини кўрсатди. 1 октябрь куни йиллик топшириқни муддатидан олдин бажаришга эришдик. Меҳнат жамоамиз эришаётган ютуқлар бу билан чегараланмайди. Кон бойитувчиларимиз концентратда рух металл ишлаб чиқариш борасида ҳам пешқадам.

ОКМКда олиб борилаётган ислоҳотлар, оқилона бошқарув тизими шакллангани, ҳар бир ишчи-хизматчи ва муҳандис-техник ходимнинг ўз вазифасига сидқидилдан ёндашуви, борча корхона ва конларда ишлаб чиқариш режимига қатъий амал қилинаётгани салмоқли ютуқларга асос бўлмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?